Мўминларнинг оналари

66

Пайғамбаримиз ﷺ ҳаётлари давомида уйланган завжаи мутаҳҳаралари билан ҳикмат ва ибратга тўла ҳаёт кечирдилар. Шу боис бу аёллар “Уммул мўминин” деган юксак шараф билан улуғланадилар.

Саҳобалар томонидан Пайғамбаримиз ﷺдан содир бўлган ҳеч қайси хатти-ҳаракат ва муносабат беетибор қолдирилмаган бўлса, мураббия оналаримиз оила ҳаёти ва аёлларга хос мавзуларда гўё улкан кўзгунинг парчаларини бирлаштирган ҳолда ҳеч ким кўрмаган, жуда кам кишилар хабар топган воқеа-ҳодисаларни борича, ҳеч қандай ўзгаришсиз етказиб берганлар. Бу умматнинг оналари Пайғамбаримиз ﷺга умрйўлдош бўлишдек улкан шарафнинг беқиёс масъулиятини чин дилдан ҳис қилиб, шунга муносиб ҳолда яшадилар. Шу туфайли улар “Мўминларнинг оналари” дейилди. “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари еса уларнинг оналаридир…”

Расулуллоҳ ﷺнинг аёллари барча мусулмонларнинг оналари ҳукмида бўлишига иккита сабаб бор: Биринчиси — ҳурмат юзасидан. Иккинчиси — Расулуллоҳ ﷺ вафотларидан кейин бирорта мусулмон у зотнинг завжаларига уйланишга умидвор бўлмаслиги.

Аслида мўминларнинг оналари бошқаларга ўрнак бўла олиш ва динни Пайғамбаримиз ﷺдан қабул қилиб олгандек етказиш билан жуда бой ва ўзига хос ҳаёт йўлини босиб ўтдилар. Улар ўз маънавий камолотлари ва халққа нур улашишдек хизмат ва фидойиликлари билан зарбулмасалга айланганлари тарихий  ҳақиқатдир.

Пайғамбаримиз ﷺ ижтимоий ҳаётда ҳам, оила ҳаётида ҳам барча мўмину мўминалар учун қиёматгача ўрнак бўладиган турмуш кечирдилар. Маърифатга ташна қалблар диний, ҳаётий масала ва муаммоларни бевосита у зотдан сўраб билиб олган бўлсалар, уммул – мўминина опаларимиз оила ҳаётида кўрган кечирганлари ва эшитганларини энг ишончли тарзда етказдилар. Улар айни шу маънода жуда катта масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олишлари билан ҳам қадрлидирлар. Биргина аёл учун воқеа-ҳодисаларни Ислом умматига айнан кўрган ва эшитгандек қилиб, бирон ҳолатни кўздан қочирмасдан етказиш имкони йўқ ишдир. Шу маънода Пайғамбаримиз ﷺнинг ўз ҳаётлари давомида кўп аёлга уйланишлари жуда буюк илоҳий мақсадга асосланган дея оламиз. У зот ﷺнинг кўп аёлга уйланишларидаги асл мақсад саҳоба аёллардан уммат учун муаллималарни тарбиялаб етказиш эди. Чунки ҳар бир жамиятнинг аксар қисмини аёллар ташкил этади. Аёллар ҳам эркаклар каби ўз масъулиятларига эгадирлар.

Пайғамбаримиз ﷺнинг нурли йўлдаги умр йўлдошлари бўлмиш оналаримиз мисолида барча мўмина-муслималар, қолаверса, ҳар бир иймон эгаси учун жуда катта ибратлар борлигини таъкидлаб қўйиш ортиқча бўлса керак. Ана шу завжаи мутаҳҳоралар ҳаётни чуқур ўрганиш мўмин-мусулмонлар учун фақатгина яхши хулқ ва фазилатларни кўпайтириш, разолатлардан қутилиш, илм фидойиларига айланиш йўлида янада кўпроқ ва фаолроқ саъй-ҳаракат қилишларига катта туртки бўлади деб ўйлаймиз.

 

Қуддусов Абдуллоҳ

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси