Ноқонуний диний таълим олиш хатарлари
42Давлатимиз мустақиллиги эълон қилингандан бошлаб юртимизда барча соҳалар қатори маънавий-маърифий, маданий ва диний соҳаларга ҳам юксак эътибор қаратилди. Динга бўлган муносабат ижобий томонига ўзгарди, собиқ совет тизимининг атеистик ҳужумкорлик сиёсатига барҳам берилиб, виждон эркинлиги қонун асосида кафолатланди.
Халқимизга масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар қайтарилди. Шу билан бирга турли дин вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланди. Конституциямизнинг қабул қилиниши, хусусан, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши диний соҳадаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди. Мазкур ҳужжат юртимиз фуқароларининг дини, тили, миллати, ирқи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар қонун олдида тенглиги, улар ўзлари хоҳлаган динга эътиқод қилишлари ва ўз диний маросимларини эмин-эркин бажариш кафолатини таъминлаб берди.
Бугунги кунда интернет тармоқларда айрим шахсларнинг “ўзича” аҳолига диний таълим бериши, ноанъанавий ақидаларни тарқатиши, мутахассис бўлмаган шахслар томонидан соф диний масалалар бўйича бирёқлама тушунчалар бериши тез-тез учраб турибди. Бу эса аҳоли орасида турли хил тушунмовчиликларга, инсонларнинг онгига салбий таъсир қилишига, бундан ташқари, жамиятда диний масалалар билан боғлиқ ихтилофлар келиб чиқишига, аҳолининг ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушишига сабаб бўлади.
Баъзилар диний таълим олиш мақсадида хорижий давлатларга бориб, норасмий диний жамоалар таъсирига тушиб, ватанига қарши қурол кўтаришгача бормоқдалар.
Шундан келиб чиқиб, ноқонуний тарзда диний таълим олиш, бериш, ноқонуний диний тарғибот, турли норасмий диний жамоалар таъсиридан огоҳ бўлиш, экспертизадан ўтказилмаган, ноқонуний диний адабиётлар, экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик, зўравонликни тарғиб этувчи аудио-видео маълумотларни сақламаслик ва тарқатмаслик талаб этилади.
Сирожиддин Жаҳонов, ўқитувчи
