Фил сураси. Аллоҳ таоло ўзининг байтини ҳимоя қилгани ҳақида

56

﷽

Аллоҳ таолога битмас ва туганмас ҳамду сано бўлсин, Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга дуруду саловотлар бўлсин ва у кишининг аҳли байтларига ва саҳобаларига ҳам саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло қиёматгача келадиган биз умматга ҳидоят манбайи қилиб ўзининг каломини нозил қилди. Аллоҳ таолонинг каломини биз бандалар ўзи қодир қилгунча каломини ўрганамиз.

Фил сурасини тафсирини аллоҳ муяссар қилгунича тушунишликга ҳаракат қиламиз.

Фил сураси Маккада нозил бўлган 5 та оятдан иборат. Фил сураси машҳур фил воқеаси ҳақида сўз юритади. Ҳатто арблар тарихларини ҳам ушбу ҳодиса бўлиб ўтган йил билан белгилашарди. Қиссанинг мухтасарини айтадиган бўлсак.

Ҳабашистон Яманни босиб олгандан сўнг Ҳабашистон подшоси Яманнга Абриҳа исмли шахсни ҳоким этиб тайинлади. Абриҳа барча Ҳабашистонликлар қатори насроний динида эди. У Яман пойтахти Санъо шаҳрида жуда дабдабали черков қурдириб, унга “Ал-Қалийс” деб ном берди. Арабларни каъбадан буриб ўз черковига ҳаж қилдирмоқчи бўлди. Барча урунишлари бефойда кетганидан сўнг Каъбани бузуб ташлаб ҳаммани ўзининг черковига буришни қасд қилди. Арбларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филларни ҳам олиб Макка томонга қараб юра бошлади. Йўлда ҳеч қандай қаршиликсиз Тоиф шаҳри томондан Маккага яқинлашиб Ал-Миғлас деган жойга аскари билан келиб тушди сўнгра Маккага одам юбориб у ернинг улуғини олиб келишини буюрди. У бориб Қурайш қабиласи раҳбари ва улуғи бўлган Абдулмуттолибни оллиб келди. Абриҳа уни кўриб тахтидан тушди ва унга пешвоз чиқди ва таржимонига айтди “Сўрагин, менда нима ҳожати бор экан”.

Абдулмуттолиб унга жавобан “Аскарлар менинг 200 та туямни ҳайдаб кетибди. Шуларни қайтариб берсанг” деди.

Абриҳа унга айтди “Мен сенинг ва ота боболаринг ни дини бўлган Каъбани бузгани келиб турибман. Сен бўлсанг 200 та туяни сўраяпсан” деди.

Абдулмуттолиб айтди “Мен туянинг эгасиман, Каъбанинг эса ўз эгаси бор”деди. Сўнгра туяларини олиб ортига қайтди.

Абраҳа аскарлари ва филларини тўплаб Каъбани бузишга отланди. Қўшин каъбага яқинлашганда Аллоҳ таолонинг иродаси билан тўп-тўп абобил қушлари учиб келиб уларнинг устига тош ташлай бошлади. Тош уларни дубулғасини, бошини, тана сини ва филни тешиб ўтиб ерга тушар эди. Қўшин яксон бўлди.

Аллоҳ таоло бу сурада барчага ўз қудратини, мўжизасини эслатмоқда. Кимки Аллоҳга ва унинг динига қарши чиқадиган бўлса оқибати нима бўлишини таъкидламоқда. Фил воқеаси фил санаси деб ҳам аталади.

  1. Парвардигорингиз фил эгаларини нима қилганини кўрмадингизми?

Яъни Аллоҳ таоло бандаларга эслатма бериш учун ўзининг сурасининг биринчи оятини сўроқ билан бошлади.

  1. Уларнинг макру ҳийласини зойе кетказмадими?

Яъни қилди ҳам. Абраҳанинг ёнида Маҳмуд лақабли жуда улкан бир фил бор эди. Уни ҳаргал Каъбага тўғирлаганда ётиб олар эди. Бир қадамҳам олдинга босмас эди. Яман ва бошқа жойга йўналтиришганда чопиб кетар эди. Аллоҳ зулм ва куфур йўлини анашундай тўсиб қўяди.

  1. Уларнинг устига тўда-тўда қушларни юборди.

Яъни, Аллоҳ таоло ўз байтини бузишга келган қўшин устига тўда-тўда қушларни юборди. Қушлар тумшиғи ва ояқларида тошларни ташлар эди. У теккан одамни ҳалок қилар эди.

  1. Устиларидан сопол тошларни отишди.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а)дан ривоят қилинишича “Қушлар тош отишганда Аллоҳ таоло уларга шамол жўнатди. Шамол тошни учуриб шиддатини янада кучайтириб юборди. У тош кимга тегса албатта ҳалок қилар эди”. Ояти каримадаги “сижжил”га келсак у ҳақида Юнус ва Абу Убайдаларнинг айтишича сижжил сўзи қаттиқ, пухта деган маъноларни билдиради.

  1. Ва уларни титилган сомон каби қилиб ташлади.

Қушлар аскарларни худди чайнаб ташланган, титилган сомон каби илма тешик қилиб юборди. Яъни ҳайвонлар экин ёки дарахт баргини чайнаб оғзидан ташлагани каби хор этиб ташлади.

Бу тарихий ҳодиса Росулуллоҳ ﷺ туғилган йиллари яъни Мелодий 571- йили юз берди. Росулимиз пайғамбар этиб юборилишликлари билан фил воқеаси орасида 40 йил бор.

 

Махсумов Мақсуд Махтум ўғли 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси