Сийратнинг тарифи

19

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Оллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Суюкли пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга саловат ва саломлар бўлсин.

Барчамизга маълумки, сийрат бу Пайғамбаримиз ﷺнинг муборак ҳаётларига оид асослардир. Сийрат луғатда: суннат, йўл ва инсон ҳаётида содир бўлган барча ҳолатларга айтилади.

Оллоҳ таолони ояти каримаси сўзимизга далил бўлади:

(قال خذها ولا تخف سنعيدها سيرتها الاولى)

Яъни: “Уни ол, қўрқма, биз уни аввалги ҳолатига келтирамиз” (Тоҳа 21) деди. Ушбу ояти калимада Аллоҳ таоло сийратни ҳолат деб атамоқда.  Истелоҳда эса бизгача етиб келган Пайғамбаримиз ﷺни дунёга келишларидан  бошлаб, охират дунёсига кўчгунларигача бўлган муборак ҳаётлари тушунилади. Жумладан таваллудлари, болалик чоғлари, етимликлари, йигитликлари, ўйланишлари, ваҳийни келиши, даъватлари, мушриклардан чеккан озорлари, мўъжизалари, Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага кўчишлари, саҳийликлари ва меҳрибонликларини сийрат сўзи ўз ичига олади.

Ва яна суннат деганда, фақат Росулуллоҳ ﷺ суннатларини тушунганимиз каби сийрат деганда ҳам ёлғиз Пайғамбаримиз ﷺнинг ибратли ҳаёт йўлларини фаҳмланади.

Сийратни яхши англашда аввало, Қуръони каримни билишимиз керак бўлади. Шунда инсон пайғамбаримиз ﷺнинг сийратларини билиб ўрганиб ҳаёти давомида унга амал қилади. Ҳадиси шарифда баён қилинади. Саид ибни Ҳишом Мадинага келганларида Оиша розиаллоҳу анҳо онамиздан Расулуллоҳ ﷺ ҳулқларидан сўраганларида, Оиша онамиз (كان خلقه القرآن) Яъни: “Расулуллоҳ ﷺнинг ҳулқлари қурон” деганлар. Чунки Аллоҳ таоло ўз ҳабибига Қуръон билан таълим берган. Пайғамбаримиз ﷺ Аллоҳ таолодан кўп ялиниб ҳулқларини гўзал бўлишларини сўрар эдилар: (اللهم حسن خلقي وخلقي)

Яъни, “Роббим мени ўзимни ҳам ва хулқимни ҳам гўзал қилгин” деб дуо қилар эдилар.

Аллоҳ таоло: (ادعوني استجب لكم) Яъни: “Дуо қилинглар, ижобад қиламан” деган ваъдасига мувофиқ ўз ҳабибини дуосини қабул қилди. Яъни, Расулуллоҳ ﷺнинг хулқларини гўзал қилди.

Аллоҳ азза ва жалла карамли зот аввал таълим берди кейин ўзи Расулини [قلم 4](انك لعلى خلق عظيم) Яъни: “Сиз улуғ хулқ эгасисиз” деб мақтади.

Мақталган зотга Аллоҳ таоло муҳаббатларимизни зиёда қилсин. Чунки Расулуллоҳ ﷺга бўлган муҳаббат иймонни тақазоси.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз ﷺ дедилар: [البخاري15   عن انس]  (لا يؤمن احكم حتى اكون احب اليه من والده وولده والناس أجمعين) Яъни: “Сизлардан бирингиз токи мен унга отасидан фарзандидан ва барча инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча ҳаргиз мўмин бўла олмайди” дедилар:

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, мўминликнинг шарти Пайғамбаримиз ﷺ бизларга барчадан кўра севимлироқ бўлишлари керака экан. Биз муҳаббатли бўлишимиз учун сийратни яхши билишимиз керак. Чунки, инсон билмаган нарсасини душмани бўлади. Шу сабабдан ҳар бир мўмин инсон сийратни яхши билиши керак.

Расулуллоҳга чин муҳаббатли бўлишимиз учун энг аввал сийратни ўрганишимиз керак.

Ояти калимада бундай дейилган:

قل ان كنتم تحبون الله فتبعوني يحببكم  الله ويغفرلكم  ذنوبكم والله غفور رحيم

Яъни: “Айт (эй Муҳаммад) агар Аллоҳни севсангиз бас менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир”. (Оли имрон 31)

Демак, Аллоҳ таолога суюкли бўлишимиз учун Расулуллоҳ ﷺга эргашишимиз керак экан. Сийрати Набавийя башарият ҳаёти йўлида катта ўрин тутади. Хусусан уммати Муҳаммадияни турмуш ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Шу боисдан сийратни ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш зарур амаллардан саналади.

Таълим муассасамизда ҳам сийратни билишга катта етибор қаратилмоқда. Бунга билим юртларида таълим олаётган талабалар ўртасида илмий -марифий тадбирлар ташкил етилаётганини мисол қилсак бўлади. Сийратни ўрганиш асносида Аллоҳ таолони (واتممت عليكم نعمت ) “Сизга неъматимни мукаммал қилдим” деган ояти эътиборни ўзига тортади. Шунда бу ояти калимадаги Расулуллоҳ ﷺга берилган мукаммал неъмат қайси неъмат экан?  У неъмат Расулуллоҳ ﷺ муборак қоринларига очликдан боғлаган тошмикан ёки муборак юзларида изи қолган бўйрамикан. Балки инсон бўйи баробар келадиган лойдан қилинган уйлари бўлса керак деб ўйлайсиз. Огоҳ бўлинг ояти калимада зикр қилинган мукаммал неъмат Расулуллоҳ ﷺ руҳларидаги қалблардан қалбларга кўчиб келаётган гўзал мукаммал хулқлари эди. У туфайли инсон залолат ботқоғидан ҳидоят нурига кўчди. Аёллар етимлар, мазлумлар қадр топди. Чақалоқлар тириклайин кўмилишдан қутқарилди. Қиз фарзанд тарбия қилган отага ва етим асраб олган кишига жаннат ваъда қилинди.

Сийрат илмидан ҳабардор инсон қалбида пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга, она ватанига бўлган муҳаббат ва ота — онага, устозларга бўлган чексиз эҳтиром шаклланиб боради. Қалбида бу фазилатлар ўрнашган инсон дунёда ҳам охиратда ҳам олий мартабаларга эга бўлади.

               Азиз ўқувчилар! Ушбу мактубни ўқиб бўлгач, Расулуллоҳ ﷺга саловат айтишни унутмайлик.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу.

 

 

Ҳусанов Мирзоназар

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

1 — гуруҳ талабаси