Тилга эътибор – элга эътибор!

49

Дарҳақиқат Аллоҳ таоло инсонларга тил неъматини берди. Аллоҳ таолони “Тилни, икки лабни бермадикми” оятида зикри келган тил инсон зотини маҳлуқотлардан ажратди. Пайғамбаримиз ﷺ айтадиларки: “Аллоҳ таоло одамни ўзини суратида (сифатида) яратди”.

Илм аҳллари айтадиларки, сифатдан мурод бу нутқ яъни, сўзлаш. Аллоҳ таолони илми, ҳикматдан ҳоли эмас. Роббиси томонидан инсониятга берилган неъматлар иккига бўлинади, зоҳирий ва ботинийларга. Мисол учун қўл неъматини олайлик, бу қўл ва ундаги бармоқлар зоҳирий неъмат бўлса, қўлни бирор нарсани ушлаши яъни, ундаги қувват ботиний неъмат саналади. Демак, инсонинг ҳар бир аъзосида иккита неъмат мавжуд экан.

Аллоҳ таоло ато қилган тил неъматини ўйлаб кўрганмисиз? Тилни ўзи бир неъмат, нутқи эса иккинчи неъмат саналади. Ана шу нутқ неъмати она тилида бўлса борми? Унда икки неъмат учта бўлиб қолади.

Азиз юртдошлар, ўзимиздаги бу улуғ неъматлар ҳақида бир ўйлаб кўрайлик ва Аллоҳ таоло бизга берган бу улуғ неъматлар учун унга шукр қилайлик.

Албатта зукко ўқувчи сўз нима ҳақида кетаётганини билиб бўлган. Тўғри топдингиз, сўз Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган улуғ неъматлардан бири она тилимиз ҳақида.

Бу беқиёс неъматни ҳар биримиз зиммамиздаги омонат деб билиб, омонатга ҳиёнат қилмаган ҳолда, уни келажак авлодга чиройли ҳолатда қолдиришимиз зарур. Она тилига эътиборсизлик аждодлар изини йўқотади. Бундан огоҳ бўлган халқимиз она тилини эъзозлаб, уни мустаҳкамлиги йўлида қатор ишларни амалга оширдилар. 1989-йил 21-октабрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинган. Шунингдек, 1992-йил 7-декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида “ўзбек тили” давлат тили мақомига эга эканлиги қонун билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Муҳтарам президентимиз она тилимизни янада қадрлаб уни асраш учун чиқараётган ҳармонлари сўзимизга яққол мисол бўлади.

Алишер Навоий ҳазратларини “Тилга эътибор – элга эътибор” деган сўзлари замирида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Ҳазрати Навоий бобомиз сўзларига амал қилган ҳолда муҳтарам президентимиз томонидан тилга қаратилган эътиборлари тақсинга сазовор.

Ҳар йили 21-октябрь куни Она тилимиз давлат тили деб эълон қилинган кун сифатида ўзига ҳос байрам этиб нишонланаётгани халқимиз қалбида она тилига нисбатан муҳаббат ва ҳимматни зиёда қилмай қўймайди. Қай бир халқни она тили қалбидан жой олган бўлса, бунинг мавқейи нафақат ўз юртида, бутун дунёда обрўси ошиб, юксалиб боради. Она тили юксалган халқ бу дунёда боқий бўлади.

Азиз ўқувчилар, она тилини эъзозлаш, қадрлаш деганда, сўзлашаётган вақтимизда сўзларимизни бузмасдан сўзлаб ва яқинларимизнинг исмларини тўлиқ, чиройли ҳолатда айтишлигимиздир. Шунда она тилимиз чиройли ва мукаммал бўлади.

 

 

Хусанов Мирзоназар,

“Хожа Буҳорий” ўрта махсус ислом

таълим муассасаси 1-босқич талабаси