БАЙРОҚ – ХАЛҚНИ БИРЛАШТИРУВЧИ КУЧ
102

Ҳар бир мустақил давлатнинг байроғи – давлат мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белги ҳисобланади. Яъни, байроқ халқни бирлаштирувчи кучдир.
БАЙРОҚ – 1) таёқ, сим ва бошқаларга маҳкамланган муайян ранг ва ўлчамдаги мато. Ўрта асрларда туркий халклар орасида у туғ деб аталган (Ҳарбий байрок). Ўрта асрларда Ғарбий Европа шаҳарларида табақа, уюшма ва корхона ўз байроғига эга бўлган;
2) давлатнинг расмий рамзи.
Асосий Қонунимизнинг 5-моддасида «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга деб кўрсатилган. Давлатимиз рамзлари — байроқ, тамға, мадҳия Ўзбекистон халқининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштиради. Мана шу рамзларни эъзозлаш — ўзининг қадр-қимматини, ўз мамлакатига ва шахсан ўзига бўлган ишончни мустаҳкамлаш демакдир. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун 1991 йил 18 ноябрда қабул қилинган. Ўзбекистоннинг давлат байроғи мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар байроғига хос бўлган энг яхши анъаналарни давом эттирган ҳолда республиканинг бугунги табиатига мувофиқ келадиган хусусиятларни, халқимизнинг миллий ва маданий соҳалардаги ўзлигини ҳам акс эттиради.
Мамлакат байроғи бу оддийгина тимсол эмас, балки бутун бир мафкура ҳисобланади. Улар мамлакатнинг тарихи ва мафкураси ҳақида айтиб туради. Кўпчилик байроқларга жойланган маънони тушинмайди.
Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир. Байроқдаги ярим ой — ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарига мувофиқ келади. Чунончи, ярим ой ва юлдузлар мусаффо осмоннинг, тинчликнинг рамзидир. Ўн икки рақами — қадимдан халқларимиз орасида мукаммаллик тимсоли бўлиб келган. Шу боисдан ҳам байроғимизга ўн икки юлдузнинг тасвири туширилади. Давлат байроғи бизнинг кўҳна ўтмишимиз, бизнинг бугунги кунимиз ва буюк келажагимизнинг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, мамлакатимиз аҳолисининг ўзга юртга қилган сафарлари чоғида Ўзбекистон байроғини ҳилпираб турганини кўришлари билан қалбларига таскинлик ва ғурур, итихор туйғуларини ҳис қилишади. Айниқса Ҳаж, умро амалларини бажараётган юртдошларимиз ибодатлари давомида адашиб қолсалар мамлакатимиз байроғи остига йиғилиб, жамоадошларига қўшилишлари нечоғлик қалбларига шукурлик аломатларини туйишлари сир эмас албатта… Ёки халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар орномус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир. Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шарт. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
Манбалар асосида Бердиева Нилуфар тайёрлади
