Сўнгра Китобни танлаб олганларимизга мерос қилдик…
26

Баъзи аҳли Қуръонларда суннату мустаҳабларларга бепарво бўлиш, инфоқу эҳсонда инсонлардан ўзиб кетишга ҳаракат қилмаслик каби камчиликларни кўришимиз мумкин. Буни сабаби нима? Бу саволга 2011 йил Ироқда бўлиб ўтган Қуръон мусобақасининг ҳакамларидан бири бўлмиш шайх Абдулфаттоҳ ат-Тарутий ҳазратнинг қуйидаги сўзлари орқали жавоб бермоқчимиз.
“…Сен айтаётган нарса янгилик эмас. Аллоҳ ҳақ таборака ва таоло ўз каломида:
ثُمَّ أَوۡرَثۡنَا ٱلۡكِتَـٰبَ ٱلَّذِینَ ٱصۡطَفَیۡنَا مِنۡ عِبَادِنَاۖ فَمِنۡهُمۡ ظَالِمࣱ لِّنَفۡسِهِۦ
“Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор…”- дея аксар билан бошлади. Сўнгра эса:
وَمِنۡهُم مُّقۡتَصِدࣱ
“улардан ўртачалари бор…”- дея иккинчи ўринда васатийларни келтирди. Сўнгра:
مِنۡهُمۡ سَابِقُۢ بِٱلۡخَیۡرَ ٰتِ بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ ذَ ٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَضۡلُ ٱلۡكَبِیرُ
“ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир…” -дея охирида ақолни келтирди…”
Сўнг барчаларини Ўзининг авфи, карами ва мадади билан ўраб олган ҳолатда дедики:
جَنَّـٰتُ عَدۡنࣲ یَدۡخُلُونَهَا یُحَلَّوۡنَ فِیهَا مِنۡ أَسَاوِرَ مِن ذَهَبࣲ وَلُؤۡلُؤࣰاۖ وَلِبَاسُهُمۡ فِیهَا حَرِیرࣱ
Улар адн жаннатларига кирурлар. Унда тилло билакузуклар ва инжулар ила безатилажаклар. Унда либослари ипакдир….
Шу ҳақида саййидимиз Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Яхшиликларда мусобақалашувчиларимиз биринчи, ўртачаларимиз уларга эргашган, золимларимиз эса кечирилган ҳолатда жаннатга киритилади ин шаа Аллоҳ…”.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръон билан тўлган қалбни азоблашдан ҳаё қилади. Шунинг ўзи Роббимизнинг китобини ёдлашликка, ўқишликки, унга муҳаббатли бўлишга кифоя қилмайдими?
Тупроқ анбиёларнинг жасадларини чиритмагани каби Қуръон аҳлларининг ҳам жасадларини емайди. Нима учун? Чунки Росулуллоҳ ﷺ:
“Ким Қуръонни ёдласа, гўёки унинг икки елкаси орасига пайғамбарлик қўйилгандек бўлади, фақатгина унга ваҳий қилинмаган” деганлар. Бу ҳеч ҳам муболаға طмас. Муҳаммад ﷺ га Қуръон Роббимиздан етиб келган экан. Қуръон аҳлларига ҳам Пайғамбаримиз ﷺнинг тилларидан етиб келгандир. Улар бу умматнинг энг шарафлиларидирлар.
Аллоҳ таоло нидо қиладиган кунда:
“Эй халойиқ тингланг, дунё ҳаётида сизларни кўп эшиттим!” -дейди. Бас, инсонлар тинглашади. Шу пайт Аллоҳ таоло айтади: Сизлар бу дунёда менинг обрўйимни кўтариш учун ўз обрўларингизни тушурдингиз (яъни Қуръон ёдлашдаги қийинчиликларни бўйнингизга олиб, тунларингизни бедор бўлиб, кундузлари чарчаб). Энди бугун сизларнинг обрўларингизни Ўзимники билан тенг қиламан.
Аллоҳ таоло малоикларига “Қўшниларим қаерда?” — дейди. Малоиклар айтишади: “сенинг қўшниларинг кимлар?”. Шу пайт Аллоҳ таоло “Қуръон аҳллари ва масжид қурувчилар қаерда” — дейди…
Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, ҳар бир мусулмон токи ҳаёт экан Аллоҳ таолонинг каломини ёдлашга бел боғлашимиз, ҳар куни тиловат қилишимиз ва қориларни ҳурмат қилиб, уларга муҳаббатли бўлишимиз лозим. Шоядки, Аллоҳ таоло қиёмат кунида бизларни ҳам қорилар билан бир мақомда тирилтирса.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръони Карим.
- Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳилол-Нашр. 2012 й.
- 2011-йил Ироқда бўлиб ўтган Қуръон мусобақасининг ҳакамларидан бири шайх Абдулфаттоҳ ат-Тарутий томонидан берилган интервюдан парча.
Исломов Асилбек
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси
