ТАКАББУРЛИК ­- ЁМОН ИЛЛАТ

23

Кибрнинг энг ёмони Аллоҳ таолонинг динига ва унинг оятларига қарши қилингани, кибр билан унинг ибодатидан юз ўгирилганидир. Биринчи содир бўлган гуноҳ кибр сабабли эди. Иблис у сабабли Аллоҳ таолонинг буйруғидан юз ўгирди. Одам алайҳиссаломга таъзим бажо келтирмади, ўзини одамдан устун ва афзал деб билди. У ўзининг асли оловдан яратилгани билан кибрланди, Одам алайҳиссаломнинг асли тупроқ экани сабабли уни хор деб билди. Ваҳоланки, уни вазифаси Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلَّا تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِنْهُ خَلَقْتَنِي مِنْ نَارٍ وَخَلَقْتَهُ مِنْ طِينٍ قَالَ فَاهْبِطْ مِنْهَا فَمَا يَكُونُ لَكَ أَنْ تَتَكَبَّرَ فِيهَا فَاخْرُجْ إِنَّكَ مِنَ الصَّاغِرِينَ

яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг”. (Аллоҳ) айтди: “Ундан (жаннатдан) чиқ! У ер (жаннат)да сенга такаббурлик қилишинг жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта, сен (энди) ҳақирлардандирсан” (Аъроф сураси 12-13-оятлар).

Энди асли бир ота-онадан тарқалган инсонлар мол-дунёси, мансаби, обрў эътибори ва насл-насаби сабаб ўзгалардан ўзини юқори олиши, бошқаларни ерга уриб кибрланиши Иблиснинг кибрланишига ўхшашдир.

Барча пайғамбарларга уларнинг қавмидаги мутакаббир инсонлар қарши чиқишган. Пайғамбаримиз ﷺга ҳам аксарият Макка мушрикларининг катталари қарши чиқишди. Уларга Исломдаги адолат, тенглик ва оддий одамлар билан бир сафда туриш жуда оғир ботарди. Бунга кибрлари йўл бермасди. Демак, кибр инсонни ҳақиқатни инкор қилишга етаклайди.

Аллоҳ таолога имон келтиришдан кибр қилган ва Пайғамбаримиз ﷺ келтирган динни ёлғонга чиқарган одам абадий бадбахтликка маҳкум бўлиши ояти карималарда баён қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

وَالَّذِينَ كَذَّبُوا بِآَيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا أُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

яъни: “Оятларимизни ёлғонга чиқарган ва улардан (ўзларини юқори тутиб) кибр қилганлар – ана ўшалар дўзах аҳлидирлар. Улар у ерда мангу (қолувчи)дирлар” (Аъроф сураси 36-оят).

Кимки бу дунёда Аллоҳ оятига иймон келтирмай, уни ёлгонга жонкуяр экан, кофирдир. Кимки Аллоҳ оятларидан кибрланиб, улар асосида яшамас экан, осийдир. Кофир ва осийлар эса дўзахга эга бўлурлар. Эга бўлганда ҳам, уша жойда абадул абад колурлар. Бу тоифа кишиларнинг азоб-уқубати жони халқумига келиб, фаришталар уни олишга келганидан бошланади.

Пайғамбаримиз ﷺ кибрни тарк қилиш ва камтарликда чиройли ўрнак эдилар. У зот Аллоҳ таолонинг севимли пайғамбари бўлсаларда, мартабалари жуда юксак экани маълум бўлсада, ҳеч ўзларини ўзгалардан устун олмаганлар. Фазилатларини айтиш зарур бўлган ўринларда ҳам, “Бу билан фахрланиш йўқ”, деб қўярдилар. Саҳобийлардан бойларими ё камбағалларими бир таомга чақирсалар рад қилмас эдилар. Ўзларини хизматларини ўзлари қилар эдилар, ибодатларда ўзгалардан ёрдам олмасдилар. Кимни кўрсалар унга биринчи бўлиб салом берардилар. Заиф ва қарияларни аҳволига риоя қилардилар. Ҳеч қачон ўзлари учун қасос олмас, ғазабланмас эдилар. Уларнинг ғазабланиши шариат ҳукмлари паймол бўлганда бўларди. У зотга лойиқ уммат бўлиш учун биз ҳам бу хислатлардан ўрнак олишимиз, У зотнинг йўлларини тутишимиз керак.

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Алимардон Кароматов  манбалар асосида тайёрланди