Ўлимдан кейин қайта тирилишга иймон келтириш ҳақида

45

Инсон бу дунё ва охират саодатига эришиши учун ислом динини қабул қилиши керак бўлади. Ислом динига кириши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлимдан кейин қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига ва қиёмат кунига иймон келтириши лозим. Иймон бу қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлишдир.

Бугун иймон келтириш фарз бўлган нарсаларнинг бешинчиси яъни Аллоҳ таолонинг бандаларини ўлимдан кейин қайта тирилтиришига иймон келтириш ҳақида гаплашамиз.

Аллоҳ азза ва жалла бутун борлиқни йўқдан бор қилиб яратди. Аллоҳ қилган барча ишда ҳикмат бордир. Аллоҳ таоло бандаларини ҳам ҳикматсиз яратмади. Аллоҳ таоло Зарият сураси 56-оятида марҳамат қилади:

{ وَمَا خَلَقۡتُ ٱلۡجِنَّ وَٱلۡإِنسَ إِلَّا لِیَعۡبُدُونِ }

“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиши учун яратдим”.

Демак, инсониятни яратилишидаги ҳикмат бу Яратувчисига ибодат қилиш ва Унинг буйруқларига бўй суниб, қайтариқларидан қайтиши экан. Бироқ, ҳамма инсонлар ҳам Аллоҳ буйруқларини бажриб, Аллоҳ кўрсатган йўлдан юрмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўлимни ва қайта тирилишни ҳам яратди. Бандалар бу дунёда қилган амалларини натижасини кўришлари, яхшиликлари мезон тарозисида оғир келса, мукофот, ёмонликлари оғир келса, жазо олишлари учун ўлганларидан кейин ҳисоб-китоб куни учун қайта тирилтириладилар. Аллоҳ жалла жалалуҳ “Мўминун сураси” 16-оятида марҳамат қилади: “Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат кунида қайта тирилтирилурсизлар”.

Ўлимдан кейин қайта тилиш бу чириб йўқ бўлиб кетган жасадни қайта йиғилиб, унга руҳни қайта киргизилишидир.

Аҳли сунна ва жамоа қайта тирилиш фаришталарга, жинларга, инсонларнинг барчасига, катталарига ҳам кичикларига ҳам, ҳаттоки ақли ноқисларига ҳам бўлишига иттифоқ қилганлар. Тушиб қолган болада, агар, унинг аъзолари шаклланган бўлса, қайта тирилтирилади дейишган. Ҳайвонлар ҳам қайта тирилтирилади. Лекин улар ҳисоб китоб учун тирилтирилмайди. Уларнинг тирилтирилиши борасида уч хил қавл бор.

Биринчиси: улар қайта тирилтирилиб, Аллоҳни бирлигига иқрор бўлганларидан кейин тупроққа айлантирилади.

Иккинчиси: уларнинг ораларида қасос олиб берилади, ҳаттоки шохдор қўйдан шохсиз қўйга ҳаққи олиб берилади. Аммо, бу ҳайвонлар ҳам мукаллаф бўлгани ва буйруқларга бўй сунмагани учун эмас, балки, бу дунёдаги ишига мувофиқ қасос олиб беришдир.

Учинчиси: уларнинг қайта тирилиши бўлмайди. Уларнинг ҳашр қилиниши ўлишларидир. Бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзларидир.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин.

Мирмахаматов Муҳаммад

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси