Илмнинг моҳияти, фиқҳ ва унинг фазли ҳақида
35

Ҳидоя асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғинонийнинг шогирди Бурҳонул ислом Зарнужий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таълим ал-муталлим” китобида илмга қуйидагича таъриф берганлар:
“Илм – шундай бир сифатки, у кимда бўлса, мазкур кишига маълум (нарса) қандай бўлса шундай намоён бўлади”[1].
Расулуллоҳ (с.а.в):
“Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”, дедилар.
Маълумки, мусулмон киши дуч келган илмни ўрганиб кетавериши фарз эмас. Балки, энг аввало, ҳол илмини ўрганиши лозим бўлади. Бинобарин, илмнинг энг афзали ҳол илмидир. Ҳолни муҳофаза қилиш эса амалнинг энг афзалидир. Демак, мусулмон киши ҳаётида воқе бўладиган нарсаларнинг илминигина ўрганиши керак экан. Яна ҳам тушинарлироқ бўлиши учун бир мисол келтирайлик. Айтайлик, бир киши балоғат ёшига етиб, намоз ўқиш фарз бўлди. Шунда музкур кишига намозида бажариладиган амалларнинг илмини ўрганиб қўйиши фарз бўлади. Яъни “Вожибни барпо қилишга васила бўладиган воситанинг ўзи ҳам вожиб бўлади”, қоидасига биноан, намознинг фарзи ва вожибини адо қилишга етадиган миқдордаги илмни ўрганиши лозим бўлади. Рўза, закот ва ҳаж каби ибодатлар, ҳатто, савдо-сотиқ сингари муомалатлар ҳам намозга қиёс қилинади.
Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳидан сўрашди:
“Нима учун зуҳд бобида бир китоб тасниф қилмайсиз?!
“Савдо-сотиқ борасида китоб ёзиб қўйганман-ку” — деб, жавоб қайтарди Имом.
Яъни тижоратдаги макруҳ ва шубҳали ишлардан ўзини сақлаган киши ҳам зоҳид ҳисобланади. Бу мезон, барча касб-кор ва муомалатларга бир хилда тегишлидир. Бошқача қилиб айтганда, бирор иш билан машғул бўлган кимса, мазкур ишида уни ҳаромдан сақлайдиган илмдан хабардор бўлиши керак. Худди шунингдек, таваккул, инобат, қўрқув ва ризо каби қалбнинг аҳволларидан ҳам хабардор бўлиши керак. Чунки мазкур аҳволлар кишининг барча ҳолатларига тегишлидир.
Илмнинг шарафли ва инсониятга хос эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Зеро, илмдан бошқа шужоатлилик, ботирлик, кучлилик ва меҳрибонлик каби барча хислатларда инсон ва бошқа жонзотлар ўзаро муштаракдир. Аллоҳ таоло шу илм сабабли Одам (а.с)ни фаришталардан устун қилди ва уларга Одам(а.с)га сажда қилишларини буюрди. Илм яхшилик ва тақвога васила бўлгани учун ҳам шарафли бўлди. Албатта, инсон тақво ва яхшилик орқали Аллоҳ ҳузуридаги кароматга ва абадий саодатга эришади.
Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳига бир шеър ўқиб берилди.
Шеър:
Таълим ол, чунки билим илм аҳлига зийнатдур,
Барча эзгу хусусиятларга нишона ва зиёдаликдур.
Ҳар куни илмингни зиёда қилувчи ва фойдалар денгизида сузувчи бўл
Фиқҳни ўрган.Чунки у яхшилик ва тақвога йўлловчи энг афзал далил ва энг одил мақсаддир. Фиқҳ ҳидоят йўлларига ундовчи илм ва машаққатлардан асровчи қўрғондир.Зеро, биргина тақводор фақиҳ шайтонга мингта обиддан ҳам ёмонроқдир.
Илм кибрланиш, тавозеълик, унс-улфат, иффат, исроф, зиқналик, сахийлик, бахиллик, қўрқоқлик ва ботирлик каби сифатлар (моҳияти)ни англашга хизмат қилади. Мазкур сифатлар ичида бахиллик, қўрқоқлик ва исрофгарлик ҳаром ҳисобланади. Ҳаромдан сақланиш учун эса у ҳақда маълумотга эга бўлиш талаб этилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳаромнинг зидди муқобилида турадиган нарсаларнинг илмини ўрганиш керак бўлади. Гўзал ва ёмон хулқлар ҳақида устоз Шаҳид Носириддин Абулқосимнинг “Ахлоқ” номли ажойиб бир таснифлари бор. Муҳтарам толибларимизга уни ёд олишларини тавсия қилган бўлар эдим.
Аҳён аҳёнда содир бўладиган нарсаларнинг илмни ўрганиш фарзи кифоядир. Яъни бунда одамларнинг баъзиси ўша илмга эга бўлса, қолганлардан соқит бўладиган илм тушунилади. Борди-ю, бир шаҳарда маълум бир соҳа бўйича мутахассис олим бўлмаса, мазкур шаҳар аҳли гуноҳда тенг шерик бўладилар. Бундай ҳолатда имом (волий)га шаҳар аҳлини мазкур соҳа бўйича бир мутахассис олим чиқаришларига мажбурлаш юклатилади.
Доим эҳтиёж тушиб турадиган илм худди таомга ўхшайди. Чунки инсон таомсиз яшаши мумкин эмас. Баъзи вақтларда керак бўладиган илм эса давога ўхшайди. Даволанишга ҳам баъзида эҳтиёж тушиб туради. Нужум (астриология) илми касалликка ўхшайди. Бу илмни ўрганиш ҳаромдир. Чунки у зарарли ва манфаатсиз илмдир. Аллоҳ таолонинг қазо ва қадаридан қочиб қутилиш мумкин эмас. Аксинча, мусулмон киши ҳамма вақт, Аллоҳнинг зикри ва У зотга тазарруъ ила дуо қилиш, қуръон қироати ва намоз ўқиш билан машғул бўлмоғи даркор. Қолаверса, садақалар қилиши (чунки у балоларни даф қилади) ва Аллоҳдан дунё ва охиратда офият сўраши ҳам матлубдир. Бинобарин, қилинган ҳақиқий дуоларнинг бир кун ижобати ҳам бўлади. Аллоҳ таоло бандасига бир мусибатни тақдир қилган бўлса, у шаксиз воқе бўлади. Лекин, қилган дуосининг баракоти туфайли бандага мазкур мусибатга сабр қилиш муяссар қилинади. Нужум илмидан қиблани аниқлаш ва намоз вақтларини билиш мумкин бўлган миқдордагисини ўрганиш жоиз.
Тиб илми ҳам ўрганиш жоиз бўлган илмлардан ҳисобланади. Чунки у сабабият қоидаларига асосланган илмлар қаторига киради. Набий (с.а.в) ҳам баъзан даволаниб турганлар. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи: “Илм икки турдир. Биринчи –фиқҳ динлар учун. Иккинчи –тиб баданлар учун. Ундан қолганига бир мажлис кифоя қилади”, деганлар.
Фиқҳ – илмнинг барча дақиқ нуқталарини ўрганиш ва муолажа қилиш хусусиятига эга. Бу борада имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур гаплари бор. Фиқҳ – бу нафснинг ўзига нима зарару нима фойда эканини билишидир. Илм унга амал қилиш билан бўлади. Амал бу нақдни насия учун тарк қилишдир.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ўз нафсидан ғафлатда қолмасин. Унга нима фойда келтириб, нима зарар бўлишини билиб олсин. Ўзига манфаатли нарсаларга ошиқиб, зарарлисидан ўзини тийсин. Акс ҳолда, унинг ақли ва илми ўзига қарши ҳужжат бўлиб, уқубатга қолишига сабаб бўлади. Аллоҳдан унинг азоби ва ғазабидан паноҳ тилаймиз. Илмнинг фазли ҳақида кўпгина оят ва саҳиҳ хабарлар бор. Лекин, китоб узун бўлиб кетмаслиги учун уларни зикр қилиб ўтирмаймиз.
“Таълимул мутааллим” китобидан
Таржимон Қодиров Омон
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1]Илм сўзи арабча “علم” калимасидан олинган бўлиб, “билмоқ”, “тушунмоқ” деган маъноларни англатади. Агар, “علم — يعلم” бўлиб, “ع” боби мозийда фатҳалик, музориъда заммаллик келса, “белги қўймоқ” маъносида бўлади.
