Кадр сурасининг тафсири

39

بسم الله الرحمن الرحيم

Бандаларини ўзининг каломи бўлмиш Қуръони карим ила мукаррам қилган ва унинг тиловатини энг афзал ибодат даражасига кўтарган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Бу илоҳий дастурни умматларига Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом орқали қабул қилганларидек бекаму кўст етказган Муҳаммад мустофо ﷺга саловат ва саломлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръондаги муборак суралардан бири бўлмиш қадр сурасини тафсири ҳақида озроқ тўхталиб ўтсак. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда ва барчамиз учун манфаатли бўлишини умид қилиб бошлайман. Бу суранинг номи қадр сураси бўлиб, Маккада нозил бўлган. Оятлари эса беш оятдан иборатдир. «Қадр» сурасининг турлича маънолари бор. Жумладан, қадр- қиммат, ўлчов,миқдор каби маънолари бор. Бу ерда буларнинг ҳар бири тўгри келаверади. Зеро, бу кечанинг қадр-қиймати минг ойдан улуғлиги ва бу кечада бир йиллик ишлар ўлчаниб, режалаштирилиши бунга далилдир.

بسم الله الرحمن الرحيم

1.Албатта, биз уни (Қуръонни «лаҳфул-маҳфуз»дан дунё осмонига) Қадр кечасида нозил қилдик.

Бу оят борасида турлича фикрлар билдиришган. Айрим уламолар шундай деганлар: «Қуръон Рамазон ойи ичидаги ўша кечада «Лаҳфул-маҳфуз»дан дунё осмонига яхлит ҳолда нозил қилинган. Сўнгра буйруқ, қайтариқ, ҳалол ва ҳаром, ўгитлар ва унга муҳтож бўлинадиган барча нарсалардан керакли миқдори дунё осмонидан Росулуллоҳ ﷺга бўлиб- бўлиб нозил қилинган».   Яна баъзилари эса: «Ўша кечада «Лаҳфул- маҳфуз»дан келгуси йилга қадар муҳтож бўлинадиган миқдори бира тўла нозил қилинган. Сўнг қисмларга бўлиниб, Росулуллоҳ ﷺга тушурилган», деганлар. Энг тўғрисини Аллоҳ билгувчироқдир.

  1. (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима еканини сизга не ҳам англатур?!

Аллоҳ таоло бу оят билан бу кечани шаъни қанчалик улуғ эканлигига янада таъкидлаб келтиряпти. Бу оят икки хил талқинни қабул қилади: Биринчиси, «буларни илгари на сиз ва на қавмингиз билан эдингиз» деган оятида келганидек, Аллоҳ таоло: «У сизга билдирмагагунига қадар билмас эдингиз»,-демоқда. Иккинчиси «وما أدراك» ибораси бу кечани улуғлаш, ундан хайратга солиш услубида келган. Тўғрисини Аллоҳ билгувчироқ.

Баъзи манбаларда айтилишича,бу оят пайғамбаримиз алайҳиссаломга тасалли бериш маъносида нозил бўлган. Аллоҳ таоло у зотга ана шу кечада ҳамда унда амал қилишнинг фазилатини адо етган. Кейин Аллоҳ таоло Қадр кечасининг фазилатини баён қилиб шундай деган:

  1. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Яъни, бу кечада қилинган бир солиҳ амал, унда қадр кечаси бўлмаган минг ойдан яхшироқдир.

Баъзи муфассирлар шундай деганлар: «Пайғамбаримиз ﷺга Бани Умайяни ўз минбарлари устида тургани кўрсатилди ва у зот бундан хафа бўлдилар. Ана шунда: «Эй, Муҳаммад! Бу кеча сиздан кейин Бани Умайя подшоҳлик қиладиган минг ойдан яхшироқдир», деган маънода: «Албатта,биз Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» оятлари нозил бўлган», «Минг ойнинг зикр қилиниши, эҳтимол,аниқ вақтни ифодалаш эмас, қиёслаш услубига асосандир. Яъни, «минг ойдан яхшироқ ва кўпроқдир», деган маънода айтилган.

  1. У кечани фаришталар ва Руҳ (Жаброил)парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар.

Баъзи муфассирлар: «Бу ўринда зикр қилинган «руҳ» дан мурод «Уни руҳул-амийн (Жабороил) олиб келиб тушурди» оятида келганидек, Жаброил алайҳиссаломдир», деганлар. Айримлар эса: «Руҳ — фаришталар устидан масъул қилиб қўйилган халойиқлар бўлиб, у ҳудди фаришталарнинг одам болаларига масъул қилиб қўйилганига ўхшайди «- деганлар.

  1. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.

Бу оятни муфассирлар шундай тафсир қиладилар: «У саломатлик кечаси бўлиб, унда ёмонлик содир бўлмайди. У кеча тонг отгунига қадар шайтонлар қўйиб юборилмайди» Айрим муфассирлар эса: «У фаришталарнинг саломидир яъни, улар ҳар бир мўмин ва мўминага салом берадилар», деганлар. Абдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Росулуллоҳ ﷺ «Қадр кечаси ромозоннинг ўн тўққизинчи, йигирма биринчи ва йигирма учинчи кечаларидир», дедилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз ﷺ: «Қадр кечасини (рамазон ойининг) охирги етти кунидан қидиринг», — дедилар. Қадр кечаси Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси екани ҳақида ҳам ривоятлар бор. Абдуллоҳ ибни Умардан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз ﷺдан Қадр кечаси ҳақида сўрадилар,холбуки,мен ешитиб турган эдим.У зот: «У Рамазоннинг барча кечалари ичидадир»,- дедилар. Зирр ибн Хубайшдан ривоят қилинади:» Мен Убай ибни Каъбга шундай дедим: » Эй, Абу Мунзир! Менга қадр кечаси ҳақида хабар беринг. Зеро, дўстимиз Абдуллоҳ ибни Масъуддан у ҳақида сўраганида: «Ким йилни қойим қилса (йил бўйи оқшомларни ибодат билан бедор ўтказса), уни топади», демоқда». Шунда у «Ҳа! Аллоҳ Абу Абдурраҳмонни ўз раҳматига олсин, Аллоҳга қасамки, унинг (қадр кечасининг) рамазонда эканини у аниқ билган.Аммо одамлар шу ойга суяниб қолишларини истамаган.Аллоҳга қасамки, чиндан ҳам у (қадр кечаси) Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидадир»,- деди». Сўнгра ўша кечада ишора қилиб: » У фалон кечадир,йигирма йеттинчи ёки йигирма тўққизинчи кечадир», дейишга бизнинг ҳам биздан бошқани ҳам ҳаққи йўқ. Аммо бу борада Росулуллоҳ ﷺдан унга ишора қилинган бирор хабар мутавотир йўл билан келгани аниқ бўлса, ана шу вақтдагина бу иш мумкин бўлади.шундай хабар ёқ бўлса, уни барча кечалардан изланилади.

Барчаларимизга мана шу кечанинг барокати, хикмати ва файзини насиб этсин. Унда киладиган чар бир амалимизни даргохида кабул килсин.

 

Махсумов Мақсуд Махмут ўғли

“Хожа Бухорий” номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 фиқҳ ва тафсир фани ўқитувчиси