“Ал-Фиқҳул Акбар” Абу Ҳанифанинг китоби эмасми?
40

Бугунги кунимизда инсонларни адаштириш, уларни динларидан чалғитиш мақсадида динимиз душманлари ҳар бир инсоннинг қалбида муҳим бўлган дин омилидан фойдаланмоқдалар. Албатта дин бу инсониятнинг руҳияти билан бевосита боғлиқдир. Шундай экан инсоннинг руҳиятига таъсир қилиш мақсадида ҳар бир инсоннинг динидан фойдаланмоқдалар. Ҳозирги глобаллашув жараёнида Ислом душманлари ва азиз ватанимизнинг равнақига ва мусулмонларнинг бирлигига раҳна солиб ўзларининг сиёсий –иқтисодий мақсадларини амалга ошириш мақсадида Ислом умматида турли ақидавий ва фиқҳий ихтилофлар қилиб Аҳли сунна вал-жамоадан ажралиб чиққан тоифалардан фойдаланмоқдалар. Саҳобалар розияллоҳу анҳумо даврларидан ҳозирги кунимизгача Аҳли сунна вал-жамоадан ажралиб чиққан адашган тоифалар ўзлари билиб-билмай Ислом душманларига хизмат қилиб мусулмонлар бирлигига путур етказиб мусулмонлар диёрларини вайрон этилишига ва мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлмоқдалар. Шундай тоифалардан дастлаб пайдо бўлганлари Хаворижлар, Рофизалар, Мўтазилалар, Мужассима ва Мушаббиҳа тоифалари бўлса, бугунги кунда номлари ўзгарган бўлса ҳам ғоя ва мақсадлари Хавориж, Рофиза, Мўтазила, Мужассима ва Мушаббиҳалар билан ўхшаш бўлган, ўзларини ”Салафийлар” деб номлаб бемазҳабликни даъво қилаётганлар ва гўёки Аллоҳ таоло “Намозни қоим қилинглар”ни ўрнига “Халифаликни қоим қилинглар” дегандек халифалик барпо қилмагунча намоз ва бошқа ибодатлар соқит бўлади деб фатво чиқараётган “Ҳизбут таҳрир” жамоалари мусулмонлар ўртасида бўлинишга сабаб бўлмоқдалар. Улар ўз мақсадларини амалга ошириш учун қуйидаги усуллардан фойдаланадлар:
- Уламолар ва давлат раҳбарларини обрўсизлантириш. Бу мазҳабларни инкор қилиш, мазҳаб имомларини адашганликда туҳмат қилиш билан, давлат ва халқ ўртасида қарама-қаршилик келтириб чиқариш орқали бўлади. Албатта бу фитнадир, ваҳолангки, Ислом инсонни фитнадан узоқ бўлишга чақиради.
- Адашган тоифларнинг инсонларни адаштиришдаги усулларидан бири Ислом оламидаги мўътабар китоблар борасидадир:
— Аҳли сунна вал- жамоа уламоларининг китобларини ўзгартириш билан;
— Китобларни ўзларининг йўлларига мослаб шарҳлаш билан;
— Уламоларнинг китобларини бошқаларга нисбат бериш билан бўлади.
Уламоларнинг китобларини бошқаларга нисбат беришда бугунги тоифалардан салафийликка ўзини нисбат бераётган баъзи шахслар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг китоблари бўлган “Ал Фиқҳул Акбар” китобини бошқага нисбат бериш билан Мўтазилаларга эргашди. Зеро, мўтазила тоифаси “Ал Фиқҳул Акбар” китоби Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг китоби эмас дейишди. Бу борада Абул Мунтаҳо роҳимаҳуллоҳ “Шарҳул Фиқҳил Акбар” китобларида ёзадилар: «Кардарий айтди: «Агар сен Абу Ҳанифанинг тасниф қилган китоби йўқ десанг, мен айтаманки: Бу Мўтазилаларнинг гапидир. Улар Абу Ҳанифанинг Калом илмида китоби йўқ деб даъво қиладилар. Уларнинг бундан кўзлаган мақсадлари “Ал Фиқҳул Акбар” ва “Олим ва Мутааллим” китобларини Абу Ҳанифанинг китоби эканлигини инкор қилишдир. Чунки Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу китобда Аҳли сунна вал жамоанинг кўп қоидаларини баён қилганлар. Мўтазилалар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳни мўтазилалардан бўлган деб даъво қиладилар ва “Ал Фиқҳул Акбар” китобини Абу Ҳанифа Ал Бухорийга нсбат берадилар. Бу очиқ хатодир. Мен Аллома дин ва миллат қуёши Ал-Кардарий Ал-Имодий бу китобни кўчирганини кўрдим. У икки китобда Абу Ҳанифанинг китоби деб ёзилган эди. Уламоларимиздан катта жамоат шунга иттифоқ қилганлар»[1]. Абул Мунтаҳо айтадилар: «Абдул Қоҳир Ал-Бағдодий айтди: «Фуқаҳолар ва мазҳаббошилардан энг аввалги калом илми билан шуғулланганлар Абу Ҳанифа ва Шофеийдир. Абу Ҳанифа Қадарийларга раддия тарзида бир китоб ёздилар ва уни “Ал-Фиқҳул Акбар” деб номладилар»[2]. Бундан ташқари Аҳли суннанинг бир қанча катта уламолари “Ал-Фиқҳул Акбар” китобини Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга нисбат бериб бу китобга шарҳлар ёздилар. Шу уламолар ичида Имом Мотрудий, Абу Лайс Самарқандий, Абдулсаттор Курдий, Аҳмад Ал-Бобартий, Муҳаммад ибн Юсуф ибн Ҳусайн Ал-Деҳлавий, Алоуддин Ал-Бухорий, Аҳмад ибн Сайфуддин Ан-Насафий, Абул Бақо Аҳмадий, Мулла Алиюл Қори, Иброҳим ибн Ҳасан Кирмоний ва бошқа уламоларни айтиш мумкин. Замондош уламолардан Наззол Оли Рошший ўзларининг “Ал-Бадрул Анвар шарҳул Фиқҳул Акбар” китобида қуйидагиларни ёзадилар: “Инсонларнинг кўпчилиги Имом Абу Мутиъ Ал-Балхий Абу Ҳанифадан ривоят қилган “Ал-Фиқҳул Абсат”билан Имом Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа Имом Абу Ҳанифадан ривоят қилган “Ал-Фиқҳул Акбар”китоблари ўртасини ажратишда хато қилишади. Зеро, икки китобни ўртасини ажратган ҳолда Абу Мутиъ Ал-Балхийнинг ривояти “Ал-Фиқҳул Асбат”, Имом Ҳаммоднинг ривояти эса “Ал-Фиқҳул Акбар” дейилади. Чунки Имом Ҳаммод Абу Мутиъдан кўра, Имом Абу Ҳанифага яқинроқдир. Бу китобни Имом Абу Ҳанифа мўтазила ва улардан бошқаларга раддия тарзида ёзганлар. Буни мазҳаб аҳли ва улардан бошқалардан ҳеч ким инкор қилмаган, фақатгина гаплари эътиборга олинмайдиган бир гуруҳгина инкор қилишган”[3]. Бундан ташқари Салафийларнинг кўпгина олимлари ҳам “Ал-Фиқҳул Акбар” китоби Имом Абу Ҳанифага тегишли эканлигини тасдиқлашган. Шулардан “Ал-Фиқҳул Акбар” Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга тегишли экани ва бугунги кунда буни инкор қилаётганлар ҳам ўзининг инкори билан гапи эътиборга олинмайдиган гуруҳдан эканлиги аён бўлади.
Шу ўринда савол пайдо бўлади, ҳозирги кунда “Ал-Фиқҳул Акбар” Абу Ҳанифаникими йўқми деган савол билан одамларни чалғитиш қанчалик туғри?
Ислом умматида бундан бошқа муаммолар йўқми?
Аллоҳ таоло қиёматда “Ал-Фиқҳул Акбар” Абу Ҳанифаникими йўқми деб биздан сўрайдими?
Энг қизиғи “Ал-Фиқҳул Акбар” Абу Ҳанифанинг китоби эмас дея даъво қиладиганлар шу пайтгача илм ўқиб энди илм тарқатиш ўрнига мўътабар китобларни юзсизларча обрўсизлантиришга уринишидан мақсади нима?
Хуррамов Исроил
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси
[1]«Ал-Жаваҳирул мудия”461/4
[2]«Усулид-дийн»308 “Шарҳул фиқҳул акбар”8-9
[3]« Ал-Бадрул Анвар шарҳул Фиқҳул Акбар”
