Аср сурасининг тафсири

682

Бизларга неъматларини саноқсиз қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Икки олам сарвари бўлмиш набий ﷺга саловату-саломлар бўлсин

Аллоҳ таоло наҳл сурасининг ўн саккизинчи оятида шундай марҳамат қилади:

“Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар”

Ха, Аллоҳ таолонинг бандаларига берган неъматлари сон-саноқсиздир. Шу сон-саноқсиз неъматларни шукрини ҳеч ким адо қила олмайди. Шу неъматларнинг энг катталаридан бири бу вақт неъматидир. Бугунги кунда энг кўп исроф қилаётганимиз ҳам шу вақт бўлиб қолди. Шу ўринда “Аср” сурасининг тафсирига тўхталиб ўтсак, шоядки Аллоҳ таоло буни бизларга манфаатли қилса.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

  1. Аср билан қасам.

Яъни, Аллоҳ таоло асрга, инсонлар бошдан кечирадиган замонга қасам деяпти, ёки бундан мурод заволдан кейинги вақтдан то қуёш ботгунгача вақт ёки аср намозига қасам дея муфассирлар тафсир  қиладилар.

  1. Албатта инсон (ўз тижоратида) зиён-бахтсизликдадир.

Муфассирларни ўз тижоратида зиёнда дейишидан мурод бу Аллоҳ таоло бизларга берган умр назарда тутишади. Буни ҳудди Аллоҳ таоло бизларга берган дастмоямиз десак бўлади. Чунки, ҳар бир тижарот учун дастмоя керак бўлади. Лекин бу дастмоя билан Аллоҳ таоло бизларга берган дастмоянинг фарқи бор. Чунки, Аллоҳ таоло берган бу дастмоя сиз сарфламасангиз ҳам кетаверади. Сиз бу вақтда бирор зиёнда бўладиган иш қилмагандурсиз, лекин сиз бекор ўтказган вақтингиз сиз ундан фойдаланмаганингиз учун зиёнда бўлаверасиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар бир инсон зиёндадир дея таъкидлаб келтиряпти.

  1. Имон келтирганлар ва яхши амал қилганлар, бир бирини ҳаққа чақирганлар ва бир бирларини сабрга чақирганлар мустасно.

Маълум бўлдики, инсон икки дунёда бахтсиз бўлиб қолмаслиги учун 4 сифатга эга бўлиши керак экан: Аллоҳга иймон келтириш, солиҳ амалларни қилиш, ҳақ (иймон)га чақириш, сабр (Аллоҳ таолонинг итоатига чақириш, қайтариғидан қайтишга) қилишга чақириш.

Демак, ҳар вақтда инсон шу сифатлар билан турмас экан доим зиёнда бўлаверар экан.

Имом Табароний Убайдуллоҳ ибн Ҳафсдан ривоят қилинишича, саҳобалар бир-бирлари билан учрашиб қолишса, бирлари иккинчиларига “аср” сурасини ўқиб бергач, сўнг салом беришар экан. Бундан бу сурсанинг фазилати қанчалик улуғ эканлиги келиб чиқади.

Имом Шофеъий (р.а.) дедиларки: “Агар инсонлар бу сурани тушунганларида, шунинг ўзи уларга етарли бўлар эди.”

Бу гапдан бошқа суралар керак эмас эканда деган тушунча бўлмаслиги керак. Бу гап билан бу суранинг фазилати қанчалик улуғ эканига ишора бордир.

Аллоҳ таоло бизларни тўғри йўлда адаштирмасин барча ишларимиз Аллоҳ таоло учун бўлишлигини ва қиёматда солиҳлар қаторида бўлишлигимизни ва набиййимиз Муҳаммад ﷺга муносиб уммат бўлиб, шафоатларига лойиқ бўлишимизни насиб этсин.

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Зокиров Иззатуллоҳ,

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

2-курс талабаси