Исломда мушорака
50

Муқаддас ислом дини Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги муносабатларни гўзал тарзда баён қилиб, тартиблаб қўйгани каби инсонлар ўртасидаги муносабатларни ҳам гўзал ва адолатли тарзда кўрсатиб берган. Бу муносабатлар ислом фиқҳида муомалат дейилади. Бу муомалат қисми ўз ичига савдо, ижара, ория, омонат, гаров, каффорат, ҳавола, ваколат, шерикчилик (ширкат) ва музораба каби бир қанча муомалат турларини ўз ичига олади. Шу муомалат турларидан бири бу мушорокадир.
Мушокара атамаси луғатда “шерик бўлиш, ҳамкорлик” маъноларини билдиради. Истелоҳда эса томонларнинг ўзаро келишувлари асосида юзага келадиган битим ҳисобланади. Мушорака атамаси фиқҳ китобларида келтирилмаган. Бу атама ислом молиясига доир адабиётларда ёзилгандан кейин яқин ўтмишда пайдо бўлган. Мушорака атамаси фиқҳ китобларида баён қилинмаган бўлсада фиқҳ китобларида мушокарага ҳамоҳанг булки ундан кенгроқ маънодаги “ширкат” атамаси ишлатилади.
Ширкат луғатда “бўлишиш, тақсимлаш, аралашиб кетиб” маъноларни билдиради. Шариатда эса ширкат сармоя ва фойда хусусида шерик бўлганлар ўртасидаги ҳамкорликдан иборатдир. Ширкат ислом фиқҳида икки кўринишда бўлади:
- Мулк ширкати
- с
Мулк ширкати – бу муайян мулкка икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда эгалик қилишидир. Мулк ширкати икки йўл билан вужудга келади. Биринчи турдаги мулк ширкати томонлар хоҳиши билан вужудга келади. Масалан икки ёки ундан ортиқ шахс келишган ҳолда ускуна сотиб олишга қарор қилишди. Бу ерда томонлар ускунани биргаликда сотиб олишга келишганликлари сабабли улар ўртасида сотиб олинган мулкка нисбатан мулк ширкати алоқаси вужудга келади.
Ақд ширкати – мулк ширкати томонларнинг ҳеч қандай ҳаракатисиз вужудга келади. Бирор бир шахснинг вафоти туфайли унинг мол мулки меросхўрларига қолиши бунга яққол мисол бўлади. Чунки меросхўрлар қолган мол мулкка ихтиёрсиз равишда биргаликда эгалик қиладилар.
Ширкатнинг иккинчи тури бўлган ақд ширкати эса “ўзаро келишув асосидаги шерикчилик” деган маънони билдиради. Маъно жиҳатдан қисқа қилиб айтганда, қўшма тижорий тадбиркорлик дейилади. Ўз навбатида ақд ширкати уч турга бўлинади.”
- Ширкатул амвал. Бунда барча шериклар тижорий тадбиркорлик фаолияти учун маълум миқдорда маблағ киритишади.
- Ширкатул аъмал. Бунда барча шериклар мижозларга биргаликда хизмат кўрсатадилар ва мижозлардан олинган хизмат ҳақи келишилган нисбатда шериклар ўртасида тақсимланади.
- Ширкатул вужуҳ. Бунда шериклар сармоя киритишмайди, балки маҳсулотларни кечиктирилган тўлов асосида сотиб олиб нақд пулга сотадилар ва кўрилган фойда келишилган нисбатда шериклар ўртасида тақсимланади.
Бундан маълум бўладики ширкат атамаси мушоракадан кенгроқ маънога эга. Мушорака фақат ширкатул амвал ва баъзида ширкатул аъмални назарда тутса Ширкат барча турдаги шерикчилик ва шериклик мулк турларини англатади. Мушорака ширкатул амволнинг деярли муқобили бўлгани учун ушбу шерикчиликнинг моҳиятини баён қиламиз.
Мушораканиннг асосий қоидалари
Мушорака томонларнинг ўзаро келишувлари асосида юзага келган битим ҳисобланади. Шу сабабли саҳиҳ битимларда зарур бўлган битимнинг барча таркибий қисмлари ушбу шартномаларда ҳам мавжуд бўлиши керак. Масалан, томонлар шартнома тузишга қодир бўлишлари ёки шартнома томонларнинг розиликлари асосида, ҳеч қандай зўрлов ёки алдовсиз амалга оширилиши лозим.
Аммо мушорака шартномасига хос бўлган бошқа муайян шартлар ҳам бор. Қуйида улар билан танишамиз:
- Шериклар ўртасида фойдани тақсимлаш учун улушлар шартнома кучга киришидан олдин келишиб олиниши лозим.
- Ҳар бир шерикнинг фойда улуши шериклар томонидан киритилган маблағ миқдорига қараб эмас балки кўрилган фойдага нисбатан белгиланиши керак. Шерикларнинг бирортаси учун фойдадан яхлит пул миқдорини қатъий белгилаш ёки киритилган сармояга нисбатан ўзгармас даромадлилик даражасини белгилаш жоиз эмас.
Зарарда шерикчилик қилиш.
Агар шерикчиликда зарар кўрилса, ҳар бир шерикнинг кўрилган зарардаги улуши у киритган сармоя нисбатига тенг бўлишида барча фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Ушбу тамойил қуйидаги машҳур фиқҳий қоидада зикр қилинган: “Фойда томонлар келишувига кўра, зарар доимо сармоя нисбатига қараб тақсимланади”.
Сармоянинг табиати.
Аксарият фуқаҳолар фикрича ҳар бир шерик киритадиган сармоя пул кўринишида бўлиши керак, маҳсулот ёки хом-ашё кўринишида эмас. Бу борада фуқаҳолар ўртасида бошқа фикрлар ҳам мавжуд.
Мушоракани бошқариш.
Мушораканинг одатий тамойилига биноан ҳар бир шерик унинг бошқаруви ва тижорат фаолиятида қатнашиш ҳуқуқига эга. Шериклар фақат бир томон бошқарув билан шуғулланади, иккинчи тараф умуман мушорака фаолиятида иштирок этмайди, деб келишишлари ҳам мумкин. Шунда шерикчилик тижоратини юритишда иштирок етмайдиган томоннинг фойдадаги улуши киритган сармоясининг нисбатидан ошмаслиги шарт.
Агар барча шериклар шерикчилик тижоратида ишлашга келишсалар, ҳар бир шерик ишга доир масалаларда бошқа шерикнинг вакили сифатида амал қилади.
Мушоракани бекор қилиш.
Мушорака қуйидаги ҳолатларда бекор қилиниши мумкин:
- Ҳар бир шерик бошқасини огоҳлантиргандан кейин мушорака шартномасини ҳар қандай вақтда бекор қилиши мумкин.
- Агар мушорака даврида шериклардан бири вафот етса, у билан тузилган мушорака шартномаси бекор қилинади. Вафот этган шерикнинг ворислари бизнесдан марҳумнинг улушини олишлари ёки мушоракани давом эттиришлари мумкин.
- Агар шериклардан бири ақлдан озиш каби руҳий касалликка йўлиқса ёки тижорат билан шуғулланиш қобилиятини йўқотса, мушорака бекор қилинган ҳисобланади.
Бизнесни тугатмасдан мушоракани бекор қилиш.
Агар шерикларнинг бири мушорака шартномасини бекор қилишни, бошқалари эса тижоратни давом эттиришни истасалар, масала ўзаро келишув асосида ечилади. Тижоратни давом эттиришни истаган шериклар шерикчиликни бекор қилишни хоҳлаган томоннинг улушини сотиб олишлари мумкин. Чунки бир шерикнинг мушоракани тарк этиши бошқа шериклар ўртасидаги мушораканинг бекор қилинишига олиб келмайди. Лекин мушоракани тарк қилувчи шерик улушининг қиймати ўзаро келишув асосида аниқланиши лозим. Агар ушбу улушни баҳолаш борасида келишмовчилик юзага келса ва шериклар бирор бир қиймат устида келиша олмасалар, унда тарк этувчи шерик бошқа шерикларни ўртадаги мулкни сотишга ёки бўлиб олишга мажбур қилиши мумкин.
Фойдаланилган адабиётлар:
- «Мухтасарул виқоя» Убайдуллоҳ ибн Масъуд
- «Кифоя » Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
- «Ислом молиясига кириш» Муҳаммад Тақий Усмоний
- «Фиқҳий атамаларнинг изоҳли луғати» Шайх Қосим ибн Абдуллоҳ Қувнавий
Тўхтаев Алибек
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси мударриси
