«Фалақ» сураси, маъноси ва унинг тафсири
1 384

Тафсир сўзи فسّر калимасидан олинган бўлиб «очиб бериш, баён қилиш» маъноларини англатади. Умумий айтганда Тафсир илми — башарият ўзининг тоқати, қудрати етгунича Аллоҳ Таолонинг оятдаги муроди-мақсадини билишликка йетакловчи фандир.
Мазкур сура яхудийлардан бўлган Лабид ибн Аъсом Пайғамбаримиз ﷺни ип билан сеҳр қилган пайтда нозил бўлди. Муфассирлар айтадилар, бир яхудий бола Набий ﷺни хизматларини қилиб юрар эди. Яхудийлар у болани олдига келиб мажбурлашавергач, у Набий ﷺни таранганларида тўкиладиган муборак соч толаларини ва тароқларининг бир нечта тишини уларга беради. Яхудийлар мана шу нарсалар билан Пайғамбаримиз ﷺни сеҳр қиладилар. Бу ишга Лабид ибн Аъсом бошчилик қилади. Кейин яхудийлар сеҳрланган нарсаларни «Бани Зурайқ» қабиласига тегишли «Зарвон» деб аталадиган қудуққа, «Роуфа» деган тошни остига қўйишади. Шундан сўнг Пайғамбар ﷺ бетобланиб қоладилар, сочлари ҳам тўкилди. Бир кун ухлаб ётганларида ҳузурларига иккита фаришта келиб, бири бош томонларига, иккинчиси оёқ томонларига ўтирди-да у зотга нима бўлгани, буни даволаш учун нима қилиш керак эканлиги тўғрисида суҳбатлашди. Шундан кейин Пайғамбаримиз ﷺ уйғондилар ва Али, Зубайр ва Аммор ибн Ёсирни ўша қудуққа юбордилар. Улар қудуқ сувини чиқариб уни қурутишди. Сув худди хина ивитилган каби бўлиб қолган эди. Кейин қудуқ тубидаги тошни кўтариб пўстлоқни олишди, унинг Ишида соч толалари ва тароқ тишларини кўришди. Унда игна билан ўтказилган тугунлар ҳам бор экан. Шунда Аллоҳ Таоло бу паноҳ сўраш сурасини туширди. Пайғамбар ﷺ ҳар оятни ўқиганларида биттадан тугун ечилаверди. Охирги тугун ечилгач ҳолатлари яхшиланиб, сўнг батамом енгил тортдилар.
Қуръони Каримнинг 113- сураси бўлган мазкур сура Маккийдир ёки Маданийдир 5 оятдан иборат.
Фалақ сўзи луғатда «ёриш, бўлиш» маъноларини англатади. Урфда «зулматни ёриб чиқувчи тонг» маъносида қўлланилгани учун муфассирлар уни » тонг» деб тафсир қилишган.
أعوذ بالله من الشيطان الرجيم
بسم الله الرحمن الرحيم
قل أعوذ برب الفلق《١》
- Айтинг: (эй Муҳаммад) «Тонгнинг роббиси билан паноҳ сўрайман;
Яъни, бу сура бошида Аллоҳ таоло суюкли пайғамбарига ўзининг бир сифати– «Роббил фалақ» (тонг роббиси) ни зикр етди.
من شّر ما خلق 《٢》
- У яратган нарсаларнинг ёмонлигидир;
Яъни, Аллоҳ таоло ўз махлуқотлари ёмонлигидан паноҳ сўрашни Ислом умматига буюриб, булардан 3 тасини алоҳида таъкидлаган.
Биринчиси:
و من شّر غاسق إذا وقب《٣》
- Зулматли тун ёмонлигидан;
Инсонлар парвардигорларидан тундаги турли хил ёмонликлардан паноҳ сўраб юришлари керак. Имом Розий айтганларидек тун кириши билан йиртқич ва вахший ҳайвонлар инидан, турли хил зарарли хашаротлар уяларидан чиқади. Талончилар кўпроқ тунда хужум қилади. Ёнғинлар ҳам кўпинча тунда содир бўлади ва бу пайтда ёрдамга келувчилар ҳам кам бўлади. Бузуқ, жиноятчи кимсалар қабих ишларини асосан кечаси қилишади.
Иккинчиси:
و من شّر النّفّثت فى العقد《٤》
- Тугунларга дам солувчи аёллар ёмонлигидан;
Пайғамбаримиз алайҳиссаломни сеҳр қилишгани каби
Учинчиси:
و من شّر حاسد إذا حسد《٥》
- Ҳасад қилаётган ҳасадчининг ёмонлигидан;
Аллоҳ таолодан ҳасадчиларнинг ёмонлигидан ҳам паноҳ сураш лозим. Чунки ҳасад инсонлар хулқидаги енг ёмон иллатлардандир. Динимиз ҳасад қилишдан қайтаради.
Ҳасад ўзи нима?
Биров эришган хоҳ диний хоҳ дунёвий неъматга рашк билан қараш, ўша неъмат ундан кетиб, ўзига етиб келишини исташ, орзу қилиш ҳасаддир.
Ҳасаднинг ҳаромлиги Қуръони карим ояти ва кўплаб ҳадислар билан собитдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ёки Аллоҳ фазли билан одамларга берган нарсаларга ҳасад қилишяптими?» (Нисо сураси 54).
Расулуллоҳ ﷺ: «Ҳасаддан четланинглар, чунки олов ўтин ва ҳашакларни ёндиргани каби ҳасад ҳам яхши амалларни юқ қилади».
Аҳадов Муҳаммаджон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
2-курс талабаси
