ДИН НАСИҲАТДИР!
33

Бугунги дунё ҳаётида жамиятни ислоҳ қилиш, инсонлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ва жамият тараққиёти дин муҳим ўрин тутади. Хоссатан ислом динида жамият тараққиёти ва ривожланишига асос бўладиган омиллар баён этилган.
قَال رسول الله ( صلى الله عليه وسلم ) : الدِّينُ النَّصِيحَةُ لِلَّهِ وَلِرَسُولِهِ وَلأئِمَّةِ الْمُسْلِمِينَ وَعَامَّتِهِمْ
Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Дин Аллоҳ ва унинг Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва барча мусулмонлар учун қилинадиган насиҳатдир!”[1].
Уламолар Ислом динининг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтган. Ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ қисқа иборалар билан маъноларни ифодалаб, ислом динининг асоси насиҳат узра қурилганлигини таъкидладилар. Дарҳақиқат, ислом динининг асосий манбаси ҳисобланган Қуръони каримда ҳам “…Аллоҳга ва Расулига содиқ бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ…”[2] деб таъкидланади. “Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик”[3] оятида таъкидланганидек, Аллоҳ таолонинг Китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этган. Инсон ўзига берилган ҳаёт давомида қандай умргузаронлик қилиши, нималардан сақланиши ва барча-барчаси Китобда ўз ифодасини топган. Шунинг учун ким унга имон келтириб амал қилса, шариатнинг ҳаммасини ижро этган бўлади. Аллоҳ таолодан савоб умидида диний ва дунёвий насиҳатларни сўзлайдиган ҳар бир насиҳатгўй мусулмон ҳидоятга чақирувчидир.
Ҳадис матнида келган “дин” сўзи арабча сўз бўлиб, мулк, ҳукм, ҳисоб, жазо, тадбир, бўйсуниш, итоат қилиш, эътиқод қилиш каби маъноларни англатади.
Шунингдек, “дин” сўзи араб тилида турли маъноларда ҳам қўлланилади, Масалан, Қуръони каримда “дин” сўзи турли маъноларда келган.
“Дин”да Аллоҳнинг мулки, ҳукми, қиёматдаги ҳисоб-китоби, осийларни жазолаши, тадбир қилиш каби маънолари мавжуд. Шунингдек, банданинг бўйсуниши, итоат қилиши, ибодати, парҳезкорлиги, Аллоҳ кўрсатган йўлни тутиши, маълум ишларни одат ва эътиқод қилиши каби маъноларни ҳам ўзида ифодалайди. Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда “дин” Аллоҳ билан банда орасида бўлиши керак бўлган алоқалар йиғиндиси эканлигини англаш мумкин. Мусулмон уламолар мазкур маъноларни эътиборга олган ҳолда “дин”ни “Соғлом ақл эгаларини уларнинг ўз ихтиёрларига биноан бу дунёда салоҳиятга, у дунёда нажотга элтувчи илоҳий кўрсатмалар” деб таърифлаган.[4]
Демак, дин – инсонларни эзгу ва хайрли амалларга чорлаб, ёмон ва қабиҳ ишлардан қайтариб турувчи, эътиқод ва амал борасида инсоннинг бутун бир ҳаёт йўлини белгилаб берувчи илоҳий дастурдир. Имом Бухорий ҳам бу ҳадисни муҳим аҳамиятга эга эканлиги учун “Имон китоби”да алоҳида боб очиб, ушбу ҳадис билан бошлади.
Яна Росулуллоҳ ﷺнинг саҳобаларига қилган насиҳатларидан :
عن سفيان بن عبدالله الثقفي قال؛قلت؛ يا رسول الله قل لي في الإسلام قولاً لا أسأل عنه أحداً بعدك وفي رواية غيركَ قال؛ قل؛ آمنت بالله ثم استَقِم
Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг росули, менга Исломдаги шундай сўзни айтингки, сиздан кейин бирор кишидан (бошқа бир ривоятда «сиздан бошқадан» дейилган) у ҳақида сўрамайин», дедим. Шунда у зот: «Аллоҳга иймон келтирдим» деб айтгинда, сўнг (шу иймонда) собит тур», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
“Насиҳат” сўзи ҳам хулус (холис) – покиза, тоза” деган маъноларни англатиб, бирор кишига насиҳат қилмоқчи бўлган инсон ўз қалбидаги покиза нарсаларини унга беришидир. Насиҳат қилаётган одам ўзи покиза бўлмоғи ва қалбидаги покиза нарсаларни бировга улашмоғи даркор.
