ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗЛАРИ
36

Таҳоратни араблар «вузуъ» дейишади, ўзбекчада (покланиш, тозаланиш, озодалик) маъноларини билдиради. Шариатда эса намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан муайян аъзоларни сув билан ювиб тозалаш «таҳорат» дейилади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло айтади: “Эй имон келтирганлар, қачон намозга турсангиз юзларингизни ва қўлларингизни тирсакларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни ҳам тўпиқларигача (ювингиз)!” (Моида, 6).
Таҳоратнинг фарзлиги ва бу фарз амалнинг ичида тўртта фарз борлиги ушбу ояти Каримадан олинган.
- Юзни пешонанинг сочлар чиққан жойидан ияк остигача ва икки қулоқ орасидаги қисмини ювиш.
- Қўлларни тирсаклари билан бирга қўшиб ювиш.
- Бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш.
- Оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювиш.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларига таҳоратнинг шартларини баён қилиб, агар бетаҳорат бўлсалар, намоз ўқишдан олдин таҳорат қилишлари лозимлигини таъкидламоқда. Кимнинг таҳорати бўлса, намоз ўқишдан олдин таҳоратни янгилаб олиши мустаҳабдир.
Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат ва унинг ҳикматларига доир ҳадисларидан келтириб ўтамиз: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Набийдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган ҳадисда у зот Жаброилнинг Ислом ҳақида берган саволига қуйидагича жавоб қайтарганлар: «Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг расули деб иқрор бўлишинг, намозни бекаму кўст адо этишинг, закот беришинг, ҳаж ва умра қилишинг, жунубликдан ғусл қилишинг, таҳоратни мукаммал қилишинг, Рамазон рўзасини тутишингдир”. Шунда (Жаброил алайҳиссалом): “Агар шуларни қилсам, мен мусулмон бўламанми?” деганида, (Расулуллоҳ алайҳиссалом): “Ҳа”, дедилар. (Жаброил): “Тўғри айтдинг”, деди» (Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
“Сиҳоҳи ситта” соҳиблари келтирган ривоятларда бу ҳадис бошқа сийғада нақл этилган. Бу ўринда эса Исломнинг асосий амаллари қаторига жунубликдан ғусл қилиш ва таҳоратни мукаммал суратда бажариш ҳам қўшилмоқда. Демак, поклик Исломнинг асосий шартларидан бўлиб, таҳоратни мукаммал қилиш орқали банда мусулмон бўлар экан.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларни таҳоратни мукаммал қилишга буюрганлар” (Доримий, Ибн Можа, Аҳмад, Табароний “Кабир”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Мазкур ривоятдан бу иш Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларга тайинлаган вазифа эканини билиб оламиз. Демак, таҳорат талаб даражасида олинса, намозлар тўкис бўлиши таъминланади. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таҳоратни мукаммал қилинглар!” деганлар” (Насоий ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
Таҳоратсиз инсоннинг амали кесик. Бусиз ҳеч бир мўмин ўзига фарз бўлган намозни ўқий олмайди, қолаверса, таҳоратсиз киши қўлига Қуръон тутиши мумкин эмас. Шунингдек, умрида энг улуғ ишлардан ҳисобланган Байтуллоҳ тавофини ҳам қила олмайди.
Аллоҳ таоло бу ишларни адо қилиш учун банда таҳоратли бўлишини шарт қилиб қўйган. Бундан банданинг ўзи фойда кўради. Аввало, таҳоратли банда доимо пок юради, турли кирлик ва унинг ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган иллат ҳамда касалликлардан холи бўлади. Охиратда доимо таҳорат-ла юрувчиларга, аъзоларини пок ва тоза тутувчиларга улкан мартаба ваъда қилинмоқда.
Умрида доимо Аллоҳнинг амрини қилиб, яхши ният билан шариат ҳукмига бўйсуниб, таҳорат билан ибодатларни адо этиб юрган кишилар қанчалар ҳам бахтли кишилар экан! Уларнинг ҳар бир ибодати аввало – бу дунёда, муҳими – у дунёда чексиз бахт-саодатга сабаб бўлади. Таҳоратлари қиёмат куни юзлари ва оёқ-қўлларидан нур бўлиб порлаб, ҳаммадан ажралиб турадилар.
Махсумов Мақсуд Махмут ўғли “Хожа Бухорий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси
