Ота-онага эҳтиром
32

Динимизда ота-онага ҳурмат кўрсатиш қатъий буюрилган амаллардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло каломида ўзига ибодат қилиш билан бирга ота-онага яхшилик қилишга буюради.
“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди.” (Исро сураси 23)
Қуйида ота-онага яхшилик қилиш борасида улуғларимиз ҳаётидан баъзи бир ибратларни келтириб ўтамиз.
Нуҳ алайхиссаломнинг ота-оналари ҳаққига қилган дуолари: «Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин!»
Яҳё (алайҳиссалом) ҳақларида Аллоҳ таоло бундай дейди: «У ота-онасига меҳрибон бўлди, жабр қилувчи, итоатсиз бўлмади».
Исо (алайҳиссалом) эса: «Шунингдек, (мени) онамга меҳрибон (қилди) ва мени такаббур, бадбахт килмади», деганлар.
Ибн Масьуд (розияллоҳу анҳу) онасига сув келтирди. Келса, онаси ухлаб қолибди. У киши онасининг ёнида то уйғонгунича турди. Онаси уйғонгач, сувни берди. Мен кетсам, онам уйғониб, сувни тополмай қолмасин, деб шундай қилди.
Ибн Авн раҳимахуллоҳни онаси чақирди. Шунда у кишининг «Лаббай» деган овози онасиникидан баландроқ чиқди. Бу ишидан пушаймон бўлиб, истиғфор айтди ва иккита қулни озод қилиб юборди.
Ибн Сирин (раҳимахуллоҳ) онасига гапирса, ерга кириб кетаётгандек тазарру билан гапирарди. Агар онаси у кишининг олдига кирса, юзининг ранги ўзгарарди.
Ҳасан Басрий (раҳимахуллоҳ) онаси билан бир товоқдан овкат емасди. Бунга сабаб онасининг егиси келган нарсага қўл чузиб, оқ бўлиб қолишдан қўрқарди.
Ҳасан Басрий раҳимахуллоҳ айтади: «Онанинг юзига назар солиш ибодатдир. Бас, унга яхшилик қилиш нималигини билиб олавер».
Ибн Шурайҳ рахимахуллоҳ масжидда дарс берар эди. Онаси келиб: «Тур ўрнингдан! Товуқларга дон бер!» дер эди. У киши онасига итоат килиб, дарҳол турар ва дарсни тарк қиларди.
Ҳикматуллохон Ҳомидов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
