АҚИДА БУЗУЛИШИНИ ОЛДИНИ ОЛИШ ЙЎЛЛАРИ

12

Маълумки, ҳозирги турли мафкуравий хуружлар, турли ғоявий қарашлар авж олган даврда ақида ўта долзарб масалага айланиб улгурди. Аслида, бу нарса ислом дини ер юзида шаклланган илк кунлардан жорий этилганини эслатиш лозим. Йигирма уч йил давом этган пайғамбарликнинг ўн уч йили айнан ақидавий маслаларга бағишлангани бунинг мисолидир. Бу даврда нозил бўлган оятлар асосан, ақидани шакллантиришга қаратилган эди. Демак, ақийда ўта муҳим ва долзарб бўлган масаладир.

Мусулмон киши ўз ақидасини бузулиши, турли нотўғри ақидаларга аралашиб кетишини олдини олиш учун бир қатор чораларни доимий равишда кўриб бориши керак.

  • Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўз саҳобаларига ақида илмини таълим бериш борасидаги йўлларини ўрганиш ва шунга эргашиш.
  • Қуръони карим ва суннатга эргашиш. Албатта Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ислом ақидасини етарли дарадажа баён қилиб берувчи асосий масдардир. Ақийда илмига қизиқувчи шахслар очиқ ва равшан йўлларни бу икки масдардар топади. Шундай экан, тўғри ақидани изламоқчи бўлган киши ёки ўзининг соф ақидасини тўғрилигини сақлаб қолиш ҳаракатида бўлган киши Қуръони карим ва суннати шарифга доимий равишда мурожат қилишга мажбурдир.
  • Ақида илмида ишонилган, танилган ва уламолар тарафидан эътироф этилган илм аҳлини йўлини маҳкам тутиш ҳамда турли фитна ва шубҳалардан четда бўлиш. Чунки, турли фитна ва бузуқ ақидаларга яқин бўлиш мусулмонлар орасидаги бирдамликни парчалаб ташлашга хизмат қилади.
  • Ақидани бузулишини олдини олиш йўлларидан яна бири, оилада фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор қаратиш, уларнинг ёшлигидан ақидаларини тўғри бўлиб шаклланишига хизмат қиладиган чораларни кўриб бориш лозимдир.
  • Ақида илми ўта нозик масала бўлганлиги учун авом халқ орасида бу илм борасида гапириш ёки ақийда масалаларига оид саволлар беришдан тийилган маъқул. Ақида борасида сўз очиш ва бу илмдан гапириш фақат шу илмни пухта ва мукаммал эгаллаган ақоид илми уламоларига муносибдир.
  • Ёлғиз ақлни ўзи ҳам ислом ақидасини тушунишда етарли эмас, чунки, ақидавий илмларнинг аксари ғайб илмига оид бўлган масалаларни ўз ичига қамраб олгандир. Шунинг учун ақида илмини тушунишда ақл ва илмга қўшилиб Аллоҳ таолонинг тавфиқи, инояти керак бўлади. Аллоҳ таоло “Бу ғайбдир” деган масалаларга таслим бўлган кишигина ўз динида саломат бўлади.

Демак, дунёда бахтли ҳаёт кечириб, турли ёт ақидавий ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик учун ҳамда охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон албатта ақидасини доимий равшда тўғри бўлишига эътибор қаратиши ва унинг тақозосига кўра яшаши лозимдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё ва охират саодатига муваффақ қилсин.

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари