Адолат тимсоли
35

Қаерда бўлсин, ҳар қачонки адолат ҳақида сўз кетганида, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу адолатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади. Зеро, адолат — одиллик у кишининг ажралмас сифатига айланиб кетган.
Ҳазрати Умар халифаликни бошқаришда халқчилликни йўлга қўйган эдилар. Аллоҳ таолонинг мўминлар васфида айтган “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” ояти каримасига амал қилиб, ўзига хос кенгаш-мажлис тузган эдилар. Бу мажлисга аъзо бўлувчи киши маълум талабларга жавоб бериши лозим эди. Энг асосий талаб илмли бўлиш эди. У киши тузган мажлис жамиятнинг деярли ҳар бир соҳасидаги ишларини эркин баҳслашув орқали ҳал қилар эди.
Ислом халифалигида ишбоши, вилоят раҳбарлари, хусусан, жамият томонидан унинг намоёндаси қилиб тайинланган шахслар волий, амир, омил каби номлар билан аталадилар. Хазрати Умар розияллоҳу анҳу волийлар ишига алоҳида эътибор бердилар. У киши волийларни оддий фуқародан устун кўрмас эдилар. Шу билан бирга, уларнинг масъулиятларини аниқлаб бериб, улардан ушбу масъулиятни ҳис қилган ҳолда иш кўришларини қаттиқ талаб қилар эдилар. У киши амирликка номзод танлашни жойига қўяр эдилар. Шу билан бирга, ўзлари тайинлаган вазифадорга ўз шартларини яхшилаб тушунтирар эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз омилларини юборса, уларга: “бошқаларникидан ажралиб турадиган улов минмайсизлар, яхши буғдой нон емайсизлар, юмшоқ кийим киймайсизлар, одамларнинг ҳожатидан эшикларингизни ёпмайсизлар, агар шулардан бирортасини қилсангиз, сизга албатта уқубат тушади”, деб шарт қўяр эди. Сўнгра уларни кузатгани чиқар эди. Қоидани бузган амир ким бўлишидан қатъи назар, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонларидан кўриладиган чорага дучор бўўлар эди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кимликлари ҳаммага маълум. У киши Расулуллоҳ ﷺнинг тоғалари, жаннат башорати берилган ўн кишининг бири, Ислом учун жон фидо қилганлардан, Қодисия, Мадоин ва бошқа жойларда мусулмонларни ғалабага бошлаган музаффар лашкарбоши ва ҳакозолар. Лекин халифа ва волийлик масаласига келганда, орага ҳеч нарса туша олмас эди. Халифа Умар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг улуғ мартабаларига қарамасдан Куфа волийлигидан бўшатди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзларига нисбатан ҳам талабчанликлари волийларга бўлган талабчанликларидан кўра анча устун эди. У киши ўзлари, оила аъзолари ва қариндошлари халифалик мансабини суистеъмол қилмасликлари учун барча чораларни кўрар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом жамияти бошлиғи сифатида халқ оммасининг қорнини тўқ, устини бут қилмасдан туриб, ўзларининг ҳам, оиларининг ҳам, омилларининг ҳам бошқалардан имтиёзли ҳолда бўлишларига ҳақлари йўқ, деб тушунганлар. Шунинг учун ҳам мазкур тоифалардан бошқалар ҳалол йўл билан топиб, еб-ичиб, кийсалар, тергаш ҳоллари мутлақо бўлмаган.
Ислом жамияти соясида яшайдиган ғайридинлар исломий истилоҳда “аҳли зимма” деб аталадилар. Яъни уларнинг дини, жони, моли ва бошқа жиҳатдан тинч омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Мусулмонлар “аҳли зимма”лар билан аҳднома тузганда, уларни ана шу нарсалар билан таъминлашни ўз зиммаларига олганлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида бошқа масалалар каби бу масалада ҳам кўплаб янгиликлар содир бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли зимма масаласида кишининг ақли лол қоладиган даражада ижтиҳодлар қилдилар. Буларнинг ҳаммаси Исломнинг умумий таълимотларига суянган ҳолда амалга оширилди. Бу соҳада асрлар давомида барча динлар, барча миллатлар ва барча жамиятларга ўрнак бўладиган ишларни қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир қари зиммий чолнинг масжид эшиги олдида тиланиб турганини кўриб қолди ва: “Сенга нисбатан инсоф қилмабмиз. Ёшлигингда сендан жизя олибмиз. Катта бўлганингда сени зое қилибмиз”, деди. Сўнгра байтулмолдан унга етарли нафақа жорий қилди.
Бир мусулмон ва бир яҳудий ҳусуматлашиб, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келишди. Яҳудий ҳақ бўлиб чиқди. Умар унинг фойдасига ҳукм чиқарди. Шунда яҳудий унга: “Аллоҳга қасамки, ҳақ ила ҳукм чиқардинг”, деди. “Сен қаердан билдинг?” деди Умар. Биз Тавротда: “Қайси қози ҳақ ила ҳукм чиқарса, албатта, ўнг томонида битта, чап тарафида битта фаришта уни қувватлаб туради. Модомики, у ҳақда экан, ишини тўғирлаб турадилар. Қачон ҳақни тарк қилса, улар ҳам уни тарк қилиб, кўтариладилар”, дейилганини топамиз деди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг илоҳий адолат уммонидан сув ичган адолатларини кўргандан кейин, ундан баҳраманд бўлгандан кейин яҳудий ҳам эриб кетиб, мусулмонлар халифасини алқашга ўтган. У яҳудийларнинг бошқалардан беркитиб юрадиган китоблари, яъни Тавротдаги ҳақиқатни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳукмида кўрганлигини эътироф этган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш адолатли ишларни ташвиқот учун қилмас эдилар. Балки буни вазифа, Аллоҳ таоло олдидаги бурч, деб ҳис этганларидан қилар эдилар. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар бир одам у киши учун Аллоҳ таоло нозил қилган шариат ҳукми олдида баробар эди. Мусулмонми, зиммийми ёки бошқами, ҳазрати Умар учун баробар эди. Ҳақ ким тарафда бўлса, ҳукм ўшанинг фойдасига чиқарилар эди.
Биродарлар, биз ким бўлсакда, жамиятда қайси касбда ишлашимиздан қатъий назар, ўз ишимизни исломда буюрилганидек, эрта қиёматда ҳар бир қилган ишимиз ҳақида сўралишимизни чуқур ҳис этган ҳолда амалга оширсак, тарихда ўтган буюк ота боболаримиздек миллатимиз, халқимиз, жамиятимиз ривожига маълум бир миқдорда бўлсада ўз ҳиссамизни қўшган бўлардик. Барчамизга Ислом жамияти раҳбари сифатида олиб борган ишларига бутун дунё қойил қолган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби етук шахс бўлиш насиб этсин.
Қурбонов Хайрулла
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси Ҳадис фани ўқитувчиси
