Тил – миллатнинг юрагидир

13

 «Она тилини билмайдиган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам»

 “Тилга эътибор, элга эътибор”деб бежиз айтмаган бобокалонимиз А.Навоий. Узоқ мозийдан бошланган тилга эътибор айни пайтларда ҳам ўз обрўсини йўқотмаган. Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг ўз тили бўлгани каби, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳам ўзига мос ва хос бўлган тили бор бўлиб, юртимиз унга истиқлолдан ҳам илгари эришди. Мамлакатимиз ўзи давлат тилини қўлга киритиши, истиқлолнинг дараги эди.

Эркинлик, мустақиллик учун курашнинг илк ғалабаси, нишонаси сифатида 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди ва Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди. Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олиниб, шу кундан эътиборан мамлакатимизда ўз она тилида иш юритиш ва ўзаро мулоқотларда ўзбекона суҳбатни эркинлиги бошланди. Ушбу Қонун халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки қадами бўлди. Ушбу Қонуннинг 1-моддаси ва Бош Қомусимизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили” эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.

Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим силжишлардан бири бўлиб, она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Шунингдек, давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлабгина қолмай Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи  ва мамлакатимизга хориждан кириб келаётган барча миллат ва элатларнинг тилларини ҳурмат қилинишини таъминлади, яъни чегара божхона постлари орқали юртимизга кириб келаётган чет эл фуқаролари ўзбек тилида ёки бошқа жаҳон тилларида йўловчи божхона декларацияларини тўлдиришлари ва мулоқотда бўлишлари мумкин бўлди. Бугун Чегара божхона постларида фуқароларга кўрсатмалар, маълумотлар,  хабарлар ва йўловчи божхона декларациялари ўзбек, рус ва инглиз тилларида етказилиши йўлга қўйилган. Бу ҳам бошқа давлатлардан ташриф буюрувчиларга қулайлик ва уларнинг тилларига нисбатан ҳурматни билдиради.

2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши қувонарли ҳол бўлди. Ушбу қонун билан ҳар йили 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб нишонлаш белгиланди. Эндиликда ҳар йили 21 октябрь бутун мамлакатимиз бўйлаб катта байрам сифатида нишонланади. Бу эса она тилимизни қай даражада ардоқлашимизни ва ҳурмат қилишимизни билдиради.

Дунё халқлари ва миллатларининг маданий ўзаги ва асосий мулоқот манбаи бу уларнинг миллий тили ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир тилнинг сақланиши ҳамда ёш авлодга етказилиши, халқ тараққиёти ва унинг келажагини белгилайди. Биргина тил кўплаб халқларни ўзаро бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларини сақлайди, уни авлоддан авлодга ўтишини таъминлайди.

Дунёда тиллар кўп, айрим манбааларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 6700 дан зиёд тилда мулоқот қилишади. Ҳозирги даврда асосан уларнинг еттита: инглиз, немис, француз, рус, хитой, испан, ҳинд тиллари сўзлашувчиларининг кўплиги жиҳатидан бошқа тилларга қараганда ер шари аҳолиси ўртасида устунлик қилмоқда. Сабаби, ушбу тилларда гаплашувчи давлатлар иқтисодиёт, илм-фан, техника ривожи борасида бошқа мамлакатларга қараганда анча олдинлаб кетди. Шу боис ҳам, мазкур тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам катта ҳисобланади.

Чет тилларини ўрганиш ҳақида буюк немис адиби Иоганн Вольфганг Гёте: «Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди»,-деб ёзган эди.

Астойдил ҳаракат қилинса, бошқа тилларни мукаммал ўрганиш ҳеч нарса эмас экан. Масалан, Австралиялик олим Стивен Вурм 500 та, рус олими С.А.Старостин 400 та, Германиялик Шютц 270 та, Даниялик тилшунос Расмус Раск 230 та, машҳур немис олими Вильгельм Гумбольтд 117 та, немис олими Эмиль Кребс 60 та, Италиялик кардинал Жузеппе Меццофанти 72 та, рус тилшуноси Е.Д.Поливанов 70 дан ортиқ, БМТ нинг бош таржимони Жорж Смит 69 та тилда гаплаша олган. Буларнинг барчаси биз-бугунги авлод учун ибрат намунасидир.

Ахир, бир пайтлари илм-фанда, санъат ва адабиётда, тил ўрганишда, фаҳм-фаросатда, ақл-заковатда ота-боболаримиз дунё халқларининг пешқадамларидан, энг олдинда турган эътиборли вакилларидан саналган-ку?!.

Масалан, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний 150 дан ортиқ тилни билган. Шулардан 20 таси «унутилган тиллар» саналган. Абу Наср Фаробий ўзлаштирган тилларнинг миқдори 100 дан ортиқ бўлган ва уларнинг 10 га яқини «унутилган тиллар» қаторига кирган. Дунё табобат илмига асос солган олимлардан бири Абу Али ибн Сино араб, форс, турк, лотин, сўғд тилларида бемалол суҳбатлаша олган. Соҳибқирон Амир Темур араб, форс, мўғул, туркий тилларни ўзига яраша ўзлаштирганлигини тарихдан барчамизга маълум.

Дарҳақиқат, ўз она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, техника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.

Луғат бойлиги, унда яратилган илмий, бадиий, тарихий асарларнинг салмоғи нуқтаи назаридан ўзбек тили дунёдаги манаман деган тиллардан қолишмайди. Буни қуйидаги мисол ёрдамида ҳам исботлашимиз мумкин. Алишер Навоий ўз асарларида 26035 та, Александр Пушкин 21193 та, Уильям Шекспир 20000 дан ортиқ, Мигел де Сервантес 18000 дан ортиқ, Абдураҳмон Жомий 17600 та, Абдулла Тўқай 4000 дан ортиқ сўзларни ишлатган.

Ҳар бир давлатнинг асосини туб миллат ташкил қилади. Миллатни миллат қилиб турган нарса эса унинг ўзига хослиги, ўз тили, ўз миллий хусусиятларидир. Шу боис ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди. Минг йиллардан буён ўзлигини, диний ва миллий қадриятларини йўқотмай, уни бизга мерос қолдирган аждодларимизга муносиб авлод бўлишимизни Аллоҳ насиб этсин!

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

Нилуфар Аҳадовна

 

 

 

_____________________________________

Интернет манбаалари асосида тайёрланди.