Ўзаро иттифоқ бўлинган ҳақиқатлар

17

Бугунги глобаллашув жараёнида ер юзининг турли минтақаларида келишмовчиликлар, урушлар, қарама-қаршиликлар кенг тарқалган. Бу уруш ва келишмовчиликнинг сиёсий, диний, этник, ҳудудий ва бошқа сабаблари бор. Дунёдаги беқарорлик ҳолатида жонажон юртимизда Аллоҳ таолонинг инояти билан тинчлик омонлик ҳукм сурмоқда. Шундай экан юртнинг ҳар бир фуқароси зиммасида бу улуғ тинчлик неъматини шукрини адо этиш билан бирга тинчлик-барқарорликни сақлаши ва Ватанни кўз қорачиғидек асраши лозим бўлади.

Дунёдаги қарама-қаршиликларнинг бир сабаби диний сабабдир. Хусусан Ислом динига эътиқод қилувчилар ўртасида ҳам турли омиллар сабаб қарама қаршиликлар, келишмовчиликлар мавжуд. Ўзи аслида Ислом динининг асл манбаи бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга еътибор берилса мусулмонлар ўртасида келишмовчиликлар бир бирига душманлик бўлмаслиги керак.

Шундан маълум бўладики мусулмонлар ўртасидаги келишмовчиликларнинг сабаблари учтадир. Биринчидан: Илмсизлик яъни мусулмонларнинг ўз динини билмаслиги. Иккинчидан: Исломни тўғри англамай шариатни нотўғри тушуниш. Учинчидан: Ўзинини исломга нисбат бериб исломни ичдан йемириш, яъни мусулмонлар ичида туриб, уларни бир бирига қарши қўйиш.

Эътибор берадиган бўлсак, мусулмонлар ўртасидаги қарама қаршиликларнинг сабаблари фаръий нарсалар ва масаласи ечиладиган ҳукмлар бўлиб чиқади. Ихтилоф чиқарувчилар “пашшадан фил ясаш” қабилида иш кўриб мусулмонлар ўртасида тафриқага сабаб бўлмоқдалар.

Ўзи аслини олганда, ўзини исломга нисбат берган барча мусулмонлар ўзаро иттифоқ бўлган ёки иттифоқ бўлиши лозим бўлган ҳақиқатлар ҳам бор: Аллоҳ таоло бизга берган неъматларнинг энг улуғи бу Ислом ҳидояти неъматидир. Аллоҳ таоло бизни Ислом билан залолатдан ҳидоятга йўлловчи, Ислом билан жаҳолатдан қутқаради, Ислом билан зулматдан нурга чиқаради. Ана шунда биз башариятни Ислом билан яхшиликка чақирувчи бўлдик. Тавҳид адолат ва яхшилик умматларига муаллимлик қилдик. Аллоҳ таоло айтади:

ٱلْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِى وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلْإِسْلَـٰمَ دِينًا

“Ана энди бугун динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин деб рози бўлдим”(Моида сураси 3-оят).

Иккинчидан: биз бу динга боғланганимизни англовчи ақллар, иймонли қалблар рост азму қарорлар ва нурли қўллар билан ҳис қилганимизда пик ва гўзал одоб-ахлоқ, фойдали илмлар, солиҳ амаллар фозил жамиятлар, мақбул маданият барпо бўлади. Буни тарихда бир қанча мисоллари мавжудки хусусан Мовароуннаҳр тарихида биринчи ва иккинчи ренессанс бевосита ислом билан боғлиқ. Агар биз яна ренессанс яъни, уйғонишни хоҳласак илм фан тараққиётимизни Исломга бағишлашимиз керак. Чунки Аллоҳ таоло бу умматга ўзидан олдинги маданиятли хулқларни меърос қилиб берди. Аллоҳ таоло айтади:

وَلَقَدْ كَتَبْنَا فِى الزَّبُوْرِ مِنْۢ بَعْدِ الذِّكْرِ اَنَّ الْاَرْضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ الصّٰلِحُوْنَ

“Биз зикрдан сўнг Забурда “Албатта ерга фақат менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар” деб ёзиб қўйгандирмиз” (Анбиё сураси 105-оят)

Бу ерда “зикр”дан мурод “таврот” ёки “лавҳул маҳфуз” эканлиги айтилган. Солиҳ бандалардан мурод Муҳаммад ﷺ ва у кишининг умматларидир¹.

