ЧЕКИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ
31

Бугунги кунда чекиш кенг тарқалиб, чекувчилар нисбати ҳам ошиб кетди. Бу эса уларнинг орасида соғлиққа тегишли муоммоларнинг кўпайишидан дарак беради. Кўп илмий ўрганишлар шуни кўрсатадики, чекиш соғлиқни кўп хатарларга дуч қилиб, касалликларни кўпайишига сабаб бўлади. Чекиш орқали келиб чиқадиган касалликларга мисол қилиб, юрак касалликлари, ўпка саратони ва ўпка яллиғланиши кабиларни келтиришимиз мумкин. Шунингдек, чекиш тез қариш ва ўлим нисбатини ҳам ошишига сабаб бўлади.
Тўғри, ҳар бир нарса Аллоҳнинг қазоси билан бўлади, ўлим, ҳаёт, касаллик ва соғлиқ барчаси Аллоҳдан саналади, лекин доим Аллоҳ таолонинг қуйидаги буйруғини ёдда сақлашимиз зарур:
“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг”, (Бақара сураси 194-оят) бошқа оятида эса: “Ўзингизни ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмли Зотдир”, (Нисо сураси 29-оят) деб марҳамат қилган.
Чекиш бу ўз жонига қасд қилиш ва аста секин ўзини ўзи ўлдиришдир. Чекиш бутун тиббиёт ва оқилларнинг иттифоқига кўра турган-битгани зарардир. Расули Акрам ﷺ шундай марҳамат қилганлар: “(Исломда) зарар ҳам зарар бериш ҳам йўқ”. Ўрганишларга кўра, чекувчиларнинг вафот этиш нисбати сигарет истеъмолчиларнинг ошишига кўра зиёда бўлиб борар экан. Яъни, сигарет чекиш қанча кўпайса, дунёда вафот этиш нисбати ҳам кўпайиб боради.
Дунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг ўрганишига кўра, чекиш инсоният билган вабодан ҳам хатари ёмонроқ, чекиш орқали вафот этиш натижаси, вабодан вафот этиш натижасидан кўра кўпроқ айниқса, қашшоқ давлатларда. Чунки, у ерларда чекишга тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилар ҳамда сигарет турларининг энг ёмон ва хатарлилари сотилади.
Юқоридагиларнинг барчасида чекишнинг инсониятга хатари бор эканига ёрқин далил бор. Ёшлар чекишдан келиб чиқадиган зарар ва хатарлардан нима кутаётганини ангалайдилармикан?!.
Демак, чиқувчи одам ўзини ўзи ўлдирар экан. Яна шу аниқланганки, чекишнинг зарари чекувчилардан атрофидаги шахсларга ҳам ўтади. Чекиш ўтимли зарар, чунки чекувчининг оғзидан кўтарилган тутунни унинг атрофидагилар беихтиёр ҳидлайдилар. Бу ерда шахсий эркинлик жамият ҳуқуқлари билан қарама-қарши бўлиб қолади. Шахс ҳуқуқининг эркинлиги атрофдаги жамиятнинг ҳуқуқига зид келади. Қанча-қанча ёнғинлар чекувчилар сабабидан келиб чиққан, унинг зарари жуда катта эканлиги аниқ ҳолат.
Чекувчилар сигаретлар учун кўп пулларини сарф қиладилар, аммо бунинг муқобилига фақат ва фақат зарар ва юқотишни оладилар. Статистика маълумотларига кўра, АҚШнинг ўзида 60 миллион чекувчининг чекиш учун қиладиган харажати йилига 4 миллиард долларга этар экан.
Агар чекувчилар камбағал оиладан бўлсалар, мусибат яна ҳам зиёда бўлади, чунки улар оиласига керак бўладиган маблағларни кўп миқдорда сарф қилиб юборади. Оила учун зарурий нарсаларни қўйиб, сигаретларни сотиб оладилар, бу эса молни исроф қилиш саналади. Ислом дини молни фоидасиз нарсаларга зое қилишдан қайтарган. Шу ва бошқа сабаблар туфайли Ислом дини чекишдан қайтарди ва уни ҳаром қилди, чунки чекиш одам фарзандига ҳалол қилинган покиза нарсалардан саналмайди балки, у ҳаром қилинган хабис (чирканч) нарсалардандир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“…уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган…”. (Аъроф сураси 157-оят).
Муҳибуллаев Саидмуҳаммадхон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
