Батаҳқиқ Аллоҳнинг росулида сизлар учун гўзал намуна бор

9

بسم الله الرحمن الرحيم 

Ўз бандаларини пайғамбарлар воситасида тўғри йўлга йўллаган Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин! Ундан кейин пайғамбарлик бўлмаган зотга Муҳаммад (с.а.в) га саловат ва саломлар бўлсин!

Муборак ой Робийъул аввални Аллоҳ Таоло барчамизга муборак айласин! Бу ойда набиййимиз Муҳаммад аълайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва манфаатланиш барчамизга насиб этсин. Амма баъд.

Маълумингизким, оламларга раҳмат ўлароқ юборилган, Роббисининг шариъатини олий мақом қилган, умматларига муъаллим бўлган, қиёмат кунида тавҳид байроғи унинг қўлида бўладиган зот Муҳаммад аълайҳиссалом мана шу ойда Робийъул аввалнинг тўққизинчисида тонг вақтида дунёга келганлар. Тарих китобларида ул зот туғилган кечада олам нурга тўлганини араб жазирасида чиққан нур шом саройларини ёритганини баён этилган. Ул зот соф табиатли араб эдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ бўлиб, боболари Абдулмутоллиб ибн Ҳошим ибн Абдуманофдир. Силсилалари Исмоил аълайҳиссаломга уланади. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда набий аълайҳиссалом – “Исмоил аълайҳиссалом авлодидан Кинонани, ундан Қуройшни, Қуройшдан бани Ҳошимни, бани Ҳошим орасида мени (пайғамбарлик учун) танлаб олди” – деб айтганлар.

Набий (с.а.в) нубувватдан аввал ҳам қавмлари орасидаги энг тўғри сўз, энг ишончли ва омонатдор эдилар. Илк бор қавмни хоссатан бани Ҳошимни Сафо кенглигига йиғиб, уларга берган саволларини бир эслайлик, ул зот қавмдан сўрадилар: “Мана бу тоғ ортида сизларни ўлдиришга тайёр отлиқ қўшин бор десам, ишонасизларми?” деб айтганларида қавм ўзининг мана бу сўзлари билан У кишининг энг ишончли киши эканликларини тасдиқлашган: “Сиз ҳеч қачон ёлғон гапирмагансиз!” Келишмовчиликларида ҳам набий (с.а.в)ни ҳакам қилишар эди. Байтнинг қурилишида Ҳажарул асвадни ўз ўрнига қўйишликда набий (с.а.в)нинг энг адолатли киши эканликларини кўришимиз мумкин. Ўша вақтда 35 ёшда эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) 40 ёшга тўлганларида Роббиси ул зотни ўзининг сўнги рисолатига росул қилиб тайинлади. Ул зот нафақат инсонларга, балки, жину жамодотларга ҳам Росул қилиб юборилган эди. Ҳатто тошлар ҳам ул зотга салом ва саловатлар айтар эди. 13 йил Маккада даъват қилдилар. Шу пайт оралиғида Макка қавмидан Муҳаммад (с.а.в)га етган қийинчиликлар Тоифдаги азиятлар бир инсон кўтара олмайдиган синовлар эди.

Аллоҳ ул зотни Маккада масжидул Ҳаромдан масжидул Ақсога бир кевҳада сайр қилдирди. Ўша давр учун бу ақл бовар қилмас иш эди. Масжидул Ақсодан меърожга, Роббиларининг ҳузурига Буроқда кўтарилдилар. Ҳатто Жаброил кўтарилмаган мақомга кўтарилдилар. Ривоятларда Жаброил (а.с.) тилидан “бундан юқорисига кўтарилгувчи эмасман” деган жумла зикр қилинади.

Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига Жаброил (а.с) келдилар ва бу кеча ўз ўринларида ухламасликлари кераклиги ҳақида хабар бердилар ва ҳижратга буюрдилар. Оиша (р.а) шундай дейдилар: “Кун қизган пайтда Абу Бакрнинг уйида едик. Росулуллоҳ келдиларда киришликка изн сўрадилара Абу Бакрга оилангини Маккадан олиб чиқ дедилар. Шунда абу Бакр: “Ота онам сизга фидо бўлсин, биз билан бирга ҳижрат қилинг дедилар”. Набий (с.а.в) икки йўл халталаридан бирини пул эвазига олдилар. Мадинага ҳижрат қилдилар. Мадина аҳли у кишини самимий қабул қилди.

طلع البدر علينا

من ثنيات الوداع

 وجب الشكر علينا

ما دعى لله داع

 

أيها المبعوث فينا

جئت بالأمر المطاع

 جئت شرفت المدينة

مرحباً يا خير داع

Эй Вадо водийсидан бошимиз узра кўтарилган ой,

Вожиб бўлди бизга шукрлар!

