ГЎЗАЛ АҲЛОҚ СОҲИБИ

16

Бандаларига Ўзининг ваҳдониятини танитиш, гўзал аҳлоқни таълим бериш учун Набийларни юборган бутун оламлар тарбиячиси бўлган Роб субҳанаҳу ва таолога ўзининг жалолига муносиб ҳамду санолар бўлсин.

Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси бизлар учун ибрат манбаи бўлган, Роббидан гўзал ахлоқларни,  одобларни қабул қилиб олиб, умматларига омонатдорлик ила топширган, Аллоҳ таоло ўзининг Каломи илоҳийсида:

 

عَظِيمٍ خُلُقٍ  لَعَلَىٰ وَإِنَّكَ

«Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам, 4)

 

حَسَنَةٌ أُسْوَةٌ اللَّهِ رَسُولِ فِي لَكُمْ كَانَ لَقَدْ

«Аллоҳнинг элчисида гўзал ўрнак бор…»  (Аҳзоб, 21)

деб шарафлаган, Набийларнинг мукаммали Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, ул Зотнинг аҳлига ҳамда Росулуллоҳдан динни омонат қилиб олиб, ўзларидан кейингиларга етказган асҳобларига дуруд ва саловатлар бўлсин.

          Араб диёрларида бузғунчилик, фасод ишлар тарқалган бир замонда,  Аллоҳ таоло гўзал хулқ соҳиби бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳни ўзига Набий этиб танлади. Макоримул ахлоқ соҳиби бўлган Зот зулмат пардаларини ўзининг нурлари ила кўтарган Қуёшдек, жаҳолат зардоблари сингиб кетган жамиятни Аллоҳ таоло илҳом этган ҳусни хулқлари билан мусаффо тонгдек мунаввар қилдилар.

          Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам омонатдорликни, ростгўйликни, содиқликни ўзларига доим лозим тутганликларидан кейинчалик ҳам Қурайшликлар ул Зот билан бир тарафдан хусуматлашиб юрган пайтларида, ўзларининг молларини Пайғамбар алайҳисаломнинг ҳузурларига омонатга қўяр эдилар. Чунки улар Ҳабибимизни нубувватдан аввал ҳам “Амин” ишончли киши дер эдилар.

          Набий алайҳисаломнинг ёшлари ўттиз бешга етганда тошқин келишидан талофат кўрган Каъбани Қурайшликлар бузишиб қайта қуришмоқчи бўлишдилар. Қурилиш ишлари бошланиб, иш ҳажарул асвадни ўрнатишга келганда, тошни ўз ўрнига ким қўйиши борасида низолашиб қолишдилар. Ҳатто ораларида уруш аланга олаёзди. Абу Умайя ибн Муғийра Маҳзумий ораларида ҳукмига рози бўладиган одил ҳакам тайинлашни таклиф қилди. Шунда улар дарвозадан биринчи бўлиб кирган кишига ҳакамликни топширишни айтдилар. Шунда дарвозадан биринчи бўлиб кирган киши “Амин” ва “Маъмун” қавмининг ишончини қозонган Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Шунда у Зот пайдо бўлиши мумкин бўлган катта кўнгилсизликка ҳикмат ила ечим топдилар. Ўз ридоларини ерга ёйиб тошни унинг устига қўйди ва ҳар бир уруғ сардори кийимнинг бир четидан  ушлаганча биргаликда олиб боришларини буюрдилар. Сўнгра тошни ўзлари олиб жойига қўйдилар.

Имом Марвазий ривоят қилган ҳадисда

          Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳнинг рўпараларига келиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? деб сўради.

— Гўзал хулқ, дедилар.

У киши сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб, яна савол қилди:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?

— Гўзал хулқ, деб жавоб бердилар. Кейин сўл томонларига ўтиб, яна:

— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули? деб сўради.

— Гўзал хулқ, дедилар Расули акрам. Сўнг орқаларига ўтиб:

— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? дея қайта сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгрилиб:

— Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?!

дедилар»

Саъд ибн Ҳишом ибн Омир (розияллоҳу анҳу) айтади: “Оиша (розияллоҳу анҳo)нинг олдига бориб, “Эй мўминлар онаси, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқлари ҳақида гапириб беринг”, дедим”. У: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг хулқи Қуръон эди”, деди… (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳақиқатда Саййидимизнинг хулқлари мукаммал эди ва бошқа гўзал хулқларни тарбия этиб камолга етказиш учун юборилган эди. Имом Бухорийнинг “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

“Албатта мен карамли ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим” деганлар.

Усома ибн Шарийкдан ривоят қилинади: «Расули акрамдан аъробийлар:

— Бандага берилган нарсаларнинг энг яхшиси нима? деб сўрашди.

— Гўзал хулқ, дедилар Расули акрам»  (Ибн Можа ривояти).

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан гўзал хулқ ҳақида сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом ушбу оятни ўқидилар: «Афв-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Кейин дедилар: «Гўзал хулқ — алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир» (Анас ривояти).

Имом Жаъфар Барзанжийнинг роҳматуллоҳи алайҳ Мавлидун-Набий рисолаларида Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарму ҳаёда ҳам, камтарликда ҳам ўз аҳли оилаларига ёрдам беришда ҳам комилроқ эканликлари келтирилади. Бизлар умматмиз деймиз-у, шарму ҳаёда яхшироқ бўлсак, оиламизга ёрдам беролмаймиз, ёки камтарлик масаласида ҳам ожиз эканимизни яхши биламиз, ҳақиқатан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бутун инсониятдан комилроқ эканликларини биламиз. Аллоҳ таоло бошқа ояти каримасида шундай буюрган:

 

افَانتَهُو عَنْهُ نَهَاكُمْ وَمَا فَخُذُوهُ الرَّسُولُ آتَاكُمُ وَمَا

«Пайғамбар сизга нимани берса ўшани олинглар ва нимадан қайтарса ўшандан қайтинглар» (Ҳашр сураси, 7-оят).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлда юриб борар эдик. Ҳатто бир кенг водийга келиб тўхтадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қазои ҳожат қилиш учун юрдилар ва ўзларини тўсадиган бирор бир нарса топа олмадилар. Қарасалар, водийнинг четида иккита дарахт бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дарахтлардан бирининг олдига бордилар ва унинг шохларидан бирини ушлаб, “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш” (яъни, мени тўсиш учун), дедилар. Сўнгра ўша дарахт ўз етакловчисига итоат қиладиган, бурнидан таёқ ўтказилган туя каби бўйсунди. Кейин бошқа дарахтнинг олдига келдилар ва унинг ҳам шоҳларидан бирини ушлаб: “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш”, дедилар. Бу дарахт ҳам худди олдингиси каби бўйсунди. Кейин эса икки дарахтнинг ўртасига келиб: “Аллоҳнинг изни ила мен учун жипслашинг”, дедилар ва икки дарахт жипслашди. Мен эса ўз нафсимга сўзлаган ҳолда бир лаҳза (ҳайратда) қолдим. Кейин қарасам, қаршимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турибдилар. Дарахтлар эса бир-биридан ажралиб, ҳар бири ўз жойида турган экан” (Муслим ривояти).

Ушбу  муборак ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларига далолат қилиш билан биргаликда у зотнинг юксак даражада ҳаё соҳиби эканликларини кўрсатиб турибди. Зеро, Сарвари коинот алайҳиссолату вассалом ҳеч кимсаси йўқ кенг бир водийда, Жобир розияллоҳу анҳуга менга қарамай ўгирилиб тур, мен қазои ҳожат қилиб олай, десалар ҳам бўлар эди. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ўта юксак даражадаги ҳаёлари бундай қилишларига йўл қўймади.

Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, ҳусни хулқ Ислом шариатида буюк ишдир, Қиёмат кунида банданинг мезонига қўйиладиган оғир юкдир. У Исломнинг икки катта рукни бўлмиш намоз ва рўзага тенглаша олур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: “Мезонга ҳусни хулқдан ҳам кўра оғирроқ амал қўйилмайди, ҳусни хулқ ўз соҳибини намоз, рўза савобини олиш даражасига олиб чиқади”. Бошқа ривоятда: “Банда ҳусни хулқи билан рўзадор, намозхоннинг даражасига етади”, дейилган.

Ҳа, киши қанча эзгу амаллар қилмасин, хулқида ноқислик бор экан амаллар зоедир. Инсонлар бу хусусда, гўзал хулқ аслида қандай эканлиги ҳақида кўп ўйлашмасин. У биз ўйлагандек узоқ масофада ёки қийин бўлган амаллар ортида эмас. Ҳусни хулқ – очиқ юзли бўлишда, озор беришдан тийилишда, хайру саховатли бўлишдадир.

 

4 “в” гуруҳ талабаси Турсунов Нурали