УЙҚИНГ ЯХШИ…КУНИНГ ЯХШИ!

24

Уйқу бутун тирик борлиқ учун зарурдир. Инсон учун ҳам ҳаётий заруратлардан саналади. Аллоҳ таоло Ўзидан ухлаш сифатини нафий қилган яъни, ухлаш Аллоҳга муносиб келувчи сифат эмаслигини баён қилган. Аллоҳ таоло ухлашга ҳеч ҳам ҳожати йўқ Зот. Бақара сураси 255-оятида шундай марҳамат қилган:

“Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қайюмдир. Уни мудроқ уйқу ҳам олмас”. Яъни, Аллоҳ доим бутун борлиқни, махлуқоту жамодотларни бошқариб турувчи тирик ўлмайдиган Зотдир. На мудроқ ва на уйқу унга келар, ҳеч бири келмас. Уйқу Аллоҳдан бошқа борлиқдаги жонзотларга хосдир.

Инсон жасадини уйқудан маҳрум бўлиши, кўп хатарларни келтириб чиқаради. Ҳатто кўпчилик асабий ҳаёт тарзидан келиб чиқувчи, зўр бериш ва чарчоқ туфайли, ўз уйқусининиг меёрини юқотиб қўяди. Шундай кишилар меяга дам берувчи тунги уйқуни орзу қиладилар. Уйқу жасадга чарчоқдан сўнг дам олиш учун фурсат берадиган бир неъматдир. Ҳар бир киши ухлаётган вақтида бутун фаоллиги пасайиб, мушаклари бўшашади ва юрак уруш тезлиги ҳамда нафас олиш суръати секинлашади. Уйқунинг энг муҳим вазифалардан бири ҳам, айнан асаб толаларини фаоллигини ўз ҳолига қайтариш ва тетиклик беришдир.

Ухлаётган одам кўпинча ўз иродаси бошқарувини йўқотади. Айрим вақтларда ўзи ҳохламаган ҳолатларга ҳам тушиб қолади. Баъзан айтиш керак бўлмаган сўзларни ҳам айтиб юборади. Тушида ўзи яхши кўрган ва яхши кўрмаган нарсаларни кўради. Шунинг учун уйқудан уйғонгач икки қўлни ювишга амр қилинган. Бу ҳақда Набий ﷺ шундай марҳамат қилганлар:

“Сизлардан бирингиз уйқусидан ўйғонса, қўлини уч марта ювмагунча идишга тиқмасин, чунки у киши қўли қаерни тунашини билмайди”, деганлар[1]. Бундан ташқари уйқу таҳоратни ҳам синдирувчи омилдир. Дарҳақиқат, уйқу ўлимнинг бир бўлагидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“У кечаси сизни вафот эттирадидир”. (Анъом сураси 60-оят). Шунинг учун ҳам инсон уйғонганида Аллоҳга янгидан ҳаёт бергани учун ҳамд айтади. Бунга Набий ﷺ шундай деб, кўрсатма берганлар:

“Алҳамду лиллаҳиллазий аҳйана баъда ма амаатана ва илайҳин нушур”. Яъни, бизни вафот эттиргандан сўнг қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ва қайта тирилиш Унинг Ўзигадир[2].

Тунги уйқунинг танага фойдаси жуда кўпдир. Кечанинг аввалидагиси охиридан афзал. Чунки Набий ﷺ ҳам кечанинг аввалида ухлар, охирида қоим бўлар эдилар. У зот хуфтон намозидан олдин ухлаш ва ундан кейин беҳуда гаплар билан машғул бўлишдан қайтарганлар. Олдинги ва ҳозирги солиҳ зотлар ҳам кечанинг аввалида ухлаб, охирида турадилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:

“Улар кечалари оз ухлар эдилар”. (Зарият сураси 17-оят) Яъни, аввалида ухлаб охирида туриб ибодат ва илм билан машғул бўладилар. Аллоҳ таоло кундузни ризқ талаби ва меҳнат қиладиган вақт қилди. Кечани эса дам олиш ва сатр вақти қилди. Кечаси инсон уйида дам олади ва ҳеч ким бир-бирини кўрмайди, ўзгадан махфий бўлган ишларини қилади. Чунки тун қоронғу ва осуда бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ва уйқуларингизни роҳат қилиб қўйдик. Ва кечасини либос қилдик. Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик”. (Набаъ сураси 9,10,11-оятлар).