Жамиятимиздаги зиёли олимлар улғайиб келаётган ёш авлодни насиҳат билан зийнатламоғи, ўзларининг хайрли ишлари билан ўрнак бўлмоғи лозим. Чунки, насиҳат билмаган кишига билмаганини ўргатади, билганига билганини ёдига солади.
Ислом дини инсонларни, ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга, бир-бирларига самимий муносабатда бўлиб, яхши ишларга буюришга ва ёмон ишлардан қайтаришга тарғиб этади. Зеро, муқаддас динимизнинг бош ғояси насиҳат, яъни самимийликдан иборат бўлиб, барча пайғамбарлар мана шу бурч билан юборилган.
Шариати исломда ҳар бир амалнинг шартлари ва тартиби бўлганидек, насиҳатнинг ҳам ўз шартлари ва одоблари бор:
Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажариши шарт. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва охиратда ўзгалардан беркитади;
Фозиллар дейдиларки: “Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халойиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир”;
Фузайл ибн Иёз айтади: “Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди”;
Насиҳат қилишнинг энг муҳим шартларидан бири, бирон масалада маслаҳат сўраган кишига холис маслаҳат беришдир. Расулуллоҳ ﷺ бу ҳақда: “Бир мусулмон ўзининг биродаридан маслаҳат сўраса, биродари албатта унга холис маслаҳат берсин” дедилар;
Мусулмон биродарингизга қилишингиз мумкин бўлган насиҳатдан яна бири – ўзи йўқ бўлган ўринда унинг ёнини олиш, обрўсини ҳимоя қилишдир. Чунки бундай насиҳат мусулмоннинг ўз биродарига содиқлигини кўрсатади. Расулуллоҳ ﷺ: “Бир мусулмоннинг бошқа мусулмон устидаги ҳақларидан бири ўзи йўқлигида унга холислик қилишидир,” дедилар;
Насиҳат фақат тил учида бўлмаслиги лозим. Яқин дўст-ёр, қўни-қўшниларимизнинг айбини беркитиб, хатоларини тузатишимиз, уларга зарар келтирадиган ишлардан тийилишлик ва манфаат келтирадиган ишларни амалга ошириш, катталарни ҳурмат қилиб, кичикларга шафқат кўрсатиш, хиёнат ва ҳасад қилишдан йироқ бўлиш каби ёмон иллатлардан сақланишликларини тушунтиришимиз керак. Насиҳат орқали бир инсонга жамиятга тўғри яшашлиги учун йўл кўрсатган бўламиз.
Мусулмонларнинг раҳбарлари ҳамда оқил кишилари ўз қўл остидаги кишиларга дин ва диёнатдан насиҳат қилмоғи даркор. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ бошқа ҳадисларда “Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан масъулсиз” дея доимий огоҳликка чорлайдилар.
Ибн Баттол айтганидек: “Дин – насиҳатдир. Ислом дини сўзларда воқеъ бўлгани каби амалларда ҳам акс этади. Насиҳат имконият даражасида амалга оширилади. Сўзи қабул бўлишига кўзи етган ва бирор зарар таҳдид солмаган киши насиҳат ҳаққини адо этишга киришади. Аммо насиҳат ортидан ўзига зиён-заҳмат етадиган бўлса, насиҳат қилувчи ушбу амални тўхтатишга ҳаққи бор”. Аммо, дин-диёнат ривожи, юртнинг келажаги ва жамият равнақи насиҳат билан эканини жамиятнинг оқил кишилари ҳеч қачон унутмаслиги лозим.
Ҳар қандай жамият ичра насиҳат бардавом бўлса, ўша миллатнинг келажаги албатта буюк, халқи фаровон, фуқаролари оқибатли, мамлакати қудратли бўлиб бораверади, инша Аллоҳ таоло.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръони Карим.
- Саҳиҳи Бухорий. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий.
- Ислом энциклопедияси.
Тўхтаев Алибек
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси мударриси
[1] Имом Бухорий. Саҳиҳи Бухорий. Оʻзбекистон миллий енсиклопедияси Давлат илмий нашриёти. Т.: 2008. 1-жуз, Имон китоби, 37-боб. –Б. 48.
[2] Тавба, 91.
3 Анъом, 38.
[4] Ислом энциклопедияси
