АЗОН
18

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Азон – ислом динида намозга, ибодатга чақириқ эканини ҳаммамиз биламиз. Аммо унинг таърифи, унинг амалга киритилиш тарихи ва унга оид дақиқ маълумотларни ҳамма ҳам билавермайди.
“Азон китоблари” нашриётида чоп этилган “Катта фиқҳ энциклопедияси”дан олинган азонга оид маълумотларни билганларга эслатма, билмаганларга эса фойдали маълумот бўлишлиги учун, тақдим этишга қарор қилдик. Аллоҳ таоло икки дунёда фойдали илмлардан қилсин ин ша Аллоҳ.
Азоннин шаръийлашиши, иқомат, ҳанафийлар, шофеъийлар,
Азон луғатда билдириш маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, у – махсус кўринишда, ривоят қилинган маълум лафзлар билан фарз намоз вақти (бўлгани)ни билдиришдир.
Қолаверса, азон Исломнинг улуғ шиорларидан. Шу сабаб у фарзи кифоя бўлади. Баъзилар уни суннати муаккада деган. Бу ҳанафий мазҳабимиз наздидаги рожиҳ, шофеъийлар наздида енг саҳиҳ сўздир. Баъзи моликийлар: “Намозда шерик бўлишлари учун бошқаларни кутиб турган жамоат учун у суннати муаккада”, дейишган. Ҳанбалийлар наздидаги саҳиҳ қавлга кўра, азон сафар пайтида суннати муаккада бўлади. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган бошқа бир ривоятда азон мутлоқ суннати муаккада экани айтилган.
Юқорида айтилган фикрларга қарамасдан, азон айтмасдан намоз ўқиган жамоанинг намози дуруст бўлади. Бироқ суннатга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф иш қилганлари учун тарки суннат қилишган бўлишади.
Азоннинг шариатга илк киритилиши: Энг саҳиҳ қавлга кўра, азон ҳижратнинг илк йили Мадинада машруъ қилинган. Бу борада саҳиҳ ҳадислар бор. Жумладан: имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилган ҳадис. Ибн Умар розияллоҳу анҳума айтади: “Мусулмонлар Мадинага келган пайтларида (масжидда) тўпланиб ва намоз вақтини кутиб туришарди. Бир куни улар намозга бирор усулда чорлаш, ибодат пайти бўлганлиги ҳақида хабар бериш борасида гаплашиб қолишди. Баъзилар: “Насоролар каби қўнғироқ чалган маъқул”, деди. Айримлар: “Яҳудийларга ўхшаб бурғудан фойдалансакчи”, деб маслаҳат берди. Умар розияллоҳу анҳу баҳсга аралашди: “Намозга чақирадиган бирор кишини тайинласакчи?!” Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Билол! Тур намозга чақир”, дедилар. Сўнг, Абдуллоҳ ибн Зайд гап бошлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни намозга тўплаш учун занг чалишга амр қилганларида кечаси туш кўрдим. Олдимдан занг кўтарган бир одам ўтди. “Эй Аллоҳнинг бандаси, зангни сотасанми?” дедим унга. У: “Буни нима қиласан?” деди. Мен: “У билан намозга чақирамиз”, дедим. У: “Сени бунданда яхшироқ нарсага далолат қилайинми?” деди. Мен рози бўлдим. У: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” дейсан, деб азон ва иқоматни охиригача айтиб берди. Тонг отиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, кўрган тушимни айтиб бердим. У зот: “Иншааллоҳ, бу ҳақ тушдир. Билолнинг ёнида туриб, иқоматни билдириб тур, у азон айтсин”, дедилар”.
Азоннинг фазли:
Азон бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган энг улуғ амаллардан биридир. Унда кўплаб фазл ва улуғ ажрлар бор. Азоннинг фазли борасида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади. У зот: “Агар инсонлар азонда ва биринчи сафда нима (ажр) борлигини билганларида, сўнгра (унга еришиш учун) қуръа ташлашдан бошқа йўл топа олмаганларида, албатта, қуръа ташлаган бўлар эдилар”, дея марҳамат қилганлар. Азондаги фазл ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг азон айтишга ундаганлари эътиборидан фуқаҳолар: “Агар азон айтишга кўпчилик тортишиб қолса, муаззинлик шартлари тўла топилган киши энг аввал танланади. Агар мазкур шартларда кўпчилик тенг бўлса, ўрталарида қуръа ташланади”, дейишган. Бу ҳақида юқорида қайд етилган ҳадисда ҳам айтиб ўтилган эди. Ривоятга кўра, Қодисия куни азон айтиш борасида талашиб қолинди. Саъд розияллоҳу анҳу қуръа ташлаб, муаззинни аниқлаб бердилар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муаззинлар қиёмат куни энг узун бўйли одамлар бўладилар”, дедилар.
Баъзи ҳанбалий, моликий ва шофеъий мазҳабининг фақиҳлари нақл қилинган хабарларга асосланиб муаззинликни имомликдан афзал санайдилар ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда халифалар ушбу амалга (муаззинликка) вақт ажратишга имконсизликлари учун ўзлари бевосита қилмаганлар. Шу сабабдан Умар ибн Хаттоб бир сўзларида: “Агар халифалик бўлмаганда азон айтган бўлардим”, деган экан”.
Ҳанафий уламоларимиз ва ҳанбалийлар азон борасида Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушида кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган ҳадисида келган лафзларни олганлар. Ушбу лафзлар қуйдагича:
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
أَشْهَدُ أَلاَّ إِلَهَ إِلاَّ الله Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ,
أَشْهَدُ أَلاَّ إِلَهَ إِلاَّ الله Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ,
أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ الله Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ,
أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ الله Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ,
حَيَّ عَلَى الصَّلاَة Ҳайя алас солаҳ.
حَيَّ عَلَى الصَّلاَة Ҳайя алас солаҳ.
حَيَّ عَلَى الْفَلاَح Ҳайя алал фалаҳ.
حَيَّ عَلَى الْفَلاَح Ҳайя алал фалаҳ.
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
اَللهُ أَكْبَر Аллоҳу акбар,
لاَ إِلَهَ إِلاَّ الله Ла илаҳа иллаллоҳ.
Бомдод намозига азон айтилганда “Ҳайя алал фалаҳ”дан кейин икки марта: «اَلصَّلاَةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ» “Ассолату хойрум минаннавм” қўшиб қўйилади.
Азизлар! Ушбу маълумотлардан кўринадики, Азоннинг ҳикмати биз учун жуда улуғ. Ҳали бу- биз азон ҳақида изланиб топган маълумотларнинг денгиздан бир томчисидир. Шундай экан, биз ушбу ўрганган маълумотларимизни билмаган биродарларимизга ўргатишимиз ва унинг одобларига амал қилишимиз керак бўлади.
Шу мақсадда биз мадрасамизда талабалар ўртасида “Азон” мусобақаси ўтказдик. Унда барча курслардан талабалар қатнашдилар. Тўғрсини айтганда улар ўртасидан ғолибларни танлаш бир оз қийин бўлди, чунки талабалар бир-биридан чиройли қилиб азон айтдилар. Талабаларни янада қизиқтириш мақсадида ғолибларга эсталик совғалар берилди.
Акбархон Асқаров
Фойдаланилган адабиётлар:
- Шарҳу мунтаҳал иродот. Дорул фикр нашри, 1-жилд. 122-бет. Ихтиёр ли-таълилил мухтор. Дорул маърифа нашри, 1-жилд. 42-бет. Минаҳул жалил. 1-жилд. 117-бет.
- Лисонул араб. Шарҳу мунтаҳал иродот. 1-жилд. 122-бет. Муғнил муҳтож. Ҳалабий нашри, 1-жилд. 133-бет.
- Муттафақун алайҳ. Луълуъ вал маржон. 224- рақам.
- Ал-Инсоф. 1-жилд. 407-бет. Ал-Муғний. 1-жилд. 417-418-бетлар.
5 . Мавоҳибул жалил шарҳи мухтасар Халил. 1-жилд. 422-423-бетлар. Ал-Мажмуъ шарҳул Муҳаззаб. 3-жилд. 81-бет. Муғнил муҳтож. Ҳалабий нашри, 1-жилд. 134-бет. Фатҳул қадир. 1-жилд. 209-210-бетлар. Ихтиёр ли-таълилил мухтор. 1-жилд. 42-бет.
