МАЪУН СУРАСИНИНГ НОЗИЛ БЎЛИШИ
76

Ушбу суранинг нозил бўлиши хусусида ҳар хил қарашлар мавжуд, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо У Мадинада нозил бўлган деган бўлса, Муқотил, Мужоҳид ва бир гуруҳ муфассирлар у Маккада нозил бўлган деганлар.
Суранинг боши Маккада нозил бўлган бўлиши эҳтимоли бор. Чунки бу сура унинг ҳақида нозил бўлгани айтилган киши Ос ибн Воил Саҳмий маккалик эди. Қолаверса дин жазо кунини ёлғонга чиқарган кимсалар ҳам айнан улар (маккаликлар) бўлишган. Суранинг охири эса Мадинада нозил бўлган чунки унинг охирида мунофиқларнинг сифатлари келган. Улар сурада зикр қилинганидек намозда риёкорлик қилиш ҳамда энг сўнгги оятда айтилган нарсаларни ман қилиш каби сифатлардир.
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг охирги сўзидан олингандир “Маъун” сўзи ҳақида уламоларимиз бир неча хил маънолар айтганлар. Аввало, уламоларимиз луғавий жиҳатдан “маъун” сўзи “оз, арзимаган нарса” маъносини англатишини айтишган. Бу сурадаги маъно ҳақида эса баъзилар “маъун”дан мурод “закот” бошқалари: хўжаликда керак бўлиб турадиган “асбоб анжомлар” дейишган.
Бу сураи каримада динга эътиқоди йўқ, охиратдан умиди йўқ одамнинг аломатлари баён қилинади. Сўнгра баъзи бир ислом амалларини адо этиб юрувчи, Масалан: намоз ўқиб юрувчи, лекин ўзи Ислом ҳақиқатидан узоқ шахслар ҳақида сўз юритади.
“Маъун” сураси, ўзи қисқа бўлишига қарамай, улкан ҳақиқатни — иймон ва куфр ҳақидаги тушунчани муолажа қилади.
“Маъун”- рўзғор буюм ва анжомлари. Сурада иймонсиз бандаларнинг разил сифатларидан баъзилари санаб ўтилади. Жумладан, охират жазосини инкор этиш, етимнинг ҳолидан хабар олмаслик, намозни унутиш, риёкорлик қилиш ва рўзғор буюмларини қизғаниш каби нуқсонлар.
Бу сурада учинчи оят “Ва мискинларга таом беришга тарғиб қилмайдиган (кофир) кимсадир”. Бу сифат эгалари Макканинг ашаддий кофирлардан Ос ибн Воил, Валид ибни Муғийра кабилардир. Оят улар шанига доир бўлсада, унинг ҳукми умумий бўлиб, ҳар бир мўмин мусулмон бу каби салбий хусусиятлардан ҳоли бўлишга ҳаракат қилиши зарурдир.
Одатта ўзгаларни таом беришга қизиқтирмаган одам ўзи ҳам ҳеч қачон бермайди. Бу ҳам динсизларнинг аломатидир.
Ҳа албатта фақатгина охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.
Ҳа фақатгина охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина мискинларга таом беришга қизиқтирмайди.
Шунингдек, бу сурада ўзлари ёлғиз бўлганларида намоз ўқишни унитиб қўядиган фақатгина эл кўрсинга намозхон бўлган ҳамда қўни-қўшни, ҳамсояладан одатда ўртада ишлатиладиган энг арзимас рўзғор буюмларини ҳам аяйдиган риёкор ва хасис кимсалар ҳақида дуойи бад қилинади.
Бу билан етим бечораларга мудом ёрдам қўлини чўзадиган, тоат ибодатини ёлғиз яратганнинг розилигини кўзлаб бериё қиладиган хайр-саховатли зотларгина ҳақиқий мўмин-мусулмонлар эканлиги таъкидланади.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳар бир киши жазо ва ҳисоб куни бўлмиш қиёмат кунига иймон келтириши, етиму мискинларга қодир бўлгунча ёрдам беришлиги намозларни ўз вақтида тўла тўкис адо этиши, қўшнилари билан яхши муносабатда бўлиши лозимдир.
Абдужалилов Абдумалик
“Хожа Бухорий” ислом таълим массасаси
2-курс талабаси
