ИМОН НИМА?
62

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Бизларни ўзига имон келтиришга мушарраф қилган ва неъматини батамом қилиб, Исломни дин деб рози бўлган Аллоҳ таолога, у Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Бизларга оламларнинг Роббидан Ислом ва имон ҳақидаги таълимотларни етказган ва шахсий наъмуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Имоннинг луғавий маъноси “тасдиқ қилиш, ишонишдир”. Бирор киши ўзидан бошқани хабар берган нарсаларида тасдиқласа, у киши луғатда, унга ишонувчи, деб номланади.
Шаръий маъноси эса қуйида зикр қилинган нарсаларга қатъий ишониш:
- Барча нарсани яратган Аллоҳ таолонинг борлигига, унинг ягона ва шериксиз зот эканига имон келтириш;
- Аллоҳ таолонинг фаришталар дея аталмиш махлуқлари борлигига, улар Аллоҳнинг буйруғига осийлик қилмай, буюрилган нарсаларни бекаму кўст бажарадиган ва шу туфайли ҳурматга сазовор бўлган улуғ бандалар эканлигига, уларнинг Аллоҳ томонидан нурдан яратилгани, еб-ичиш, эркаклик, аёллик, насл қолдириб кўпайиш каби сифатларга эга бўлмаган жонли мавжудотлар эканига ҳамда ададларини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмаслигига имон келтириш;
- Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган самовий китобларга ишониш ҳамда бу китоблар инсонлар томонидан ўзгартирилмасдан ва қўшимчалар киритилмасдан илгари Аллоҳнинг шариати ҳисобланганига имон келтириш;
- Аллоҳ таоло халқларни ҳидоятга бошлаш учун пайғамбарларни ихтиёр қилганига, уларнинг баъзиларига самовий китобларни нозил этганига ҳамда барчалари хато-маъсиятлардан маъсум зотлар бўлишганига имон келтириш;
- Охират ҳаёти ҳақлигига, ўша кунда Аллоҳ таоло халқларни қайта тирилтириб, яхши амаллари учун мукофотлашига ва ёмон амаллари учун етарли жазо беришга иймон келтириш;
- Борлиқда рўй бераётган ҳар бир нарса Аллоҳ таолонинг ўзигагина аён бўлган ҳикмат учун, Унинг тақдир қилиши билангина ва Унинг хоҳиш иродасига мувофиқ амалга ошишига иймон келтириш.
Буларнинг барчаси иймон арконларидир. Ким шунга иймон келтириб, эътиқод қилса- нажот топади, зафар қучади. Ким инкор қилса-адашади, дунё ва охиратда бахтсиз бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом беш нарсага бино қилингандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш”, дедилар”.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхши-ю ёмон қадар Аллоҳдан эканига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобе бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида биз бандаларга буюриб, шундай марҳамат қилади: Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, Пайғамбарига нозил қилган Китоб(Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз! Кимки Аллоҳни, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини ва “Охирги кун (қиёмат)”ни инкор етса, демак, у жуда узоқ (қаттиқ) адашибди”
Аллома Абу Мунтаҳо Аҳмад ибн Муҳаммад мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг “Фиқҳул акбар” китобига ёзган шарҳида иймон келтиришни шундай таърифлайди: “Эътиқод қилувчига, “Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлгандан кейин қайта тирилишга ва қадарнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳдан эканлигига иймон келтирдим”-деб айтиши вожиб бўлади. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ иқрор иймоннинг рукни эканига далолат қилиши учун иймон келтириш демасдан, лафзан айтиш вожиб бўлади дедилар. Чунки иймоннинг асли юқорида келтирилган олтита нарсага тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлашдир.
Юқорида зикр қилган нарсаларни қалби билан тасдиқлаган киши Аллоҳ таолонинг наздида мўмин бўлади. Қолган кишилар унинг мўмин эканлигини ва унга Ислом ҳукмлари жорий бўлганини билиши учун эса, тил билан иқрор қилиши зарур бўлади. Худди мана шу гап Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳдан ҳам ривоят қилинган бўлиб, уни Имом Абу Мансур Мотуридий ҳам тасдиқладилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Имон – Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшиси ва ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига имон келтиришдир”- дедилар.
Иймон бу ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг кузатувида юрганлигини ҳис қилиш.
Иймон бу амални тарк этаётганингда қалбингга қўрқув соладиган бир куч.
Иймон бу сусткашлик қилаётганингда солиҳ амал қилишга ундайдиган туйғу.
Иймон бу сенга берилган барча неъматлар Роббинг томондан берилишини эътироф этиш.
Тўғри, амал иймоннинг рукни ҳисобланмайди. Аммо ўзингиз айтинг-чи, бу каби иймон соҳиби Роббисининг амридан чиқа оладими, унинг буйруғига осийлик қила оладими?
Эй биродар, ўзингга қайта назар сол! Нафсинг ила холи қолиб, ҳолатингни ўрган. Тепада айтилган сифатлар сенда топиладими? Бу ҳақида мулоҳаза қилиб кўр.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававийнинг “Қириқ ҳадис шарҳи” 15-16- саҳифалари
- Абу Мунтаҳо Аҳмад ибн Муҳаммаднинг “Фиқҳул акбар” шарҳи 33-34- саҳифалари
- Абул Мўин Насафийнинг “Аттамҳид лиқоваидид тамҳид” китоби Элмурод ҳожи Холмурод ҳожи ўгли таржимаси 184-185- саҳифалари
- Интернет маълумотлари
Мусаёров Муртазо
“Хожа Бухорий” ўрта-махсус ислом таълим муассасаси
“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти талабаси
