Динда ғулувга кетишдан сақланинглар!
29

Юртимизнинг гуллаб яшнаши ва ривожланиши кундан – кунга худди бир ниҳолнинг ўниб ўсиши каби жуда жадал суратда тезлашиб кетди. Барча соҳалар ўзларини аввалда амалга ошира олмаган ишларини жуда тез суратда амалга ошириб ўз соҳасини замон талабига мос ва хос қилиб фуқароларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистондаги қайси соҳани олманг, ҳаммаси шу йўсинда ўзларини бўйинларидаги хизматларини адо қилиб келмоқда. Мазкур соҳалар қаторидан жой олган диний соҳа ҳам бугунги кунда жуда жадаллашиб кетди. Инсон ақлига келмаган ва ҳатто тушларига кирмаган кунлар келди ва келмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг олиб бораётган сиёсати замирида диний соҳа ислоҳатлари четда қолгани йўқ. Сўз исботи билан дегандек, юртимизни ҳамма туманларида 3- ойлик “ Қуръон”курслари очилиб унда ҳоҳ аёл бўлсин ва ҳоҳ эркак бўлсин ўзининг диний эҳтиёжларини қондириб ибодатларини мукаммал бўлишлиги учун ҳаракат қилмоқда ва таълим олмоқда. Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси қошида ташкил қилинган “Фатво” ҳайъатида ҳар қандай саволларингизга шаръан жавоб бера оладиган уламолар билан таъминланган ва ўзларини вазифасини аъло даражада бажармоқдалар. Ҳаж ибодатини 5000 дан 1500 гача кўтарилиши ва Умра ибодати учун чекловларнинг олиб ташланишини айтмаса ҳам бўлади, деярли 40 фоиз фуқаро Каъбани кўриб келиш шарафига эга бўлмоқдалар. Бошқа тарафларни айтиб ўтиришни ҳожати йўқ, бу шароитларни ва имкониятларни шукрини қилишлигимиз Аллоҳ тарафидан ҳам банда тарафидан ҳам талаб қилинади. Лекин бу имкониятларни назар -писанд қилмасдан ҳойи ҳавасларда учиб юрган ва динда ғулувга кетаётган кимсалар жуда ҳам кўпайиб кетмоқда. Бу ҳолатлар маросимларда, кийинишда ва ибодатда, муомалада ҳатто иморатларда ҳам содир бўлмоқда. Ғулув нима дегани ва унинг зарарлари нималарда ўз аксини топган? Шу ҳақда маълумот берамиз.
ҒУЛУВ ( арабча суз бўлиб – рухсат берилган чегарадан чиқиш деган маънони билдиради).
Истилоҳда эса – Дин таълимотини талқин қилишда ҳаддан ошишни англатади. Ислом динида ҳаддан ошишни англатувчи бошқа сўз ва атамалар ҳам мавжуд. Масалан: “тотарруф ”(бир тарафлама бўлиш), “танаттуъ”(ишда ва гапда чуқур кетиш), “ ташаддуд” ( шиддатлатиш), “унф” ( қўполлик қилиш, куч ишлатиш) деган маъноларни беради.
Мазкур иборалар ортидан келаётган зарарларни ҳар куни учратиш мумкин. Бу зарарларни амалга ошираётган ва бунга имкониятлар эшигини очиб бераётганлар бегоналар эмас, ўзимиз ёки ака-укамиз ёки опа- синглимиз, нари борса қўшнимиз. Динни жорий қилган зот шундай марҳамат қилади:
“Айтинг эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан адаштирганларни ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз” (Моида, 77).
Бундан ташқари динни халқ ичига намуна бўлиб тарқатган Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺдан ғулув масаласида қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас”, деганлар.
Динда ғулувга кетишлик мусулмонлар жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликга, фитнага ва охир – оқибат ақиданинг бузулишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж ва мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан динда ғулувга кетишлик ва динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганликлари боис, одамлар тўғри йўлдан озиб, ислом динидан безиб қолдилар.
Жумҳур уламолар тарафидан динда ғулувга кетишдан келадиган энг оғир зарарлар сифатида қуйидагилар қайд этилади: Аллоҳдан узоқлаштиради, дўзахни вожиб қилади, амалдан кесилиш ва бардавом бўлмасликка сабаб бўлади, ақли заифликга олиб келади, шайтонга тобе бўлиш эшиги очилади, жоҳиллик пайдо бўлади, фаҳми озлийлик пайдо бўлади, васвасани келтириб чиқаради, юракни сиқувчи омил пайдо бўлади ҳамда давомли хафагарчилик эгаллайди.
Дин биз ўйлаганимиздек жуда ҳам қийин нарса эмас, жаннатга кириш жуда ҳам осон, бандаларнинг ўзлари-ўзларига динни қийин қилиб олмоқда. Аслида дин жуда осон ва жуда енгил ва жуда пок бўлган диндир. Бунга мисол тариқасида бир ҳадисни келтирсак динни жуда яхши тушунган бўлар эдик ва мақсад сари интилган бўлар эдик. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда Абу Ҳурайра дедилар: “Бир Аъробий Пайғамбаримиз ﷺ ҳузурларига келдилар ва дедиларки: “Мени бир ишга буюринг, агарда амалга келтирсам уша амал мени жаннатга киритадиган бир ишга бошланг”. Шунда Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Аллоҳга иймон келтирасан ва унга бирор нарсани шерик қилмайсан ва фарз қилинган намозларни қоим қиласан ва фарз қилинган рўзани адо қиласан” шунда Аъробий дедилар: “Мени жоним қўлида бўлган Аллоҳга қасамки мана шу айтганларингизни устига бир нарсани зиёда ҳам қилмайман ва кам ҳам қилмайман” дедилар. Вақтийки Аъробий киши кетганди Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: “Кимки уни жаннат аҳлини кўришлик хурсанд қиладиган бўлса мана шу кишига қарасин” дедилар. Мазкур ҳадис саҳиҳ ҳадис ҳеч ким буни инкор қила олмайди, барча фуқароларимиз ушбу ҳадисга амал қилсалар мақсадга мувофиқ иш бўлар эди ва Аллоҳни ҳам бандани ҳам назарига тушган бўлар эдилар. Рўзғорларида ҳам жанжаллар кўпаймас эди. Чунки, ибодат қиламан деб фарзандларини, турмуш ўртоғини, қайнона ва қайнотасини хизматларидан узоқда бўлиб ўзаро жанжаллар вужудга келмас эди. Аллоҳ барчамизни Ўзининг ибодатидан, неъматларидан, ҳидоятидан узоқда бўлиб ношукур бандаларидан бўлиб қолишликдан Ўзи асрасин.
А. Бозоров
“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