Учинчидан: кўтарилиш ва пасайиш, кучлилик ва заифлик, ғалаба ва мағлубият, кенгайиш ва торайиш, гуллаш ва сўлиш, бирлик ва ажралиш – буларнинг барчаси тарихнинг ўз исботини топган ҳақиқатлардидир. Буларнинг ҳаммаси ушбу умматнинг исломга қанчалик яқинлиги ёки ундан қанчалик узоқлашганига, унинг таълимотларини қанчалик маҳкам ушлаганига ёки уларга бепарво бўлганига боғлиқдир. Бу ҳолат ушбу динга амал қилинган, уни маҳкам ушланган ва унинг йўлида жиҳод қилган ёрқин замонларда аниқ равшан кўринади. Бунга тўғри йўлда бўлган тўрт халифа, Умар ибн Абдулазиз, Аббосийлар даври, Ҳорун ар-Рашид, Салоҳиддин Айюбий ва бошқа улуғаримиз яшаган даврларни мисол қилиб келтириш мумкин. Хусусан илм-фан ривожланиб барча соҳаларда пешқадам бўладилар.

1-«тафсирул мадорик»

Уммат бутун дунёга имом ал-Бухорий, Аҳмад ал-Фарғоний, Хоразмий, Фаробий, Ибн Сино, ибн Рушд, Беруний, имом Мотуридий, Замахшарий каби илм-маърифат қуёшларини йетиштириб берди. Хоссатан Мовароуннаҳр диёридан чиққан Шошийлар, Бухорийлар, Насафийлар, Кешийлар, Хоразмийлар, Фарғонийлар, Самарқандийлар, Термизийлар ва бошқа Мовароуннаҳр диёрига нисбат берилган уламоларни санайдиган бўлсак китоблар тўлади.

Амир Темур(роҳимаҳуллоҳ) ва Темурийлар даврига назар соладиган бўлсак, бу даврдаги уйғониш Ислом билан бевосита боғлиқ эканини кўрамиз.

Тўртинчидан: Бу умматни Исломдан бошқа бирор бир куч ҳаракатга келтира олмайди. Фақат исломгина ўлган умматнинг руҳига қайтадан ҳаёт беради, уйқудаги умматни уйғотади.

Агар уммат Исломдан четлатилса ёки Исломдан бошқа нарсага йўналтирилса умматнинг тирик яшашидан кучли ва якдил бўлишидан ҳеч қандай умид бўлмайди.  Шунинг учун ҳам мусулмон ўлкаларга келган босқинчи мустамлакачиларни дастлаб қиладиган ишлари олимларни йўқ қилиш, уларни обрўсизлантириш бўлган. Бугунги кунда ҳам олимларни обрўсизлантириш шу мақсадда амалга оширилмоқда. Шайхул Ислом Юсуф Қарзовий айтадилар: “Агар ўзининг ҳидояти ва ҳақ дини билан бизни мукаррам қилган Аллоҳ таоло олдимизда ўсиб келаётган фарзандларимизга, меросхўр авлодларимизга ҳақ динга чорлаш юкини юклаганини билсак ва бошқа умматларга ҳам яхшилик қилишни истасак, асло ўзаро ихтилофларга боориш мумкин эмас.”

Чунки ихтилофлар умматни заифлаштиради, мусулмонлар ўртасида фирқачилик ва адоватни келтириб чиқаради. Фирқачилик ва адоват Исломда қораланган фитнадир. Яна Шайхул Ислом Юсуф Қарзовий айтадилар: Биз ҳам Исломни бу умматни энг афзал авлодлари ва энг яхши замоннинг улуғ саҳобалари ва уларга яхшилик билан эргашган зотлар тушунганларидек тушунсак, уни яхши билсак ва англасак, шундагина буларнинг барчаси фойда ва самара беради.

Ҳар қандай амал ёки Исломга чақириқ муваффақиятли ва самарали бўлишнинг биринчи шарти – уни тўғри тушунишдир. Соғлом фаҳм фаросат ҳар бир соғлом амалнинг асосидир.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, мусулмон киши неъматга шукр қилиши, ўзи яхши кўрган нарсаларни биродарларида ҳам бўлишини хоҳлаши ва имкон қадар бир бирларига ёрдам бериши лозим. Зеро мўминлар бир жасад кабидир. Мусулмонлар жамият, миллат ривожига бепарво бўлмаслиги лозим. Лоқайдлик мусулмонларга ҳос эмасдир.

Фойдаланилган манбалар:

  1. Қуръони Карим
  2. Тафсири Мадорик
  3. Тафсири Тобарий
  4. Исломнинг тартиб ва кўринишлари

 

Хуррамов Исроил

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси