Иситмани қарғаманг…!

27

Ўзининг каломида “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Ҳадиси шарифда “Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларни бой бериб қўядилар – (улар) саломатлик ва бўш вақтдир” деган суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога мукаммал дуруду саловатлар бўлсин.

Ҳозирги вақтда бутун дунёда турли хасталиклар, ўсимталар, саратон каби бедаво дардлар, қон босимининг ошиб кетиши, сахир, буйрак етишмовчилиги ва фалаж касалликлари кенг тарқалди. Бундан ташқари қанчадан-қанча одамлар автоҳалокатлар натижасида майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда. Жамиятда имоннинг сустлиги ва гуноҳларнинг кўплиги туфайли кўз тегиши, ҳасад, сеҳр-жоду ва жин тегиши каби тиббиёт даволашдан ожиз қолаётган касалликлар ҳам ниҳоятда урчиди.

Шу кунларда юртимизда ўткир респиратор инфекцияларнинг мавсумий кўтарилиш даври кузатилмоқда. Одамлар ўртасида хасталикка чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан cезиларли даражада ошгани қайд этиляпти. Бу эса ўз-ўзидан клиник шифохоналарига мурожаатлар сони ортишига ҳам сабаб бўлади.

Аслида дунё ҳаёти бандани турли касаллик ва балолар билан имтиҳон қилиб кўриладиган жой ҳисобланади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади. 

 “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят)

Ҳадиси шарифда: “Қайси бир бандага Аллоҳ таоло яхшиликни раво кўрса, унга шу дунёнинг ўзида жазо ва уқубат беради. Ёмонликни раво кўрса, охиратга қолдиради” дейилган. Дарҳақиқат касалликнинг бир нечта тиббий ва диний фойдалари мавжуд. Масалан, тана ҳароратининг кўтарилишини олайлик.

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Соибнинг олдига кириб: “Сизга нима бўлди эй Умму Соиб, қалтираяпсиз?” дедилар. “Қуриб кетгур иситма”, деди. “Иситмани сўкманг, чунки у одамзотнинг гуноҳларини худди темирчининг босқони темирнинг зангини кетказганидек кетказади”, дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Аллоҳ таоло ўзининг раҳмати туфайли мусулмон кишига бу дунёда етган касаллик, мусибат каби нарсаларни унинг гуноҳларига каффорат қилиб қўйди. Мусулмон кишига етган ҳар бир мусибат – агар унга сабр қила олса – Аллоҳ таоло тарафидан унга бўлган неъматдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Инсон ўзига етган касаллик ва мусибатларга сабр қилиши лозим.
  2. Агар сабр қилиб, савоб умид қилса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади.
  3. Бандаларининг гуноҳларини мана шундай нарсалар сабабли каффорат қилиб туриши Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматидандир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни мусибат етганда сабр қиладиган ва улкан ажрлар олишга муваффақ бўладиган бандаларидан қилсин!

 

Омон Қодиров “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассаси ўқитувчиси