СУННАТ – УСУЛИ ФИҚҲ УЛАМОЛАРИ ИСТИЛОҲИДА
22

Суннат динимизда Қурьони Каримдан кейинги иккинчи масдар ҳисобланади, Суннатдан далил олишнинг ҳақиқатини билишимиз учун Исломий илмларнинг Усул-ул Фиқҳ бўлимига мурожаьат қилишимиз керак бўлади, сабаби Қурьони Карим ва Суннати Мутаҳҳорадаги барча диний ҳукмлар ва далиллар ушбу илм орқали билинади.
Усули фиқҳ уламолари истилоҳида Пайғамбар ﷺдан содир бўлган, шаръий ҳукмга далил бўлишга салоҳияти бор ҳар бир гап, амал ёки тақрирга Суннат, дейилади. Шаръий ҳукмларга алоқаси бор, Пайғамбаримиз ﷺдан содир бўлган ҳар бир гап, амал ва тақрирни ўрганиб чиққан усули фиқҳ уламоларимиз фиқҳий қонун- қоидалар асосини ишлаб чиққандирлар.
Динимиздаги, кишиларни Суннатга амал қилишга тарғиб қилишдаги гап-сўз ва тарғиб-ташвиқлар, асосан, шу истилоҳдаги Суннатга тегишлидир.
Фуқаҳоларимиз эса, ўша қоидаларни ишга солиб ҳар бир шаръий амалнинг Суннатда келган далилига қараб мартабасини ва адо этиш йўлини баён қиладилар.
Лекин ҳадисни ўқиб- ўрганган одам буларни фарқлай олмайди. Бу ишларни умрларини илмга тиккан, унда катта даражаларга эришган уламоларимиз фарқлаганлар. Улар шаръий далилларни, жумладан, ҳадиси шарифларни диққат билан, атрофлича ва чуқур ўрганиб чиққанлар. Ҳамма ҳам уларнинг даражасидаги илмга эга бўла олмаслигини эътиборга олиб, кўпчилик учун ўзларининг машаққатли меҳнатларининг самарали хулосасини айтиб кетганлар.
ҲАДИС ИЛА СОБИТ БЎЛГАН ҲУКМЛАРНИНГ ТЎРТГА БЎЛИНИШИ
Ҳадис орқали собит бўлган ҳукмлар тўрт қисмга бўлинади:
- Қуръони карим ила собит бўлган ҳукмларни таъкидловчи ҳукмлар.
Бунга намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилишга ундовчи ҳамда Аллоҳга ширк келтириш, ёлғон гувоҳлик бериш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ноҳақдан ўлдириш каби ишлардан қайтарувчи ҳадислар киради. Мисол учун, мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, магар ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина ҳалол, мазмунидаги ҳадис Қуръони каримдаги:
“Эй иймон келтирганлар, ўз орангизда молларингизни ботил йўл билан еманг” оятини таъкидлаш учун келган. Шунингдек, “Хотинларга яхши муомалада бўлинг” ҳадиси шариф эса, Қуръони каримнинг:
“Ва улар билан маъруф ила яшанг” оятини таъкидлаб келган.
- Қуръонда умумий ѐки мутлақ бўлган ҳукмларни хос ва қайдли қилувчи ҳукмлар.
Умумий ҳукмни хос қилишига мисол: Аллоҳ таоло никоҳи ҳаром бўлган аёлларни санаб бўлганидан кейин: “Ва сизга булардан бошқалар ҳалол қилинди”, деган.
Бу умумий ҳукмдир. Пайғамбаримиз ﷺнинг: “Бир аёлни ўз аммаси ва холаси, ака-укасининг қизи, опа-синглисининг қизи устига никоҳлаб олиб бўлмайди”, деган ҳадислари мазкур умумий ҳукмни хоссатан ушбу тўрт тоифа аёлни ўз аёл қариндоши устига кундош қилиб олиб бўлмаслигини билдиради.
Энди Қуръони каримда келган мутлақ ҳукмни ҳадиси шариф ила қайд қилинишини кўриб чиқайлик. Аллоҳ таоло Қуръонда:
“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг икковларининг ҳам қўлларини кесинглар”, деган.
Араб тилида қўл деганда панжанинг учидан елкагача бўлган жойга айтилади. Демак, Қуръон мутлақ шаклда баён қилди. Бу мутлақ ҳукмни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғрининг қўлини кафт билан билак қўшилиши жойидан кесиш билан қайдли қилдилар.
- Қуръонда келган умумий ҳукмларни баён қилувчи ҳукмлар.
Қуръони каримда намоз ўқинглар, рўза тутинглар, ҳаж қилинглар, закот беринглар каби умумий ҳукмлар келган. Суннатда эса намозни қандоқ ўқиш, рўзани қандоқ тутиш, ҳажни қай тариқа адо этиш, закотни қандоқ бериш ва бошқа шунга ўхшаш ҳукмлар батафсил баён қилиб берилган.
- Қуръонда зикр қилинмаган ҳукмларни суннат зикр қилиши.
Мисол учун, бир гувоҳ ва қасам билан ҳукм чиқариш, эркакларга тилла ва ипакли кийим кийиш ҳаромлиги, садақаи фитр каби ҳукмлар суннат билан собит бўлган.
Агар Пайғамбаримиз ﷺнинг амаллари Қуръонда келган ҳукмни баён қиладиган бўлса, ўша ҳукмнинг даражаси Расули Акрам ﷺнинг амалларига ҳам даража бўлади.
Агар мазкур амаллар Қуръон ҳукмини баён қилиб эмас, ўзи мустақил равишда келса, уларнинг фарз, вожиб, мандуб ёки мубоҳ эканини билиб олиш учун махсус қоидаларни ишга солиш керак бўлади.
Ана шундан сўнггина далили собит бўлган амалнинг шариат ҳукумларидаги даражаси аниқ бўлади ва шу даражанинг тақазосига кўра ўша ҳукмга амал қилиш ҳаётга татбиқ қилинади.
Дулабов Абдурашид
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
“Ёш илмий жамият” аъзоси
