Қандай бўлсанг – шундай кўрин, қандай кўринсанг – шундай бўл!
30“Қандай бўлсанг – шундай кўрин, қандай кўринсанг – шундай бўл!”
Мазкур шиорни ҳар бир инсон ўзи учун дастурамал қоида сифатида сақлаши ва унга амал қилиши лозимдир.
Мавлоно Румий ҳазратлари ёзганларки: “Иймон недир?” дея сўрадим. У қалб қулоғига эгилиб: “Иймон одобдан иборатдир”, дея шивирлади”.
Яна ёзганларки: “Менинг бу байтим байт эмас, маъно жаҳонидир. Латифам ҳам латифа эмас, тарбиядир. Қиссаларим ҳам оддий сўзлар эмас, таълимдир. Яширин бўлган нарсаларни изоҳ ва идрок эттириш учундир.”
Ҳазрати шайх Абу Муҳаммад Жаририй (қ.с.) хилват ерда бўлса ҳам оёқларини узатмасдилар. “Ҳусну адаб ҳазрати Ҳақ ҳузурида кўп яхшидир”, дер эдилар. Ҳазрати шайх Али Бин Саҳл эса “Адаб – истамоқ ва қидирмоқ биландир. Жаннат ҳам шундоқдир”, деганлар. Абу Усмон таъбирлари билан айтганда, “Гўзал хулқ Аллоҳ таолодан розиликдир”. Кишига яхши хулқ зарурлигини, хулқ ақлнинг ташқи сурати эканини ҳамма билади. Лекин ҳамма уни изламайди, унга интилмайди. Улуғлик сармояси насл ва насаб билан эмас, балки ақл ва яхши хулқ билан эканлиги бировларга маълум, бировлар эса била туриб ўзини билмаганга олади.[1]
Абу Зарр ва Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳулар ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз ﷺ: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ. Қилган ҳар бир ёмон ишинг орқасидан уни ювадиган бирон-бир яхшиликни эргаштир ва инсонларга нисбатан гўзал хулқ ила муомала қил” дедилар”, (Термизий, Доримий, Имом Аҳмад ривоятлари).[2]
“Қаерда бўлсанг ҳам…” Яъни одамлар ҳузурида Аллоҳдан қўрққанинг каби улар бўлмаган жойларда ҳам Ундан қўрққин. Тақводор бўлишга ёрдам берадиган ишлардан бири инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло кўриб-билиб турганини доимо ёдда сақлашидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Уч кишининг ўзаро шивир-шивири бўлса, албатта, у Зот уларнинг тўртинчисидир” (Мужодала сураси 7-оят).
Тақво – вожиб ишларни қилиш ва тақиқланган ишларни қилишдан ўзини тийишдир.
“Қилган ҳар бир ёмон ишинг орқасидан уни ювадиган бирон-бир яхшилик қил”. Яъни бир гуноҳ иш қилиб қўйсанг, дарҳол тавба қил ва уни ювадиган бирон яхшилик қилгин деган маънода айтилгандир. Ҳадиснинг зоҳирига қарайдиган бўлсак, бир яхшилик ўнта ёмонликни ювиб юбориши ҳам мумкин. Бунга ҳужжат бўлган ҳадислар жуда кўп.
Расулуллоҳ ﷺ айтадилар: “Ҳар бир намоздан кейин ўн марта такбир, ўн марта ҳамд ва ўн тасбеҳ марта айтинг. Бу тилда бир юз эллик, мезонда эса бир минг беш юз деганидир” (Имом Аҳмад ривояти).[3] Бу ҳадис арзимас ва кичик солиҳ амаллар ҳам ёмон амалларни ўчириб юборишига далолат қилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон (Қиёмат куни) учун нима (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганинига қарасин!” (Ҳашр сураси 18-оят).
“Инсонларга нисбатан гўзал хулқ ила муомала қил”.
Гўзал хулқ инсонларга яхши муомала қилиш ва уларга озор бермасликни билдирадиган инсоний фазилатдир.
Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Сизлар одамларга бойлигингиз билан ёрдамга шошилманглар. Уларга очиқ юз билан ширин сўз билан ёрдам беринглар” (Имом Аҳмад ривояти): “Сизларнинг энг яхшиларингиз гўзал хулқли бўлганингиздир” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бир киши Набий ﷺ ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, амалларнинг энг фазилатлиси нима?” деб сўраганида, Расулуллоҳ ﷺ: “Гўзал хулқ”, деб жавоб берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Энг гўзал хулқли киши имони мукаммал бўлган мўминдир. Энг хайрли бўлганлари эса аёлларига нисбатан гўзал (муомалада) бўлганларидир” (Абу Довуд, Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз ﷺ: “Аллоҳ таоло сиз учун исломни (дин қилиб) танлади. Сиз гўзал хулқ ва сахийлик билан икромда бўлинг. Чунки Ислом буларсиз асло мукаммал бўлмайди”, дедилар.
Қуръони каримдаги: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) кечиримли – марҳаматли бўлинг…” (Аъроф сураси 199-оят) ояти нозил бўлганида Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар ﷺга бу оятнинг тафсирини қуйидагича баён қилди: “Албатта, авф сизга зулм этганни кечиришингиз, сиз билан алоқани узган кишини зиёрат қилишингиз ва сизни маҳрум этганга беришингиз билан бўлади…”
Аллоҳ таоло айтди: “Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг!” (Фуссилат сураси 3-оят)
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси 4-оят) оятининг тафсирида бундай дейилади: “Расулуллоҳ ﷺнинг хулқлари Қуръон эди. Қуръон буюрган нарсаларга буюрар, қайтарган нарсалардан қайтарар эдилар. Қуръон рози бўлганига розилик берардилар”.
Ўзининг тадбири билан ишларни тартибга солган, мўътадилликни хулққа чирой этиб берган, инсонни энг гўзал шаклу шамойил билан зийнатлаб, уни зиёдаю нуқсондан асраган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин!
Ё Аллоҳу Карийм! Марҳаматинг ва фазлинг караминг билан бизларни Ўзинг кўрсатган тўғри йўлдан айирма! Ё Роббал аъламийн! Бизларнинг барча саъй ва ҳаракатларимизни Сенинг розилигинг учун бўлишига бизларни муваффақ айла! Ё Роҳман! Бизларни саййидимиз Муҳаммад ﷺнинг гўзал хулқлари билан хулқлантир. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрат Умар, Ҳазрат Усмон, Ҳазрат Али (р.а.), Хадича онамиз, Фотима онамиз ва солиҳ саҳобалар (барчаларидан Аллоҳ таоло рози бўлсин) хулқларини бизларга ҳам, то қийматга қадар туғилиб, яшайдиган барча зурриётларимизга ҳам насиб эт. Омиин.
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
[1] “Одамийлик мулки” – “Хусну хулқ” (Ахлоқ китоби). – Т.: “Sharq”, 2014.
[2] “Қирқ ҳадис” шарҳ ва изоҳлар. Имом Муҳйиддин Закариё ибн Шараф Нававий. “Matbaachi” 2022
[3] “Қирқ ҳадис” шарҳ ва изоҳлар. Имом Муҳйиддин Закариё ибн Шараф Нававий. “Matbaachi” 2022
