ОИЛАВИЙ МУОММОЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ
16

Оиланинг тинчлик ва барқарорлиги ҳамда турли иллатлардан саломатлиги оила шахслари бахти учун муҳим ишлардан саналади. Бу нарса умматни солиҳ мўмин шахс билан қўлаб-қувватлаш деган буюк орзудир. Барчанинг орзуси шудир.
Оиланинг саломатлиги ва барқарорлигига боғлиқ бир неча ишлар бор бўлиб, улардан кўпчилик инсонлар бехабардирлар. Шунинг учун ушбу ишларни очиқ, аниқлик ва мавзу қилиб ўрганиш зарур. Ана шу ишлардан бири, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликдир. Кўп вақтларда ота-оналар ёш фарзандларини тушунмайди, англамайди деган хаёл билан ўрталарида бўладиган можороларни амалда уларнинг кўз ўнгида амалга оширадилар. Бу жуда катта хато саналади. Бола ҳали тили чиқмаган бўлсада, лекин айтилаётган кўп сўзларни тушунади ва буларни қалбининг тўрида сақлаб юради. Шунинг учун фарзандлар уларнинг ёшидан қатъий назар ота-оналар ўртасидаги можоролардан бирортасини ҳам билмаслиги, кўрмаслиги керак.
Дарҳақиқат, турмуш ҳаёти ҳар қандай муваффаққиятли ва саодатли бўлса ҳам, унда турли келишмовчиликлар бўлиб туриши аниқ нарса, чунки ақллар ва тушунчалар турличадир, мижоз ва табиатлар ҳам бир хил эмас. Қандай бўлса ҳам муоммо тезда ҳал қилиниши лозим. Агар келишмовчилик сабабларини мунозара қилиш керак бўлиб қолса, фарзандлардан йироқда, тинчлик билан муҳокама қилиниши муҳим саналади. Фарзандлар олдида муҳокама қилишдан эҳтиёт бўлиш лозимдир. Бу нарса жуда кўп фойдаларни олиб келади. Шулардан қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин:
-Болалар руҳиятни саломатлиги ва беғубор болалигини сақлаш;
-Ота-онаси учун болалар қалбида яхши таассурот қолдириш ва уларга бўлган муҳаббатнинг давомийлиги;
-Муоммони розилик йўлида ечимга олиб бориш ва тез ҳал этишга ёрдамлашиш. Чунки улардан ҳар бири уларнинг келишмовчилигини бирор киши билишини истамаса, бу мавзуни сир тутишга ва биров эшитиб қолмаслиги учун овозларини пасайтиришга шошилишади. Мана шу иш тинчлик билан ҳал этишга ўзаро ёрдамлашиш саналади.
Ота-оналар ушбу ҳақиқатни англашлари ҳали фарзанд кўриш вақти келмасидан аввалроқ бўлиши ўта муҳим саналади. Яъни, ёш келин-куёвлик пайтида англашлари керак. Аммо ким ўз аёли билан бўладиган келишмовчиликни фарзандлари олдида бақир-чақир қилиб ҳаммага эълон қиладиган киши бўлса, олдингилардан дарс олсин. Шу орқали қолган турмуш ҳаётининг услубини ўзгартиради ва ўзи, аёли ҳамда фарзандлари ҳаққида Аллоҳдан қўрқсин. Чунки бундай бақир-чақирлик аввало ўзининг асабини қурбон қилади, сўнгра аёлига зулм қилган ва фарзандлари миясини заҳарлаган бўлади.
Албатта биз ушбу ҳақиқатга зид иш қиладиган бўлсак, ўз асаб ва жисмимизга азият бериб, уни еб битирамиз, фарзандларимиз руҳиятини синдирамиз, турмуш ҳаётимизни ўта чигаллаштириб юборамиз. Баъзан аёл катта хато қилиб қўяди, лекин унга қараб қаттиқ бақириши ва фарзандлари олдида унга қаттиқ танбеҳ бериб, койиши эрнинг маслаҳатидан эмас. Ҳудди шу иш аёлга ҳам тегишли, у ҳам эрига бақириши ёки фарзандлари олдида жанжал бошлаши унинг солиҳлигидан бўлмайди. Аллоҳнинг инсонда яратган суннатларидан бири уни мойил бўлувчи қилиб яратганидир. Мазлум бўлиб кўринган кишига нисбатан инсонда раҳмдиллик мойиллиги пайдо бўлади. Фарзандлар ҳам ота-онасидан мазлум деб ўйлагани тарафига ён босиш ҳисси пайдо бўлади. Ота бақираётган бўлса, онага, она бақирса, отага мойил бўлади. Қалбида золим бўлиб кўринганига нисбатан ғазаб, мазлум бўлиб кўринганига эса, шафқат, меҳр сақлаб боради. Бу эса, яхшилик аломати эмас, оила фаровонлиги зарар берувчи хатарли омилдир.
Юқорида айтилган нарсалар ҳаётдаги ҳамма кўриб билиб турган аниқ бўлиб турган ишлардир. Агар эр-хотин бир-бирига танбеҳ бериш ва койишни истаса, бу иш хилватда, болалар қулоғига ҳеч қандай нарса етиб бормайдиган жойда бўлсин. Эр-хотиндан бири бошқасининг ҳиссиётини риоясини қилса, уни фарзандлари олдида уни койимасин, унга танбеҳ бермасин. Тинчлик ва сокинлик билан ҳал қилсин. Муоммолар қаршисида эр-хотинлар ўзларига қуйидаги асосларни белгилаб олишлари фойдадан ҳоли бўлмайди:
-Улардан ҳар бири бошқасининг инжиқлигини кўтариши;
-Бир-бирига тенгма-тенг асабийлашиб, қизишмаслиги;
-Хато содир қилгани ўз хатосини эътироф етиши ва ўзини катта олмаслиги;
-Ўрталаридаги келишмовчилик кўп давом этмаслик. Бири-биридан бир кеча кундуздан ортиқ аразлашиб юриш мумкин эмаслиги;
-Ҳадеб бир масалада бошқасини итоб қилавермаслик, камдан-кам бўлиши бундан мустасно;
-Улардан бири келишмовчиликни ҳал этиб бериши учун бошқа шахсни аралаштирмаслик, на ўз аҳли ва на дўсти ҳамда отасини, ҳеч кимни қўшмаслик лозим.
Юқоридаги ҳолатлар эр-хотин келишмовчиликларда фойдали таъсири бўлиши мумкин, айниқса, уларни бирга яшашга рағбатлари мавжуд бўлса албатта…
Хулоса ўрнида машҳур ҳадиси шарифни эслаб ўтамиз. Расули акрам ﷺ шундай деганлар: “Ғазабланма”. Яъни ғазабланишдан сақлан, барча муоммолар шу орқали юзага келади. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин”, деганлар. Гапирса фақат яхши гапларни гапирсин, бунга имкони бўлмаса, жим турсин, ана шу ишлар саодат калитидир, демоқчилар. Бошқа ўринда эса: “Бир мўмин эр мўмина хотинни тарк этмасин. Агар ундан бирор хулқи ёқмаса, бошқа хулқ-атвори уни рози қилар”, деганлар. Яъни, эр-хотинлар ўртасидаги муоммоларда эр аёлини дарров тарк этиб кетмасин, унга ёқмаган нарсасидан бошқа бир яхши иши, хулқи ёқар, ана шу яхши хулқига қараб у билан яшайверсин. Банда камчиликдан ҳоли эмасдир.
Муҳибуллоев Саид-Муҳаммадхон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
