Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари

23

Бугунги кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган муборак кунларини хотирлаш ва ул зотнинг сийратларини ўқиб, ўрганиб ва эшитиш билан бирга бутун оламга раҳмат этиб юборилган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одоблари, бағрикенгликларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари ҳақида сўз кетганда, у зотнинг бу сифатларидан мўмину мусулмонлар қатори мушриклар ҳам баҳраманд бўлган эди. Макка фатҳ қилинганда юртларидан қувган, мол-мулкларини талон-тарож қилган, яқинларини ўлдирган ва кўплаб озор берган Макка мушриклари асирга тушди. Улар пайғамбаримиз ҳақларида «Энди Муҳаммад биздан ўч олади», деб ўйлашарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг устидан ҳукм чиқариб, жазолаш имкониятига эга бўлиб турганда:

«Мени сизларни нима қилади, деб ўйлаяпсизлар?» дедилар. Улар: «Яхшилик! Саховатли биродаримизсиз ва саховатли кишининг фарзандисиз», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кетаверинглар! Сизлар озодсизлар», – дедилар[[1]].

Бу бағрикенгликни кўрган Макка мушриклари тўда-тўда бўлиб Исломга киришди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматни ҳам бағрикенг қилиб тарбияладилар. Саҳобаларга барча жабҳада бағрикенг бўлиш кераклигини уқтириб:

«Сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақ талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган кишига Аллоҳ раҳм қилсин!», – дедилар[[2]].

Яҳудий бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўлим тилаганда, Оиша онамиз унга: «Сенга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлсин!» – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шошма! Ей Оиша, мулойимликни лозим тут. Қўполлик ва ёмон сўзлардан сақлан», – дедилар[[3]].

Ғазаби тез ва баджаҳл умматларини тарбиялаш ва уларни бағрикенг ҳамда кечиримлилик сифати билан зийнатланишлари учун:

«Ким бажаришга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқни олдида чақириб, ҳурлардан хоҳлаганини олишга ихтиёр беради», – дедилар[[4]].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг улкан бағрикенгликлари Тоифда намоён бўлди. Макка мушриклари даъватни қабул қилмагач, у зот Тоифга отландилар ва аҳолини Исломга даъват қилдилар. Улар даъватни қабул қилишмади. Ёш болаларга тош бериб, у зотга отишни буюришди. Ёш болалар ва баъзи ёши катта аҳмоқлар оламларга раҳмат бўлиб келган пайғамбарни тошлар отиб қонга белашди. Уларни дойибад қилиш ўрнига юзларидаги қонни артиб:

«Аллоҳим! Қавмимни мағфират қилгин, чунки улар билишмайди», – дедилар[[5]].

Макка мушриклари томонидан мусулмонларга азиятлар кўпайиб, тазйиқ кучайганда, қабилалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз ҳимоясига олишдан бош тортганда ҳам уларни дуойибад қилиш ёки бир дуо билан Аллоҳ томонидан бало келиб уларни йўқ қилиш имконияти берилганда ҳам, бағрикенглик қилдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот улар ҳақида истаган нарсангни буюришинг учун ҳузурингга тоғ фариштасини юборди», – деди. Тоғ фариштаси пайғамбаримизга нидо қилиб, салом берди. Сўнгра: «Эй Муҳаммад! Нимани истасанг, шу. Агар уларнинг устига «икки Ахшаб»ни[[6]] тўнтариб ташлашимни истасанг (шундай қиламан)», – деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ! Аллоҳ уларнинг пуштикамаридан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишиларни чиқаришини умид қиламан», – дедилар»[[7]].

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бағрикенгликлари қандай бўлган. Ҳеч қачон ўз нафслари учун бировга ғазаб қилмаганлар, ўз нафслари учун бировдан ўч олмаганлар. Мана шу буюк хулқлари боис кўп кофирлар Исломни қабул қилди ва икки дунё саодатига эришди. Бизлар ҳам ўз яқинларимизга, атрофдагиларимизга чиройли муомалада бўлишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна олайлик. Зеро  Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“(Эй иймон келтирганлар) Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қиладиган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб/21)

Мусулмон одам пайғамбаримизни ҳаётини ўрганар экан у ўзи учун ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида енг олий даражадаги одоб-ахлоқ намунасини кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий уммат бўлишни истаган одам у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун намуна қилиб олиши лозим бўлади.

Шундай экан ҳар бир мўмин мусулмон бандаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратларга, ҳикматларга, ижтимоий одобларга лиммо лим ҳаёт тарзларини ўзлаштириб, ўзининг ҳаётига татбиқ этиб яшамоқлиги нафақат ўзи учун, балки оиласи, жамияти учун ҳам хотиржамлик, фаровонлик, саодат олиб келгусидир. Зеро, ул зот алайҳиссалом инсоният батамом зулматга чўмган, жаҳолат ботқоғига ботган қайғули замонда Аллоҳнинг амри ила инсониятни ҳидоят нурига, икки дунё саодатига элтадиган тўғри йўлни кўрсатишга мушарраф бўлдилар. Аллоҳ таоло барчамизни мана шу ҳидоят йўлида собитқадам қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал намуна олиб умргузаронлик қилишимизни насиб айласин.

C. Жаҳонов тайёрлади

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

[1] «Сунан Байҳақий» китобига қаралсин

[2] Имом Бухорий ривояти.

[3] «Ал-адаб ал-Муфрад» китобига қаралсин.

[4] Имом Термизий ривояти

[5] «Шуъабул иймон» китобига қаралсин.

[6] Икки Ахшаб – Маккаи Мукаррамадаги икки катта тоғ. Улардан бирининг номи Абу Қубайс бўлиб, Каъбанинг шарқ томонида, иккинчиси – Қуъайқоъ тоғи эса унинг ғарбида жойлашган. Уларнинг баландлиги 420 ва 230 метрни ташкил қилади.

[7]  Имом Бухорий ривояти.