Фиқҳ шубҳасиз тақво ва яхшилик сари етакловчи василадир!
27

Биз бандаларига илм ато қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамди сано бўлсин. Уммат учун йўлбошчи бўлган Пайғамбаримиз ﷺга салом ва салавотлар бўлсин. Илоҳий китобимиз Қуръони каримда олимлар билан омиллар асло тенг бўла олмаслиги уқтирилган. Аҳли илмларни юксак мартаба ва олий даражаларга кўтаришни Роббимиз Аллоҳ таолонинг ўзи ваъда қилган. Ислом ҳуқуқшунослиги—фиқҳнинг қадри ўзгачадир. Зеро, фиқҳ инсониятнинг дунё ва охират саодатига эришмоғи учун кафолатли воситадир. Эътибор қилинг! Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
يُؤتِي الْحِكْمَةَ مَن يَشَاءُ وَمَن يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْراً كَثِيراً
“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, бас, ҳақиқатан унга кўп яхшилик берилибди” (Бақара/269).
Тафсирчи олимлар оятдаги “ҳикмат” сўзига “бундан фиқҳ кўзда тутилган”, деб изоҳ берганлар. Фиқҳ борасида Пайғамбаримиз ﷺнинг ушбу саҳиҳ ҳадисларидан ҳам билсак бўлади:
من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين
“Кимгаки Аллоҳ яхшиликни истаса, уни динда фақиҳ қилади”. Ишонч билан айта оламизки, абадий саодат ва Ислом динида фақиҳ олим бўлишлик бир-бири билан чамбарчас боғлиқ нарсалардир. Кимки фақиҳ бўлса шубҳасиз унда кўп яхшиликлар мавжуд, кимники яхши бўлиши даргоҳи илоҳийда исталган бўлса, шубҳасиз у динда фақиҳ бўлади.
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз ﷺ айтганлар:
“Динда фақиҳ бўлган киши қандаям яхшидир. Агар унга муҳтож бўлсалар фойдаси тегади. Мабодо унга ҳеч кимнинг эҳтиёжи тушмаган тақдирда ҳам унинг бошқаларга эҳтиёжи бўлмайди”
Кимки фиқҳ илмини эгаллаган бўлса, унга барчанинг эҳтиёжи тушади, дин аҳкомларини ундан сўрайдилар. Ибодат ишлари, савдо-сотиқ, қарз ва ҳоказо муомала турларида ҳамма-ҳамма албатта фақиҳларга мурожаат қилади, муаммоларини ҳал қилишда ҳакамлик қилишларини илтимос қилишади. Муҳтожларга ёрдам бериб, охирати учун ишончли заҳира жамғарган фақиҳларни ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Қаранг, улуғ саҳоба Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу айтган эканлар:
“Андак фурсат ўтириб фиқҳ ўрганишим қадр кечаси ухламай ибодат қилиб чиққанимдан кўра яхшироқдир”.
Аллоҳ таоло қадр кечасини минг ойдан яхшидир деб баҳолаган. Аммо шу минг ойдан афзал бўлган кечани қоим қилиб нафл ибодатлар билан ўтказгандан кўра, холис ният ила бироз фурсат фиқҳ илми билан машғул бўлишлик Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу учун қимматлироқ бўлган экан. Бу ҳам фиқҳ илмининг қадри баланд эканига очиқ бир далилдир.
Зарнужийнинг “Таълим ул-мутааллим” китобида шундай ибора бор:
إن الفقه وسيلة إلي البر و التقوي
“Фиқҳ шубҳасиз тақво ва яхшилик сари етакловчи василадир!”.
Кимки фиқҳий соҳада мутахассис бўлиб, илмини ҳаётий фаолиятида татбиқ қилиб яшаркан шак-шубҳасиз унинг жамиятда мартабаси баланд бўлади. Одамлар орасида муносиб ўрнига эга бўлади. Ҳурмат-эътибор қозонади. Чунки, у Аллоҳ таоло инсоният орасида жорий қилган муқаддас қонунларни билади. Билганини бошқалар билан баҳам кўриб яшайди. Бу эса унинг Аллоҳ хузурида ёруғ юзли бўлишига кафолатдир. Шундай экан илмий йўналишлар ичида фиқҳ соҳаси энг афзалидир, деб айтсак хато қилмаган бўламиз.
Илмлар ичида энг манфаатлиси, кишининг икки дунё саодатига элтувчиси бўлмиш фиқҳни пухта эгаллашга Аллоҳ таоло муяссар қилсин. Амин.
Омонов Оллоёр
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
