Ихлос сурасининг фазилати

65

Тафсир (арабчадан — шарҳ, тушунтириш, очиб бериш, изоҳ) — ислом анъанасига асосан Қуръон оятларини шарҳлаш, тушунтириб бериш. Қуръон оятларини тафсир қилиш Муҳаммад ﷺ даврида вужудга келиб, бу илм Муҳаммад ﷺдан саҳобаларга, саҳобалардан тобеъинларга мерос қолди. Саҳобалар ва тобеъинлар асрида Тафсир оғзаки ривоят ва нақл шаклида бўлиб, таълиф қилиб ёзилмаган. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва бошқа машҳур тафсирчи бўлганлар. Тафсирдан биринчи китоб ёзган шахс Абдумалик ибн Журайждир (VIII-аср). Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Яҳё ибн Салом, Абу Бакр Нисобурий ва бошқа муфассирлар тафсир ёзишда шуҳрат топдилар. Тафсир қилишнинг ривожланиши жараёнида Тафсирнинг турли услублари (сахиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари билан тафсир қилиш; ўз фикри ва ижтиҳоди билан тафсир қилиш; оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, унинг махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилиш) пайдо бўлди. Кейинчалик тафсирнинг йўналишлари кўпайиб кетди. Ҳозир дунёда Қуръони каримга 1700 дан ортиқ Тафсир ёзилганлиги маълум.

Қуръони Карим оятларининг маъноларини фаҳмлаш ва уни тафсир қилиб, ўзгаларга очиқлаб бериш шундай буюк фазилатки, бу фазилат Аллоҳ хайр беришни ирода қилган бахтли кишиларгагина насиб бўлади.

Бу умматнинг денгизи ва буюк дин олими деган шарафли номга сазовор бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу Қуръони Каримни тафсир ва таъвил қилишда ўз даврининг ҳар қандай вакилидан олдинлаб кетиб, пешқадам бўлган ва Қуръон таржимони деган ном билан шуҳрат қозонган.

Мазкур улуғ саҳобий ўсмирлигидаёқ Расулуллоҳ ﷺнинг муборак назарларига тушиб, У зотнинг дуою таважжуҳларидан баҳраманд бўлади. Набий ﷺ унинг ҳаққига эй Аллоҳ, уни динни тушунадиган қилиб қўй ва унга таъвилни ўргат!, деб дуо қилган эдилар.

Ихлос сураси (арабча: سورة الإخلاص, номининг маъноси — Холис қилиш[8][9]) — Қуръонинг 112-сураси. Маккий суралардан бири, 4-оятдан иборат. Бу сура Қуръоннинг 604[10]-саҳифасида ва 30-жузида жойлашган. 22-бўлиб нозил бўлган.

Ихлос сураси

  1. Қул ҳуваллоҳу аҳад.
  2. Аллоҳус-сомад.
  3. Лам ялид ва лам юлад.
  4. Ва лам якуллаҳу куфуван аҳад.

Таржимаси:

  1. (Эй Муҳаммад) Айтинг: “У Аллоҳ ягонадир”.
  2. Аллоҳ Самад. (эҳтиёжсиз, ҳожатбарор).
  3. У туғмаган ва туғилмаган ҳам.
  4. Шунингдек. Унинг ҳеч бир тенги йўқдир.

Пайғамбаримиз ﷺ муборак ҳадисларида “Ихлос” сурасининг кўплаб фазилатларини баён қилганлар. Кимки “Ихлос”сурасини яшаётган манзилида бир марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга, оиласига, ҳатто қўни-қўшниларига барака беради. Бу ҳақда ҳадис-шарифда: “Бир киши Пайғамбаримиз ﷺнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расуллоҳ ﷺ унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом  бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшнилари-ю қариндошларига мўл-кўл ёғдирилди (Ҳофиз Абу Мусо Маданий Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).

Агар бир киши ҳар куни “Ихлос” сурасини 50 марта ўқиса, қиёмат куни у жаннатга кириш бахтига муваффақ бўлади.  Бу ҳақда ҳадиси-шарифда: “Кимки “Ихлос” сурасини ҳар куни 50 марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!” дейилади.

“Кимки “Ихлос” сурасини икки юз марта ўқиса, гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари кечирилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ: “Кимки “Ихлос” сурасини кунига 200 марта ўқиса. Гарданидаги қарздан бошқа эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади” (Имом термизий ривояти).

Агар бир киши вафот етар чоғида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрда азобланмайди, сирот кўпригидан омон ўтади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз ﷺ: “Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Ихлос” сурасини ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар” (Имом Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни “Ихлос” сурасининг фазилатидан баҳраманд бўлишга муваффақ қилсин!

Муртазоев Жасурбек

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

2 — курс талабаси