МУАЗЗИННИНГ ЎН ХИСЛАТИ
62

Муаззин (араб. — эълон этувчи, чақирувчи) — масжидда азон айтиб, намозга чорловчи шахс; халқ тилида сўфи деб ҳам аталади. Азон исломнинг шиорларидан бири бўлиб, илоҳий сўзлардан ташкил топган буюк чорловдир. Диний манбаларда азон ва муаззиннинг фазилатлари борасида жуда кўплаб намунали сўзлар келтирилган. Жумладан,
- Муаззин Аллоҳ таолога чақирувчи кишидир. Яъни, азон айтувчи ҳар куни инсонларни беш маҳал Аллоҳ таолонинг уйига чақирувчи, уларни охират амалларини бажаришга ундовчи ва мусулмонларни бирдамликка чақирувчи кишидир. Аллоҳ таоло бу борада Ўз каломида шундай марҳамат қилади: (Одамларни) Аллоҳ (нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор? Фуссилат сураси, 33-оят
- Муаззинлар қиёмат кунида бўйинлари энг узун инсонлар бўлишади. Бу борада пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Муовия ибн Абу Суфён ривоят қилади: “Муаззинлар қиёмат кунида инсонларнинг бўйинлари узинлиги жиҳатидан энг узини бўлади”. Қиёматда инсонлар қилган гуноҳлари сабаб хижолатдан терга ботган вақтларида, муаззинларни Аллоҳ таоло бу хижолатчиликдан асрайди.
- Муаззинларнинг айтган азони сабаб шайтон қочади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар намоз учун азон айтилса, шайтон азон товуши эшитилмайдиган жойгача қочиб боради…” деганлар. Шунинг учун азон баланд товушда айтилиши ва ихлос билан айтилиши лозим бўлади.
- Мўмин киши азон товушини эшитганда ижобат қилиши лозимлиги. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Агар инсонлар азон ва аввалги сафда қандай савоб борлигини билганларида эди, қуръа ташлаб бўлсада унга эришган бўлар эдилар. Агар инсонлар хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишда қандай савоб берилиши билганларида эмаклаб бўлсада жамоатга келган бўлар эдилар”, деганлар.
- Муаззиннинг товушини эшитган ҳар бир нарса унга гувоҳлик бериши. Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У кишига Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу:
«Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки қўйинг ичида, чўлингда бўлсанг-у, намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деган экан».
Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.
- Муаззин товушининг миқдорича гуноҳлари кечирилади ва у билан намоз ўқиган кишиларнинг савоби мислича ажр берилади. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Албатта фаришталар авввалги сафда турганларга саловот айтадилар. Муаззиннинг тавуши баробарида гуноҳлари кечирилади ва азон тувушини эшитган ҳулу-қуруқ нарсалар унга гувоҳлик беради ҳамда у билан намоз ўқиган кишиларнинг ажрича ажр берилади”.
- Муаззинлар пайғамбаримизнинг хос дуоларининг замирига кирган кишилардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Имом зоминдур (масъулдир) ва муаззин омонат эгасидур. Аллоҳим имомларни тўғри йўлга бошлагин ва муаззинларни гуноҳлари кечиргин”, деганлар.
- Азон сабабли муаззиннинг гуноҳлари кечирилади ва унинг жаннатга киришлигига сабаб бўлади. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу пайғамбаримиздан шундай ҳадисни эшитганман дейдилар: “Роббингиз тоғнинг теппасида қўйларини боқиб юриб, азон айтиб намоз ўқийдиган кишидан ажабланади. Бас, Аллоҳ таоло: “Қаранглар бу бандамга мендан қўрққанлиги учун азон ва такбир айтади. Ҳақиқатда бу бандамни гуноҳларини кечирдим ва уни жаннатга киргизаман”, дер экан”.
- Муаззинлар Аллоҳнинг бандаларининг яхшиларидандур. Ибн Абу Авфодан ривоят қилинади ушбу ҳадис. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Албатта Аллоҳнинг наздида бандаларининг энг яхшиси, Аллоҳнинг зикри (намоз) учун қуёш, ой ва юлдузларга эътибор қилиб турадиганларидур”.
- Муаззин агар азон ва такбир айтса, унинг ортидан Аллоҳнинг фаришталари ҳам намоз ўқийди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Агар бир киши саҳро ерларда бўлсада, намоз вақти яқинлашса, бас таҳорат қилиб, агар сув топа олмаса таямммум қилиб, намозни қоим қилса, унга вакил қилинган икки фаришта ва Аллоҳ талонинг фаришталари у билан бирга намозга қоим бўладилар”.
Манбалар асосида тайёрланди.
Ўткирхон Маҳмудов,
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
