Раҳбарларга итоат
23

Ўзининг муқаддас каломида “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Набавий ўгитларининг бирида “Агар сизларга боши қоп-қора майиздек ҳабаший қул амир қилинса ҳам (унга) қулоқ тутинглар ва итоат қилинглар” деб уқтирган, суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга мукаммал дуруду саловатлар бўлсин.
Жамият бошқарувининг турли хил кўринишлари кишилик тарихидан маълум. Уларнинг баъзиларида адолат тамойилига асосланиб иш тутилган бўлса, бошқаларида истибдод услубидан фойдаланилган. Исломгача бўлган даврда дунёнинг сиёсий қиёфаси ана шундай ҳолатда эди.
Инсониятни жаҳолат ботқоғидан қутқариш учун келган Аллоҳнинг энг сўнги ва мукаммал дини – Ислом турли жамиятлардаги бу каби ноҳақликларга барҳам бериш дастурини ишга туширди.
Дастлабки фаолият Маккаи мукаррамада олиб борилди. Бир муддатдан сўнг Мадинаи мунавварада илк исломий бошқарувга эга жамият барпо этилди. Табиийки, бу мусулмон жамиятининг илк раҳбари Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад ﷺ эдилар. У зот ҳаётлик чоғларида мусулмонларни Қуръони карим ва ўз суннатлари ила бошқардилар. Вақти соати етиб, фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилганларида у зотнинг ўрнига халифа давлат ишларини бошқариш масъулиятини ўз зиммасига олди.
Шариатнинг икки асосий манбаси ҳисобланган Қуръони карим ва суннати набавийда раҳбарга итоат этиш тўғрисида муҳим кўрсатмалар келган ва бу итоат шариат доирасидан ташқарига чиқмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, Ислом таълимотида фуқаронинг раҳбарга муносабатини ўрганиш ва бу ҳақида имкон қадар маълумот бериш — бугуннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
Инсон ва жамият ҳаётининг барча тармоқларини қамраб олувчи мукаммал шариатимизда оддий фуқаронинг раҳбарга қай йўсинда муомала қилиши масаласига ҳам алоҳида урғу берилган. Аҳли суннат ақидавий йўналишида бош матнлардан ҳисобланмиш “Ақидатут-Таҳовия”да мавзуга доир қуйидагича матнлар бор:
و لا نري الخروج علي ائمتنا و ولاة امورنا و إن جاروا ولا ندعوا على احد منهم و لا ننزع يدا من طاعتهم و نري طاعتهم من طاعة الله تعالي فريضة ما لم يأمروا بمعصية و ندعوا لهم بالصلاح و النجاح و المعافات
“Имомларимиз, бошлиқларимиз агарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.
Пешқадам салафларимиздан бири — имом Таҳовийнинг бу жумлалари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг эътиборли муҳим ҳужжатларидан бўлиб, унда фуқаро ва ҳукумат муносабатларига доир, аҳли суннат мазҳабининг усулий муҳим масалаларидан қуйидаги бандлар баён қилинмоқда:
- Раҳбарга итоат қилиш ва ҳатто зулм қилса ҳам унга қарши қурол кўтариб чиқмаслик;
- Шариатга зид бўлмаган ҳолатларда раҳбарга итоат Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат каби фарз деб эътиқод қилиш;
- Ҳукумат раҳбарларига насиҳат қилиш ва яхшилик тилаб дуо қилиш;
Саодат асрида яшаб, набавий мактаб таълимини олган саҳобалар Язид ибн Муовиянинг халифалик даврида айнан шундай ёндошув (позиция)да бўлишган. Аниқроқ қилиб айтганда, Язиднинг қилмишларига нисбатан муносабат билдириш хусусида унга қарши чиқиш керак деган фикрни ёқламаганлар. Ҳатто Ҳусайн розияллоҳу анҳу унга қарши чиқиш даъвоси билан ҳаракат бошлаганида, туғишган биродари Муҳаммад ибн Ҳанафия, амакиваччаси Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Зубайр каби саҳобалар унга бундай қилмаслик тўғрисида маслаҳат беришган. Лекин Ҳусайн розияллоҳу анҳу уларнинг гапларига қулоқ солмаган. Бундан ташқари ўша пайтдаги Ҳижоз, Шом, Басра, Куфа ва Мисрдаги кўпгина саҳобалар на ўзи ва на Ҳусайн розияллоҳу анҳу томонда туриб Язидга қарши чиқишмаган.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбари шариат қоидаларига нечоғлик амал қилиши ёки қилмаслигидан қатъи назар унга раҳбар сифатида итоат этиш шарт ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида жамиятда содир бўлиши мумкин бўлган турли хил фитналарнинг олди олинишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло юртимизнинг тинчлиги ва осойишталиги учун туну кун хизмат қилиб, бор куч ва ғайратини сарфлаб, тараққиёт ва ривожланиш йўлларини яратиш борасида фаолият олиб бораётган раҳбарларни Ўзи қўлласин!
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
Ўқитувчиси Омон Қодиров
