Дўзахийлар томонидан жаннатийларга қилинган нидо ва улар билан қурилган суҳбат (Аъроф сураси 50-51- оятлар)

19

Гуриллаб ёнаётган катта ҳароратли олов исканжасида қолиб, ўзини қаёққа уришни билмаётган дўзахийлар жаннатийларнинг соя-салқин боғларида, зилол сувлардан ва жаннат неъматларидан бемалол баҳраманд бўлиб юришганини кўриб, улкан ҳасрат-надоматда қолади. Ҳолатини озгина бўлса ҳам енгиллатиш учун жаннатийларга ялинишга тушади: “Бизга ҳам сувларингдан беринглар, сизларни Аллоҳ баҳраманд қилган неъматлардан бироз баҳам кўринглар!” Жаннатдагилар бунга жавобан: “Бу неъматлардан бера олмаймиз, чунки Аллоҳ буларни сизларга ҳаром қилган”, дейишади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Унинг рўпарасида жаҳаннам турар. (Жаҳаннамда) унга йирингли сув берилур. Уни ютмоқчи бўладию ўтказа олмайди. Унга ҳар томондан ўлим келадию, ўла олмайди. Унинг ортида (бундан ҳам) оғир азоб бордир” ( Иброҳим, 16-17).

Кофир кимсаларнинг бундай даҳшатли аҳволига уларнинг дунё ҳаётидаги қилмишлари сабаб бўлган эди. Улар Аллоҳнинг ваҳийларини олиб келган Пайғамбарни эрмак қилиб ёлғончига чиқаришган, унинг гапларини афсона деб атаб, эрмак қилишган. Ислом шариатини ҳазил-мазахга айлантириб, шариат ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол қилиб олишган. Айрим ишлари гуноҳ иш эканини билатуриб ҳам уни бемалол қилаверишган, яъни зинодан ҳам, ўғриликдан ҳам, одам ўлдиришдан ҳам, судхўрлигу майхўрликдан ҳам асло қайтишмаган. Улар дунё ҳаётига шунчалик алданиб, мубтало бўлиб қолишган эди-ки, ҳатто бир куни вақти-соати етиб, ўлишларини, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида тўпланиб, қилмишлари учун ҳисоб беришларини ҳам унутиб қўйишган эди. Мана, ўша қиёмат соати етиб келди, ҳамма ишлари фош бўлди, ўзларини қаёққа уришни, кимдан ёрдам сўрашни, арзларини кимга айтишни билолмай, хор-ночор туришибди. Мана шундай таҳликали вазиятда бирдан-бир ёрдам бериши мумкин бўлган Зот уларни ҳам “унутиб” юборди. Қуръони каримда шундай зикр этилади: “Улар: “Парвардигоро, бизни (жаҳаннамдан) чиқар, агар яна (куфрга ва осийликка) қайтсак, у ҳолда шаксиз золимларданмиз”, дейишади. Аллоҳ айтади: “Унда (жаҳаннамда) хор бўлинг ва Менга гапирманглар!” (Муъминун, 107-108).

Хулоса: Кўриниб турибдики, дўзах аҳли фақат  моддий азобгагина эмас, маънавий азобга ҳам бардавом гирифтор бўлиб турар эканлар. Бу дунёда инсонга ўзидан юқорироқ мартабадаги таниш бир инсон бегоналарча муомала қилса, ғоят оғир маънавий ҳолат юзага келади. У дунёда, қиёмат куни, Аллоҳ таолонинг бундай муомаласини ва осий банданинг аҳволини тасаввур қилиб олаверинг.

Махсумов Мақсуд Махмут ўғли

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 Фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси