Масжидни маънавий обод қилувчи инсон
25

Ислом динимизда масжидни Аллоҳнинг уйи дейилади. Бундан келиб чиқадики масжидлар фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш, уни зикр қилиб тасбиҳ айтиш, Каломини тиловат қилиш каби амаллар учун барпо этилади. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилган:
(وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا )
Яъни: “Албатта, (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан қўшиб яна бирор кимсага дуо (ибодат) қилмангиз! (Жин сураси, 18-оят).
Масжидга келган намозхонлар Аллоҳнинг уйига зиёратга келган бўладилар. Зиёратга келган киши у жойнинг тартиб-қоидаси ва одоб-ахлоқига риоя қилиши лозим бўлади. Шунда зиёратчига иззат-икром кўрсатилади. Қуйидаги Ҳадиси Қудсийда шундай дейилади:
Абу Саъид Ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ ﷺ Раббисидан қилган ривоятида айтадилар: “Албатта, еримдаги уйларим Масжидлардир. Унда Мени зиёратимга келганлар уни обод қилувчилардир. Уйида таҳорат олиб сўнгра Мени уйимга зиёратим учун келган бандага яхшилик (Тубо жаннати) бўлади. Дарҳақиқат, зиёрат қилинмиш зиёрат қилувчисини икром қилмоғи ҳаққи вожибдир” (Имом Абу Нуъайм ривояти).
Албатта, масжидга ибодат учун қатнашни одатга айлантирган бандасини Аллоҳ таоло имон ҳаловатидан баҳраманд этади, Ўзига яқин бандалари қаторига қўшади. Анашундай инсон масжидни маънавий обод қилган бўлади. Масжидни маънавий обод қилиш деганда унда намоз ўқиш, Қуръон тиловати, зикру тасбиҳ билан машғул бўлиш, унда дунёвий сўзларни сўзамасдан ва савдо сотиқ ҳамда ношорий ишларни қилишдан тийилиш кабилар тушунилади. Аллоҳ таоло қуйдагича марҳамат қилган:
“У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар. Улар қилган эзгу амаллари сабабли Аллоҳнинг мукофотлаши ва яна уларга ўз фазли билан зиёда (савобларни ато) этиши учун (ибодат қилурлар). Аллоҳ (ўзи) хоҳлаган кишиларга беҳисоб ризқ берур” (Нур сураси, 36-38-оятлар).
Аллоҳ таоло бизларни масжидларни моддий ва маънавий обод этувчи Ўзига муқарраб бандалари сафида бўлмоғимизни насиб айласин. Амин!
Омонов Оллоёр
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
