ИЙМОН ТАҚОЗО  ҚИЛАДИГАН АМАЛЛАР

26

Инсон учун энг биринчи вазифа ва бурч Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Аллоҳга иймон келтириш бўлмас экан, иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Мусулмон кишининг иймони шариатимизда буюрилган нарсаларни қилишга ва қайтариқларидан қайтишга ундаши керак бўлади. Қуйида иймон тақозо қиладиган айрим нарсалар тўғрисида сўз юритамиз.

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан бири — Қуръони каримга амал қилиш. Яъни, Қуръони каримда буюрилган нарсаларни бажариш ва қайтарилган амаллардан қайтиш тушунилади.

 

إِنَّ هَـذَا الْقُرْآنَ يَهْدِي لِلَّتِي هِيَ أَقْوَمُ وَيُبَشِّرُ الْمُؤْمِنِينَ الَّذِينَ يَعْمَلُونَ الصَّالِحَاتِ أَنَّ لَهُمْ أَجْرًا كَبِيرًا (الإسراء ـ 9)،

 

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта, ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур”. Қуръон ҳамма замон ва макондаги инсонларни ҳам бу дунё, ҳам у дунё саодатига ҳидоят қилади. Инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида энг тўғри йўлга йўллайди. Қуръони Карим ҳидояти ақида, эътиқод, маънавият, қадрият, руҳоният, мафкура бобидаги энг тўғри ҳидоятдир. Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг ўзига, Роббига, бошқа инсонларга ва уни ўраб турган турли махлуқотларга нисбатан алоқаси қандай бўлишининг энг тўғри йўлини кўрсатади. Қуръони Карим ҳидояти инсоннинг бу дунёдаги ахлоқий, иқтисодий, ижтимоий, оилавий ва сиёсий ҳаётини энг тўғри йўлга бошловчи ҳидоятдир.

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан яна бири — мусулмон киши ўз биродарини яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтаришидир. Бу борада Аллоҳ таоло Оли имрон сурасининг 104-ояти шундай марҳамат қилади:

 

وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُولَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ.

“Сизлардан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, маъруфга (Аллоҳ ва пайғамбари буюрган яхши амалларга) буюрадиган ва мункардан (исён-гуноҳдан) қайтарадиган бир уммат (барпо) бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир”.

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан яна бири — ибодатларни муҳофаза қилиш, шариат баён қилганидек ўз вақтида адо этишликдур. Жумладан, намозни ўз вақтида адо этиш, моли нисобга етган вақтида камбағалларнинг ҳаққини чиқариб садақа қилиш, бир ой рамазон ойида рўза тутиш, ҳажга қодир бўлган вақтида ҳаж ибодатини бажариш ва қолган барча амалларда ҳам шариат кўрсатмасидан чиқмаслик.

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан яна бири — амалларни бажаришдаги ихлосдир. Ихлос – Аллоҳ таоло билан бандаси ўртасидаги сир нарсадир. Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ихлос – Аллоҳ таоло билан бандаси орасидаги сирдир. Уни фаришта билмайдики, ёзиб қўйса, шайтон билмайдики, бузиб қўйса”, дейдилар. Аллоҳ таоло Баййина сурасининг 5-оятига қуйидагича марҳамат қилади:

وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّـهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ

“Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир”.

 

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан яна бири – инсон ўз нафсини доимо ҳисоб қилиб турушидир. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 18-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар! Ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига назар солсин» деган. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин ўзингиз тортинг», деган. Ҳасан Басрий: «Мўмин киши ўз нафсини Аллоҳ таоло учун тергаб туради. Бу дунёда ўзларини тергаб турган қавмларнинг у дунёда ҳисоби осон бўлади. Бу дунёда ишни ҳисоб-китобсиз қилганларнинг ҳисоби қиёмат куни машаққатли бўлади», деган.

Иймон тақозо қиладиган нарсалардан яна бири – тавбаи насуҳ қилиш.  Араб тилидаги «насуҳ» сўзи холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба маъноларини англатади. Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар!» деган (8 – оят). Насуҳ тавбанинг шаръий маъноси ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан: «Тавбаи насуҳ» нима?» деб сўралганда, «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайрилмаслигидир», деб жавоб берганлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг иймонларимизни мукаммал қилсин ва иймон тақозо қилган амалларни бажариб, қиёматда улкан ажрлар ва буюк даражаларга эришишимизни насиб қилсин.

 

Ўткир Маҳмудов

 

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари