Иймон билан ҳасад ҳам жам бўлмайди
38

Ҳар-бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим ва лобуд бўлган қалб ҳасталикларининг бири ҳасаддир.
“Ҳасад” сўзи луғатда арчиш ва шилиш деган маъноларни англатади. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.
Уламолар: “Ҳасад – бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир” дейдилар.
Ҳаётнинг энг майда икир- чикирларидан тортиб, энг баланд чўққиларигача, ҳар нарсада ҳасад бордир.
Агар инсон бошқа бир инсонга етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасига барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳасад эмас ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига ҳам шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.
Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
“Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” деган (54-оят).
Аллоҳ таоло Фалақ сурасида:
“Айт: “Тонг Роббидан паноҳ сўрайман… У яратган нарсалар ёмонлигидан… ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан… ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан… ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман) деб айт”, деган (1-5 ойтлар)
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори, ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ ﷺ: “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги чанг ва жаҳаннам олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад ҳам жам бўлмайди”, дедилар”. Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда бир банданинг қалбида икки турли нарса жам бўлмаслигининг хабари берилмоқда.
Биринчиси – Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннам олови кирмаслиги, яъни ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб, Жаннат аҳлидан бўлишидир.
Иккинчиси – бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги. Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало- офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.
Қуддусов Абдуллоҳ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
