Сохта тариқатчиларнинг ақидавий хатолари
21

Бизларни йўқдан бор қилган, барча яратганлар ичида инсонни мукаррам қилган ва яхши ва ёмонни, савоб ва гуноҳни ажратиш учун ақл неъмати билан неъматлантирган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Олимларнинг йўл бошчиси, обидларнинг намунаси, сўзда ҳам, амалда ҳам тақводарларнинг имоми бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга саловотлар бўлсин.
Тасаввуфнинг илм сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшган, кўплаб уламолар диёримиздан етишиб чиққан бўлиб, уларнинг ёзиб қолдирган асарлари ҳалқимизнинг маънавий меъроси ҳисобланади. Юртимизда кенг тарқалган “Нақшбандия” тариқатининг таълимотида устоз ва шогирдлар илм фарзлиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиш зарурлиги, оилани унутмаслик ва ислом аҳкомларини мутаассибона талқин қилмаслик борасида ўта жиддий ва масъулиятли талаблар қўйилган.
Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, уни таълимоти, шариъат аҳкомлари ва ижтимоий ҳаётдан узоқлашган ҳолда талқин этилмоқда. Исломда бирор-бир шайхга мурид бўлиш ҳеч кимга фарз қилинмаган. Тариқатчиларнинг “Пири йўқнинг пири шайтон” деган хато даъвоси ҳеч қандай шаръий далилга эга эмас. Баъзи ҳудудларда пирга эргашган тариқатчиларнинг қазо бўлган намозлари ва рўзаси соқит бўлиши ҳақидаги даъвоси исломга бутунлай зиддир. Суфийликни даъво қилаётган шахслар оиласини ойлаб маблағсиз, болаларини эса тарбиясиз қолдирган ҳолда пирнинг хизматини қилиб юришлари ва бировнинг эҳсони билан кун кечиришликлари ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига ва соф Нақшбандия таълимотига зиддир.
Тарихга назар соладиган бўлсак ҳаттоки ўтиб кетган Пайғамбарларнинг ҳаммаси пайғамбар бўлсада тирикчилик учун оиласини боқиш учун ҳалол касб қилганлар. Масалан Одам (а.с) деҳқончилик, Идрис (а.с) темирчилик билан, Мусо ва Муҳаммад ﷺлар чорвачилик қилганлар. Муҳаммад ﷺ кейинчалик тижорат билан шуғулланган. Пайғамбарлардан мерос қолган бу қадрият валийлик мақомига эришган аҳли уламо тамонидан муносиб давом эттирилган. Тасаввуф шайхлари ҳалқнинг маънавий раҳбарлари, руҳоний мураббийлари сифатида майдонга чиқиб, пайғамбар ﷺ фаолияти, ҳолатларини давом эттиришга жазм этганлар.
Пайғамбарлардан кейин тасаввуфни давом эттирган сиймолар жуда кўп бўлган бўлиб, биз айнан ўзимизнинг юртимиздан чиққан сиймолар тарихига назар ташлаймиз. Масалан, Хожагон шайхлари ўзлари албатта бирор касб- ҳунар билан машғул бўлганлар. Масалан, Хожа Али Ромитаний–тикувчи, Муҳаммад Бобойи Саммосий–боғбон, Саййид Амир Кулол–кулолчи, Баҳоуддин Нақшбанд – наққош, тўқувчи ва чорвадор бўлган, Амир Кулолнинг ўғли Амир Ҳамза–овчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор–чорвадор ва савдогар бўлганлар. Мазкур сиймолар ҳатто ишсиз бирор касбу- ҳунарсиз кишиларни муридликка ҳам қабул қилмаганлар.
Нақшбандия таълимотида шундай олтин қоида бор “Дил ба ёру Даст ба Кор” бутун дунё аҳли эътироф этадиган олтин қоидага айланди ҳеч ким эътироз билдира олмади. Демак, ким бўлишлигидан қатъий назар ҳалол касб билан оиласини ташлаб кетмасдан, тарку дунёчилик қилмасдан оиласига ва фарзандларига ғамхўр бўлишлик талаб қилинади. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз ﷺ “Исломда тарки дунёчилик йўқ” дедилар.
Сохта тариқатчиларнинг ислом аҳкомларига нисбатан эътиборсизликлари, яъни даъволари пирга қўл берганни қазо намозлари ва рўзалари соқит бўлади деганлари. Буларнинг даъволарига раддия сифатида қўйидаги далилларни келтирамиз: Ҳанафий уламоларидан Шайх Аҳмад Маъруф Мулло Живон Содиқийнинг “Нурул Анвар фий шарҳи рисолатил манор” китобида шундай сўзлар келтирилади. Буйруқ билан вожиб бўлган ибодатларнинг қазолари ҳам вожиб бўлади дейилди. Масалан, Тоҳа сурасининг 14- оятида Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт” бу Роббимиз тамонидан бўлган буйруқ ёки Бақара сурасининг 183-оятида шундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз” мана шундай буйруқлар билан келган ибодатларнинг қазоси ҳам вожиб дейлмоқда. Фатавоий ҳиндия китобининг “Қазо бобиниг 134 — бетида” шундай дейилган: Намоз вожиб бўлгандан кейин қазоси ҳам вожиб бўлади. Қасдан ёки саҳван унутиб ёки ухлаб қолишлик сабабли бўлса ҳам, қазо бўлган намоз кўп бўлса ҳам оз бўлса ҳам, қазо бўлган намозлар вожиб бўлади. Бир фикр қилиб курайлик ибодатни тарк қилишга ҳеч кимни ҳаққи ва ҳадди ҳам йўқ. Биз шу ўринда бир нарсага аниқлик киритишимиз керак биз зикр қилган вожиб дегани фарз дегани, кейинчалик ҳақиқий вожиб ҳақида ҳам маълумот берамиз. Ёки ҳанафий уламоларидан бўлмиш Абдул Ҳомид Маҳмуд Таҳмознинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий совбил жадид” китобининг биринчи жузъининг 303 – бетида қазо намозлар боби бўлиб шундай дейилади. Фарз бўлган намозларни вақтидан кечиктириш гуноҳи кабирадан саналади ва унга адо қилиш билан соқит бўладиган намозни тарк қилганлик гуноҳи ва намозни вақтидан кечиктирганлик гуноҳи ёзилади.
Адо-ўз вақтида бажарилиши вожиб бўлган иш. Қазо-вақти ўтгандан кейин бўлса ҳам бажарилиши вожиб бўлган иш.
Хулоса қилиб айтганда, фарзнинг қазоси фарз ва вожибнинг қазоси вожиб. Вожиб намозига мисол келтирамиз, хуфтон намозидан кейин ўқиладиган витри вожиб намози вожиб агарда қазо қилинса қазоси ўқилади. Ёки бирор киши шу касалимдан тузалсам 20 ракат нафл намозини ўқийман деди тузалганда вожиб бўлади. Ёки ўғлим ўқишни битирса 3 кун нафл намоз ўқийман деди. Ўғли ўқишни битириши билан намоз вожиб бўлади, ўқимаса гуноҳкор бўлади вақтида ўқимаса қазосини бўлсада ўқийди. Мана шу зикр қилинган намозлар қазоси ўқилиши талаб қилинганда, Аллоҳ буйруқ билан фарз қилинган намозлар ўқилмайдими.
Намоз исломнинг бешта рукнларидан бири бўлиб у диннинг устуни ҳисобланади. Шунинг учун мусулмон кишига уни саҳиҳ ҳолатида ва талаб қилинган вақтида адо қилмоқлик вожиб бўлади, бунга далил сифатида Нисо сурасининг 103-оятини далил қилиб келтирамиз: Албатта намоз муъминларга вақтида фарз қилингандур. Агарда бу намозлардан бирортаси ўтиб кетса, яъни ўқилмай қолса уни қазосини ўқишлик муъминнинг зиммасига вожиб бўлади. Бунинг далили ўлароқ Пайғамбаримиз ﷺнинг: “Ким намозни унутса уни эсига олган заҳоти ўқисин, қолдирилган намоз учун каффорот бериш йўқ магар ўзини ўқиб қўйишлик каффоратдур” деган ҳадисларини келтирамиз. Чунки, намоз Аллоҳнинг ҳаққи ҳисобланади, Аллоҳнинг ҳаққи барча ҳақлардан олдин биринчи бажарилиши талаб қилинадиган ишдир. Бунга далил сифатида Пайғамбаримиз ﷺнинг ушбу ҳадиси шарифини келтирсак мақсадга мувофиқ бўлади: “Аллоҳнинг ҳаққи биринчи бажарилишликка ҳақлироқ бўлган ишдир” дедилар. Аллоҳ барчамизни ўзи ҳидоятдан адаштирмай зиммамиздаги ҳақларини адо қилишликни насиб айласин. Ақида масалаларига оид- Аллоҳни шу дунёда кўриш жоиз деган даъвони қилаётганлар билиб қўйсинларки, Аллоҳнинг жамолини фақат жаннатда кўришга мушарраф бўлажакмиз, иншааллоҳу таоло.
Қуръони каримда: “Аллоҳни бу дунёда ҳеч қандай зот кўра олмайди, балки у кўз эгаларини кўради” дейилган.
Мусо алайҳиссаломдек зотнинг Тур тоғида Аллоҳни бевосита кўраман деб кўра олмаганликлари ҳақидаги қисса ҳам бунга далилдир.
Бу жавобларга қаноат қилмаганлар бўлса, Қуръони карим, ҳадиси шарифлар ҳамда буюк салафларимиз ёзиб қолдириб кетган Ислом манбаларига мурожаат қилсинлар. Ҳар қандай кароматли эшон ёки шайхул-машойих бўлмасин, шариат аҳкомларига хилоф иш тутишга ҳаққи йўқдир. Аллоҳ барчаларимизни тўғри йўлдан оздирмай, ҳидоятда собит қадам қилсин.
А. Бозоров
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
