АЛЛОҲ ИСРОФ ҚИЛУВЧИЛАРНИ СЕВМАС
25

Исроф ҳар қандай нарсада чегарадан ўтиб кетишдир. Исроф бу неъматларни топташ, уларни зое қилиш ва шаръан ножоиз ўринларга сарфлашдир. Киши ўз ҳаддини билмаса, қилаётган ишларида ақлини ҳоким қилмаса, исроф қилишни бошлайди, нафси туғёнга кетиб, Аллоҳнинг неъматларига нисбатан беписанд муомала қила бошлайди, уларни ўнг-чапга қарамай сарфлайверади. Халқлар шон-шуҳрат ва кибру ҳавога берилганда исрофгарчилик кенг тарқалади. Якка шахслар эса одатда туғён ва фужур туфайли исроф қиладилар. Исроф оилада ҳам, жамиятда ҳам кўплаб фасод ишларнинг дебочаси, чунки қаерда исроф бор бўлса, демак, ўша ерда кимнингдир ҳаққи поймол қилинган бўлади. Тарихчи ва социолог олимлар таъкидлашича, қайси бир халқ оммавий равишда исрофгарчиликка ружу қўйса, жуда тез фурсатда бунинг жазосини тортадилар, буни илмий тилда дабдабага оммавий ўчлик деб номланади. Юқоридаги маънони Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи ҳам таъкидлайди:
“Қачон бир шаҳарни ҳалок этишни истасак, унинг маишатпарастларини (итоатга) амр қилурмиз, бас, улар у (шаҳар)да фисқ қилурлар. Шунга унга “сўз” ҳақ бўлур. Бас, Биз у (шаҳар)ни мутлақо вайрон қилурмиз”.[1]
Бугун неъмат ичра турган ҳолимизда Аллоҳ бизлар учун берган азиз неъматларини исроф қилмоқдамиз. Туйларда, базмларда, йиғинларда, тадбирларда ёйинки, дастурхон ёзиладиган ҳар жойда неъматларни исроф қилиб, ҳаддан ошмоқдамиз. Кийим кийганда, мансаб текканда, ибодатда, ниятда, орзуларни узун қилганда, еб-ичганда, пул сарфлаганда, ҳатто муомалада ҳам ғулувга кетмоқдамиз. Аллоҳ бандаларини ер юзида ҳоким қилди, аммо ҳаддан ошмаслигини буюрди. Ҳалол-ҳаромни кўрсатиб қўйди. Тўғри ва нотўғри йўлларини фарқлашимиз, тафаккур қилишимиз учун бизларга ақл деган улуғ бир неъматни берди. Аммо бизнинг нафсимиз чек-чегарани билмай қолди…
Исрофгарчилик ортидан келиб чиқадиган жисмоний, руҳий, ижтимоий ҳамда иқтисодий зарарлар, мусибатлар, аянчли оқибатлар ҳақида тафаккур қилиш лозим. Аллоҳ таоло айтади:
“Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф сураси, 29-оят)
Қўлингиздаги неъматларни исроф қилаётган, бойликларни бўлмағур ишларга совураётган пайтингизда қўлингиздан умидвор бўлган, бир луқма таомга зор фақир-муҳтожлар бор эканини унутманг. Манфалутий айтади: “Қаерда бир исрофгарни кўрсам, ёнида, албатта, оч-наҳор фақирни кўрдим”.
Қилган ҳар бир исрофгарчилигингиз, сарфлаётган ҳар бир чақангиз учун маҳшар куни бирма-бир ҳисоб беришингизни унутманг, ҳар бир ишингизда ўзингизни ҳисоб-китоб қилиб боринг, Расулуллоҳ ﷺнинг ушбу сўзларини асло унутманг: “Қиёматда банда тўрт нарсадан сўралмагунча унинг оёғи жойидан жилмайди: умрини нимага сарфлагани, йигитлик даврини қандай ўтказгани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва олган илмига қандай амал қилгани”.[2]
Сизга ушбу неъматларни ато этган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бир лаҳзада сизни улардан маҳрум қилишга қодир. Туғёнга кетган, ҳаддидан ошган, исроф йўлини тутган сиздан аввалги умматларни қандай хору зор қилганини бир эсланг:
“Ана, зулмлари сабабли уйлари ҳувуллаб ётибди! Албатта, бунда биладиган қавмлар учун ибрат бордир. Ва иймон келтириб, тақво қилиб юрганларга нажот бердик”.
Ёши тўқсонни қоралаб қолган кампир йўл бўйида йиғлаб ўтирарди, олдидан ўтаётган киши қизиқиб: “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўради. “Мен Бармакийлар[3]дан бўламан”, деди кампир. Йўловчи: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, қандай эдингиз-у, қай аҳволга тушиб қолдингиз?!” деди. Кампир: “Аллоҳга қасам, ёшлигимда ҳовлиларни тилла суви билан безатадиган даражада бой эдик, бир ўзимнинг юзта жориям бор эди, сўнг эса дунё бизга остин-устун бўлди, энди эса кечликка ейишга ҳам нарсам йўқ. Бизнинг ҳолимиздан ибрат олиб, неъматларни қадрла, неъмат берувчига шукур айтиб, унинг буйруқларига бўйсун”, деб қуйидаги оятни тиловат қилди: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки Аллоҳ исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф сураси, 31-оят)
Нилуфар Аҳадовна
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
[1] (Исро сураси, 16-оят). Ҳар бир юртнинг маишатпарастлари бор. Улар каттакон амалдорлар ва ҳар хил нозу неъматга кўмилган кишилар тоифасидир. Фазилат, муқаддас нарса, гуноҳ ёки савоб каби тушунчалар уларнинг ҳаёлига ҳам келмайди. Кўнгиллари тусаган ишни қилишга ўрганиб қолишади. Кўнгиллари эса доимо фисқу фасодни, ҳаром маишатни тилайди. Аъёнлари шу даражага етишига томошабин бўлиб турган халқдан ҳам яхшлик кутилмайди. Бундай юрт ҳалок бўлишга сазовордир. (“Тафсири Ҳилолдан” – таржимон Доктор Оиз Қарний)
[2] “Ечим”. Доктир Оиз Қарний. “Мунир” нашриёти, 2022
[3] Бармакийлар оиласи Аббосийлар даврида амирлар, вазирлар, тижоратчи ва саёҳатчилар оиласи эди. Битмас-туганмас мол-дунёга эга бу оила сарф-харажатларни ҳам ўта катта қилар, арзимаган ишларга ҳам тоғдек тилла-кумушларни сарфлаб юборишарди. Фалакнинг гардиши айланиб, Ҳорун Рашид уларни тақибга олди, кўз очиб юмгунча бор ноз-неъматлардан маҳрум бўлишди.