Бугунги кундаги баъзи ёшлар уйқудаги хусусиятни ўзгартириб, кундузлари ухлайдилар. Яъни кечани кундузга алмаштирадилар. Кечалари бедор бўладилар. Шунинг учун уларнинг ишида натижа ва барака оз бўлади. Ишнинг баракаси ерта туриб ишлашда бўлади. Бу ҳақда Набий ﷺ шундай марҳамат қилганлар: “Умматимнинг тонгига барака берилди”[3]. Айрим оталар пешингача ухлайдиган ўспирин ўғилларининг дангасалигидан шикоят қиладилар. Айниқса, ҳафта охиридаги дам олиш кунларида.

Кўпчилик инсонлар тунда етти ёки саккиз соатгача дам олишга эҳтиёж сезадилар. Бу еҳтиёж ёш ва тананинг табиатига қараб оз ёки кўпайиши мумкин. Ёшлари ўн етти ва егирма беш орасидаги инсонлар бундан кўпроқга ҳам эҳтиёж сезадилар. Чақалоқлар оз-оздан қилиб юқоридаги соатлардан кўпроқ ухлашга эҳтиёж сезади. Аксар одамалар одатда эҳтиёжи бўлган вақтдан озроқ ухлайдилар. Айримлар эса, унданда кўпроқ. Баъзилар ишларининг вақти ўзгариши туфайлидан уйқудан маҳрум бўладилар. Шунингдек, оналар, улар ёш чақалоқлари билан бўлиб етарли уйқуни ололмайдилар.

Бир меёрда тинч ухлаш ҳаммада турлича бўлади. Масалан ёши катта инсонлар кечалари бир неча бор уйғонадилар. Бугунги кунда шундайлардан кўплари уйқусизликдан шикоят қиладилар. Кўпинча бундай уйқусизлик оилвий ва эр-хотин муаммоларига ҳам сабаб бўлади. Чунки доимий уйқусизлик инсонни асабий ва ғазабнок қилиб ҳамда бошқалар билан келишиб яшашни қейинлаштириб қўяди. Шифокорлар бундай инсонларга баъзи тавсияларни берганлар. Шулардан муҳимлари қуйидагилар:

  • Аввало тинч ва қоронғу жой ҳамда қулай ўринда ухлаш.
  • Ухлаш низомига амал қилиш ва бир хил вақтда уйғониш, ҳатто дам олиш кунлари ҳам. Мана шулар ухлаш ва уйғониш учун мустаҳкам интизомни касб этиш учун жисмга ёрдам беради.
  • Кундузнинг охирги (аср ва асрдан кейин) вақтида қайлула қилишдан узоқ бўлиш. Гарчи тунда яхши ухлай олмаган бўлса ҳам бундай пайтда ухлаш яхши эмас.
  • Вақтида ухламай фақат мудроқ босгандагина ухлашга ётиш ҳам уйқусизликдан шикоят қилувчиларга зарар келтиради.
  • Ухлашга ёрдам берувчи баъзи ичимликлар ичиш. Мисол учун пишган ва пишмаган илиқ сутлардан истиъмол қилиш.

Шунинг учун айтиладида, “уйқунг яхши…кунинг яхши”, деб. Уйқуни бузилиши ҳаётни бузилишига олиб келиши аниқ нарса. Шунинг бу неъматни ҳам ўз вақтида қадрига етиб, ундан меъёрида фойдаланиш зарур.

 

 

Манбалар асосида

Муҳибуллаев Саидмуҳаммадхон тайёрлади

[1] Sunani Abu Dovud 105-hadis. Sunani Doruqutniy 1/49-135-hadislar. Ibn Xuzayma 146-hadis. Bayhaqiy 212-hadis.

[2] Sahihi Buxoriy 6312-7394,95-hadislar. Bu haqda hadislar juda ko’p.

[3] Ibn Abu Hotim “Jarh va ta’dil” 6/134-hadis. Tabaroniy 12/229-hadis. Bayhaqiy “Shu’abil iymon” 7750-hadis.