НАМОЗДА СУТРА МАСАЛАСИ
48

Кун сайин масжидларимизда намозхонларнинг кўпайиши, халқимизнинг динимизга бўлган эътибори янада зиёда бўлаётганлиги аломатидир.
Намозда сутра масаласи ҳам кўп эҳтиёж тушадиган ишлардан биридир.
“Сутра” деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқ тушунилади.
“Сутра”ни ҳанафий ва моликий мазҳаблари мандуб, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб деганлар. “Мухтасарул виқоя” китобида қуйидагича келтирилади:
“Кичик масжидларда намоз ўқиётган кишининг олдидан кесиб ўтиш гуноҳдир”
Бу борасида Пайғамбаримиз ﷺнинг муборак ҳадисларида Абу Жуҳайм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий ﷺ:
“Агар намозхоннинг олдидан ўтувчи киши ўзига нима (гуноҳ) бўлишини билганида эди, (намозхоннинг) олдидан ўтишдан кўра қирқ (йил, ой, кун) тўхтаб туриш унинг учун яхшироқ бўлар эди”, дедилар
Абу Назр (ҳадисни Бусрдан ривоят қилган ровий:) “Қирқ кун” дедими, ёки “ой”, ёки “йил”ми, билолмадим” деган.
Катта масжидда ё очиқ жойда сутра қўймай намоз ўқиётган кишининг олдидан у сажда ўрнига қараб турганида нигоҳи тушадиган жойдан кесиб ўтиш гуноҳ бўлади. Агар намозхонни саждага қараб турган ҳолатида олдидан ўтаётган кишини кўзи илғамайдиган даражада узоқроқ жойдан ўтса бунинг зарари йўқ. Акс ҳолда унинг олдидан ўтиши жоиз эмас.
Намозхоннинг олдидан бирор кимса ўтиши хавфи бўлса намозини бошлашидан аввал олдига бирор тўсиқ қўйиб олиши керак бўлади. Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, битта чизиқ чизиб қўйилса ҳам бўлади. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.
Агар намозхоннинг олдидан бирор нарсанинг ўтиш эҳтимоли бўлмаса, намоз ўқилаётган жой йўл бўлмаса, сутра қўймай намоз ўқиса ҳам бўлади.
Агар сутра бўлмаса ёки ўтувчи намозхон билан сутрасининг орасидан ўтса, намозхон уни “Субҳаналлоҳ!” деб тасбеҳ айтиши ёки ишора қилиши билан қайтаради. Аёл кишилар эса ўнг қўлини чап қўлига уриб, қарсак каби овоз чиқариш ила қайтарадилар.
Сутранинг энига чегара белгиланмаган, аммо бўйи, яъни баландлиги энг ками бир зиро (яъни ≈46,2 см) бўлиши керак. Оёқ билан сутранинг оралиғи намозхон бемалол сажда қила оладиган миқдорда бўлиши лозим.
Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Ҳабибимиз ﷺ шундай марҳамат қилганлар:
“Қачонки бирингиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермасдан намозни ўқийверсин” дедилар.
Сутра қўймасдан намоз ўқилганда ҳам намоз дуруст бўлади, ҳатто намоз ўқувчиларнинг олдидан кесиб ўтишганида ҳам жамоатнинг намоз бузилмайди, ўтган гуноҳкор бўлади. Фиқҳий манбаларда: “Имомнинг сутраси қавм учун ҳам сутрадир”, – дейилади (“Ал-Ҳидоя” китоби).
Бу мавзуда бир қанча ҳадиси шарифлар мавжуд бўлиб, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда:
“Набий ﷺга калта найза санчиб бериларди ва у зот ўшанга қараб намоз ўқир эдилар”, – дейилади (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, жамоат бўлиб намоз ўқилганида имомнинг олдига қўйилган сутра бошқалар учун ҳам кифоя қилади. Жамоатдаги ҳар бир киши ўзи учун алоҳида сутра қўйиши шарт бўлмайди. Бунда намозхоннинг олдидан ўтишга зарурати бор кишини мушкулликка туширмаслик, намозхоннинг фикри намоздан чалғимаслик ва яна бир қанча ҳикматлари бор.
Махсумов Мақсуд Махмут ўғли
“Хожа Бухорий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси
