Ғариб ота қиссаси  

26

Машҳур ислом адиби, етук олим шайх Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ ўз қулоғи билан эшитган таъсирли воқеаларидан бирини келтириб ўтамиз. Шояд бундан ўзимизга керакли ибратни олсак. Зеро, ақл эгаларигина ибрат олурлар.

Тантовий шундай деб ҳикояни бошлайди: “Кеча мени олдимга маҳкама котиблари тарқаб, кетиш учун палитойимни кейганимдан кейин, ёши улуғ, оёқларини қарилик ва заифликдан зўрға судраб бир одам кириб келди ва менга салом бериб, ўриндиқга суяниб туриб шундай деди: “Аввало дардимни Аллоҳга сўнрга сизга айтаман. Мени қиссамга қулоқ солиб, менга зулм қилган одамга қарши ҳукм қилишингизни истаяман”, деди.

“Марҳамат, қулоғим сизда гапиринг”, дедим.

“Ўтиришга изн берсангиз, валлоҳи тик туришга мадорим йўқ”, деди киши.

Мен: “Бемалол, ўтиринг, сизни ўтиришдан ким ман қилди? Ўтиринг эй биродарим, бу ҳукумат девонхонасига ушбу курси ва бу қулай ўриндиқларни сизга ўхшаган тик туришга мадори йўқ мижозларни дам олиши учун қўйилган. Шунчаки безак учун қўйилмаган.

Йўқ, биз бу курсиларни қўйишдан шаръий маҳкамалар подшоҳлар шоҳонаси бўлишини истамаймиз, марҳамат роҳат қилиб ўтиринг. Чунки бу давлатнинг курсиси, отам ва бобомнинг курсиси эмас, дардингизни сўзланг, қулоғим сизда”, дедим.

Отахон сўзлай бошлади: “Мен қиссани бошидан айтаман, сабрингиз етади ва юрагингиз сиқилиб кетмайди, деб умид қиламан. Мен ёшлигимдан сўзимни яхши ва чиройли гапира олмайман, ҳозир ундан ҳам қейин, ваҳоланки ёшим ҳам бир жойга бориб қолган, бошимга не-не мусибатлар етди, қанча-қанча касалликларни ўтқаздим, лекин шундай бўлсада ростгўйликни яхши кўраман фақат ва фақат ҳақни гапираман.

Ёшлигимда виждонли бир киши эдим. Ҳаррадаги[1] уйимдан ҳар куни мева-чева ва сабзавотлар сотадиган дуконимга борар, бир озгина фойда қилиб, унга нон ва гўшт ундан ортганига эса аҳли аёлим овқат қилиши учун кўкатлар олиб уйга келардим. Овқатланиб бўлиб, Аллоҳга берган неъматларига ҳамд айтиб ухлардик. Бирорта ғам-ташвишу ҳамда ертанги куннинг қайғусини қилмай, тунни ўтқазардик. Бизни одамлар ва ҳукумат билан алоқамиз йўқ эди. (яъни, бир чекка қишлоқда яшардик). Бирор киши билан ҳеч нарса юзасидан тортишиб ҳам ўтирмасдик ва биздан ҳеч нарса талаб ҳам қилишмасди. Мен таълим олмаган ва мадраса курсисида ўтирмаган бўлсам ҳам фарз намозларимни қандай ўқишни билар ва пул санашни қойиллатардим…

Умримни бировга хиёнат ва бировни молини ўғирламай, фақат ҳалол фойда қилиб ўтқаздим. Ҳаётимни фарзандсизлик заҳарлаб турарди. Биз фарзанд кўриш учун барча воситаларни қилиб, доялардан ҳам сўраб-суриштирдик. Бизнинг Ҳарра қишлоғимизда бирорта ҳам шифокор йўқ чунки унга ҳожатимиз ҳам йўқ эдида. Бизни қишлоқдаги табиий гиёҳ ўсимликларимиз шифокор ва аптекадан беҳожат қилиб турарди. Агар тиш оғриб уни суғуриш керак бўлиб қолса, бизни сартарошлар бу муоммони бартараф этарди. Аммо аёлларга хос касалликларни эса, қишлоқ доялари ҳал қиларди. Аллоҳ Абдунофеънинг онасини раҳматига олсин у Ҳарра қишлоғининг қули енгил дояси эди. Ўқиш ва ёзишни билмасада, қирқ йил ҳомиладорларнинг дардини енгил қилиб келди.

Биз ўз дардимизга шифо истаб бир неча доя ва ёши қари кампирлардан ечим сўрадик. Улар бир қанча сифатларни айтдилар, уларни тажрибада қўлладик. Кейин яна машойихларга бордик, улар бизга туморлар ёзиб бердилар, уларни тақиб юрдик аммо ҳеч бири наф бермади. Бизда фақат “Ҳанбалилар жомеъ[2]”га бориш учун Ражаб ойининг биринчи жумъасини кутиш қолди. (Уша қишлоқ урфида шу номдаги масжидга бориб, қандайдир ношаръий ишларни қилиш бор эканлиги учун). Ўша кун келгач, аҳли аёлимни у ерга жўнатдим. У бориб, масжид эшигини қоқиб, ўз ҳожатини сўради ва талабига етиб, ҳомиладор бўлди[3].

Мен аҳли аёлим ҳомиладор бўлгач, уни дам олиши ва ҳомиласи тушиб қолишидан қўрққаним учун, оғрини енгил қилиб, уй ишларини ўзим бажарардим. Биз кунлар, соатларни санаб юрардик. Ҳатто тулғоқ кечаси келди. Бу кечани бола туғилишини кутиб, бедор ўтқаздим. Тонг отгач, бир шовқинни эшитдим, доя Абдунофеънинг онаси: “Эй Абу Иброҳим!, суюнчи, чақалоқ дунёга келди”, деяётган экан.

Ёнимда бир тангам бор экан, ушани суюнчи сифатида унга бердим.

Шундай қилиб бизнинг уйимизга ҳам чақалоқ келди. Уни йўргакка солиб қўяр, у кулса, биз учун дунё кулгандек, агар йиғласа, унинг йиғисидан ҳовли зилзилага келгандек бўлар эди. Касал бўлиб қолгудек бўлса, кунларимиз қоронғулашар, ҳаётимиз заҳарга айланар эди. Ҳар қачон улғайгани сари биз учун бир байрамдек эди гўя. Бирор калима нутқ қилиб қолса, шодлигимиз яна ҳам катталашарди. Бирор нима сўраб қолса, уни талабини бажариш учун бутун боримизни сарф қилар эдик… вақтлар шундай ҳолатда ўтиб борди.

Мактаб ёшига етганда, онаси: “Боламиз ҳам катта бўлиб қолди, энди нима қиламиз”, деб менга маслаҳат солди.

Мен: “Уни дуконимга олиб бораман, сал яйраб касб ўрганади”, дедим.

Онаси эса: “Нима, энди у ҳам сабзавотчи бўладими?!”, деди.

Мен: “Нимага бўлмасин?, ўз отасининг касбидан ор қиладими”, дедим.

Онаси: “Йўқ, валлоҳи!, уни қўсжнимизнинг ўғлига ўхшаб мактабга киритишимиз керак. Мен уни ҳукуматда ишлашини ва костюм ҳамда зодагонлар кеядиган дўппи кейишини истайман”, деди.

У қаттиқ туриб олди, охири мен ҳам унинг фикрига қўшилдим ва мактабга ҳам киритдим. Шундай қилиб, ризқимиздан кесиб, у учун китоб пули бера бошладим. У синфидаги энг аълочиси, муаллимлари ҳам уни яхши кўрар, уни қадрлашар ва ҳар нарсада биринчига қўйишар эди.

Имтиҳонда муваффақиятга еришиб, бошланғич мактаб шаҳодатномасини ҳам қўлга киритди. Шунда мен онасига қараб: “Эй хотин!, мана, Иброҳим шаҳодатни ҳам қўлга киритди, энди шу бизга ва унга дўконга кириб ишлаши учун етар?!”, дедим.

Онаси эса: “Эҳ, дуконга раҳбар бўладими…келажаги ва ўқишини зое қиладими? Энди у мадрасага кириши керак”, деди.

Мен: “Эй хотин!, сенга бу сўзларни ким ўргатди?, унинг келажаги ва ўқиши, деганинг нимаси?, отаси ва бобосининг касбидан ор қиладими?”, дедим.

Онаси: “Қўшнимиз Исматнинг онаси фарзандининг келажаги ва ўқишини қадрлашини қандай ҳохлаётганини эшитмадингизми?”, деди.

Мен: “Эй хотин!, бойларни қўй. Биз бунақа нарсалардан тўсилган оддий авом халқмиз. Ўзимизга ўхшамаган одамларга тақлид қилиш бизга эмас”, дедим.

Аҳли аёлим жанжал қилиб бақир-чақир қилиб туриб олгач, ўғлимиз мадрасага ҳам кирди. Энди яна ўқитиш харажати юки ортди. Уларни рози бўлиб тақдим қилиб борардим…бакалавр дипломини ҳам қўлга киритди.

Мен аёлимга: “Яна бирон нима қолдими?”, дедим.

Шунда ўғлимиз (тилга кириб): “Ҳа, эй ота! Мен Европага бориб ўқишни истайман”, деди.

Мен буни эшитиб: “Европа? Нима у Европа?”, деб сўрадим.

Шунда у: “Парижга”, деди.

Мен: “Кофир юртига боришдан Аллоҳ сақласин. Буюк Аллоҳга қасамки, бу иш бўлмайди”, деб қаттиқ туриб олдим.

Оғлим ва онаси иккови қайсарлик қилиб туриб олишди. Онаси ўғлим тарафида бўлиб, унга ёрдам берди. Мени уларнинг фикрига ёнбосмаётганимни кўргач, келинликдаги билагузук ва сирғаларини сотди. Булар унинг бор бисоти эди. Унинг пулини ўғлига берди. Шундай қилиб ўғлим менинг қаршилигимга қарамай Парижга сафар қилди.

Мен унга аччиқ қилиб, бир муддат алоқани узиб қўйдим. Мактубларига жавоб ёзмай қўйдим. Сўнгра оталик қилиб қалбим юмшади, (ахир сиз биласизку, отанинг қалби қандайлигини) ва ёзиша бошладим, ундан нима кераклигини сўрай бошладим…у эса доим мендан пул сўрарди.

Менга йигирма лира юборинг…ўттиз юборинг…мен ва онаси бир неча узун тунларни қуруқ нон билан қолиб, унга сўраганини юборардим. Ўғлимнинг курсдошлари ёзда ўқишдан келишса, у келмас, чақирсак, дарси кўплиги, вақтини сафар билан банд қилишни ёқтирмаслигини айтиб, узр айтарди.

Сўнгра талаби яна ҳам ошиб юз лира сўради… иш ян ошиб бир гал уч юз лира сўради. Тасаввур қиляпсизми эй Ҳазрат, бир оддий бутун тижорат молини нархи йигирма бир лиралик фойдаси эса бир лирага етмайдиган сабзавотчига нисбатан уч юз лира қаерда? Қаниди, йигирма лира ҳам нархлар тушган, ишлар камайган ва ишсизлик кўпайган, мен ва онаси очликдан кечаларни бедор ўтқазган кунларга етиб келса эди!.

Унга бунча пулларни топишдан ожиз эканим, атрофидаги бой ўртоқларига тақлид қилишга ҳаракат қилмаслигини насиҳат қилиб, хат ёздим. Унинг жавоби эса шошилинч телеграмма жўнатиб тезда нақд пул жўнатишни сўраш бўлди. Ҳа эй Ҳазрат, агар сизга умрим бино бўлиб бунақа телеграммани кўрмаганман десам, ажабланасиз. Хат ташувчи эшикни тақиллатиб, менга уша телеграммани тутқазиб, бош мармоғимни тутиб у билан дафтарга печат қилиб олди. Қўрқинчдан ичим узилди. Мен уни маҳкамага чақирув қоғози бўлса керак, деб ўйлаб хатчига йиғлаб, ялиниб-ёлвордим, у лаънати эса мени ҳолимдан кулиб жўнаб кетди.

Энди нима қиламиз, ўқишни ҳам билмасак, бу сариқ қоғозда нима ёзилган экан, деган ҳаёл билан тунни ёмон аҳволда ўтқаздик. Аллоҳ тонгни ҳам отқизди ва мен эса мижжа ҳам қоқмаган эдим. Бомдод намозига чиқдим. Ҳалиги қоғозни қўшним Абдуҳ Афандига ўқиб бериши учун бердим. У уни ўқиб кўриб, менга бор хабарни айтди ва менга қанчадир маблағ юборишимни балки ўғлингиз мушкул аҳволга тушиб қолгандир ва шу пулга муҳтождир деб, насиҳат қилди. Шундай қилиб уйимни ярим пулига ноилож сотдим, ҳа сотдим эй Ҳазрат эшитяпсизми, сотдим? Ҳовлимни икки юз лирага сотдим, бу ҳовли бу дунёдаги мен эга бўлган борим эди. Қолганига працентчи яҳудидан ҳар юз лирага тўққиз чақа ҳар ойга бериб бориш эвазига қарз олдим. Бу юз лира йил охирида икки юз саккиз лира бўладия! Пулларни ўғлимга юбориб, унга мен хонавайрон бўлганимн хабарини бердим.

Шундан кейин уч йил ундан хат келмай қўйди. Мени тўхтовсиз ёзган мактубларимга жавоб ҳам ёзмай қўйди. У кетганига тўлиқ тўққиз йил бўлди, бу орада уни юзини ҳеч кўрмабман. Мен уйсиз қолдим, бу орада працентчи ҳам қарзини сўраб келди мен эса уни тўлашдан ожиз эдим. У менга қарши даъво очди. Ҳукумат ҳам менга қарши унга ёрдам берди. Чунки у мен уни нималигини билмайдиган берқанча қоғозларни кўрсатганди. Улар мендан унга бармоқ изимни босганимни сўрашди. Мен уларга шундай бўлганини айтдим. Натижада менга у истаган маблағни беришим акс ҳолда ҳибс қилинишимни айтишди. Ҳа Ҳазрат, улар мени ҳибсга олишди. Шундай қилиб, мен қамалдим. Аёлимнинг ўзи ёлғиз қолди. Бу орада у одамларнинг кирларини ювучи хизматкор бўлиб, хорлик шаробини ичди ҳатто қолган-қутган нарсларни ичишгача мажбур бўлди (бечора!).

Қамоқдан чиққанимдан сўнг, қўшниларимдан бири менга: “Ўғлингни кўрдингми?”, деб сўраб қолди. Мен эса: “Ўғлим?!, Аллоҳ сени яхшилик билан силасин қани у?”, деб ўзимни тутолмадим. У эса: “Сен чиндан билмайсанми ёки ўзингни билмасликга соляпсанми?, ахир у ҳукуматда катта вазифада ишлайдику, хотини билан Франциядаги “Янги” маҳаллада ҳашаматли уйда яшайди”, деди. Мен бироз ўзимни босиб олиб, онаси билан бирга унинг олдига жўнадик. Бизнинг яшаҳдан мақсадимиз ўғлимизни ҳудди гўдаклигида бағримизга босганимиздек бағримизга босиш, қалбимиз узоқ вақт айрилиқдан сўнг сурурга тўлиш эди халос.

Бориб эшикни тақиллатдик, эшикни бир ходима очди, бизга қараб, бизнинг кўринишимиздан нафратланиб: “Нима истайсизлар?”, деди. Биз: “Иброҳимни”, дедик. У: “Бейимиз уйларида ғариблар билан учрашмайдилар, девонхонага боринглар”, деди. Мен: “Эй адабсиз, ғариблар дедингми?, мен унинг отаси, бу эса унинг онаси бўламиз”, дедим. (Ўғлим) бизни шовқинимизни эшитиб чиқди ва: “Нима бу шовқин?”, деди. Ортидан француз бир гўзал аёл ҳам чиқди. Онаси (бир бўлаги бўлмиш) фарзандини кўргач, йиғлаб: “Жоним Иброҳим болам?, деб икки қўлини унга ўзини отаман деб чўзган эди, у ўз онасини итариб, онасининг қўли теккан кийимини қоқиб, хотинига француз тилида бир нима деди. Унинг маъносини сўраб билсак, “мажнунлар” дегани экан. Ҳа. Бизни “мажнулар”, деб атади!. Биз фарзанд тарбия қилиб, келажакда бизга суянч бўлади, деганимиз, узоқ вақт кутган фарзандимиз наздида биз “мажнун” эканмиз. Тўғри биз бундай фарзандни тарбияган “мажнун”миз!. Ахир шунинг учун улғайтирганмидик, боримизни, умримизни шунинг учун қурбон қилганмидик!. Ходимига бизни ҳайдаб юборишини айтиб уйига кириб кетди. Ҳа Ҳазрат, ўз фарзандимиз уйидан бизни ҳайдаб чиқарди!!!. Мен уни ортидан кузатиб юриб, бир марта учрашганимда, менга агар бирор кимга уни отаси еканимни айтсам, ўлдиришини айтиб таҳдид қилди ва менга: “Эй киши, нима истайсан?, пулми?, истасанг сенга қайтиб мени олдимга келмаслик ва келиб олиб “сени отангман”, демаслигинг учун бир маош белгилайман”, деди. Мен уни рад этдим эй хазрат, мен одамлардан тиланиб юриш, онаси эса кир ювиш ва хизматкорликга қайтдик. Ҳатто қариб, қарилик бизни чўктириб қўягнида, сизга нима қлай, деб шикоят қилиб келдим.

Мен (муаллаиф) у кишига: “Аввал менга мана бу ўғлингизнинг исми ва вазифаси нима эканини айтинг”, дедим. У киши менга танбеҳ кўзи билан қараб: “Мени ўлдиришини ҳохлайсизми”, деди. Мен: “Ҳукм даъводан сўнг бўлади, даъво эса даъво қилинувчини исмини айтиш билан бўлади”, дедим. Ундай бўлса, шикоятимни Аллоҳга қиламан”, деб умидсиз ҳолда оёғини судраб чиқиб кетди… кетдию шу-шу қайтиб келмади.

 

Шайх Али Тантовий қиссаси асосида Муҳибуллоев Саидмуҳаммадхон тайёрлади

 

[1] Damashqda joylashgan bir mahallaning nomi.

[2] Damashqning Solihiyya mahallasida joylashgan 1213 yil qurilgan tarixiy masjid.

[3] Muallif Tantoviy aytadi, bu odat Damashqliklarning to’qib chiqargan xurofotlaridan sanalib, usha ish foyda beradi deb e’tiqod qilsa, butparastlik bo’lib qoladi. Chunki ALlohdan boshqa narsada zarar yoki foyda berish xususiyati bor deyishlik Islomga zid ishlardandir. Alloh bersa zarar yoki foyda bo’ladi, Undan o’zgasi emas.