Эй, бизларга юборилмиш зот, Аллоҳ даъват қилган ишга чақирар!

Қадамила Мадинанани шарафлаган энг тўғри йўлга йўллаган,

Марҳабо эй энг яхши даъватгўй!

Мадинада 10 йил Аллоҳнинг динига даъват қилдилар. Кўпгина ғазот ва жангларда қатнашдилар. Аллоҳ ул зотга ғалаба насиб этди.

Эй Муҳаммад, қачонки Аллоҳнинг нусрати ва ғалаба келганда, ва одамлар тўп тўп бўлиб Аллоҳнинг динига кираётганини кўрганингизда дарҳол Роббингизга ҳамд билан тасбиҳ айтинг ва ундан мағфират сўранг! Зеро, у тавбаларни қабул қилгувчидур. (Наср сураси)

Ҳижратнинг 10-йилида Аллоҳ таоло Макка фатҳини мусулмонларга туҳфа қилди. Набий (с.а.в) ҳижратнинг 10-йилида ҳаж қилдилар. Ҳажжул вадўда яъни видолашув ҳажида қуйидагича хутба қилдилар:

“Ҳамд Аллоҳ таолоникидир, унга ҳамд айтамиз ва ундангина ёрдам сўраймиз ва унгагина тавба қиламиз, нафсларимиз ва амалларимизнинг ёмонликларидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштиргувчи йўқдир ва кимни адаштирса уни ҳидоят қилгувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки шериги бўлмаган ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва гувоҳлик бераманки Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир.  Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳга тақво қилишликларингизни ва тоатида ҳимматли бўлишликларингизни васият қиламан, яхшиликларнинг бари сизларга бўлсин. Амма баъд.

Эй инсонлар, менга қулоқ солинглар сизларга баён қилиб берайин, мана шу йилдан кейин, бу ерда яна кўришамизми йўқми билмайман. Албатта сизларнинг жонларингиз мол мулкларингиз Роббиларингиз мана бу муборак кунингизни мана бу муборак ойингизни мана бу муборак шаҳрингизни улуғ қилгани каби бир бирингизга ҳаромдир. Сизларга етказдимми?! Аллоҳим ўзинг гувоҳ бўл!

Ҳар кимга бир кимса омонат қўйса, унга ҳеч хиёнат қилмай эгасига топширсин. Албатт жоҳилият рибохўрлиги ортда қолди.  Исломдан аввалги ижара пулларини йўқ қилдим. Бу ишни амаким Аббос ибн Абдулмутоллибнинг ижарага берган пулларини йўқотиш билан бошладим. Жоҳилият давридаги даъволарни ҳам йўққа чиқардим. Ислом даврида бундай даъволар сўралмайди. Ўз амакимнинг ўғли Рабияъ ибн Хорис ибн Абдулмутоллибнинг хунини қолдиришдан бошладим…”

Маълум вақт ўтгач набий (с.а.в) Уҳуд тоғида ўлдирилганларни зиёрат қилиб, дуо қилдилар. Шу воқеадан сўнг касалликлар бошланди. Бошлари оғрий бошлади. Абу Бакр (р.а) “Ота онам сизга фидо бўлсин” деб йиғладилар. Бир кун росули акрам(с.а.в) хуфтон номозига чиқа олмай қолдилар.  Абу Бакр (р.а) имомликка ўтдилар. Шу кеча эрта тонгда оламларга раҳмат ўлароқ юборилган зот дорул фанодан дорул бақога риҳлат қилдилар. Қизлар Фотима (р.а) ва бошқа саҳобийлар кўп қайғу чекдилар. Фотима онамиз дард аламларидан бир шеър айтдилар:

صبت علي مصائبٌ لو أنها

صُبت على الأيام صرن لياليا

ماذا على من شم تربة أحمدٍ

أن لا يشم مدى الزمان غواليا

Бошимга замонасининг мусибатлари ёғилди,

Агарчи у куннинг устига тушганда тунга айланиб қоларди,

Аҳмаднинг ҳокин ҳидлаган кишига нима бўлибди?

Узоқ замонлар ҳушбўй ҳид ҳидламаса

Мана шу улуғ набийнинг, гўзал хулқларни камолига етказган Аллоҳнинг элчисининг моборак умрларидан биз ноқис айтугувчидан қисқа хотимадир. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак Набий (с.а.в) нинг сийратларини ўрганишликдан мақсад тарихий воқеаларга, тарихий жойларнинг номларига, тарихий саналарга тўхталиб ўтишлик эмас! Балки, ҳақиқий мўминликнинг барча мукаммал сифатларини ўзида жам этган зотнинг сийратлари асосида чин мусулмон шахс қандай бўлишини тасаввур қилиш ва ҳаётимизга тадбиқ этишдир. Бу сўзимизни қуйидаги ояти карима қўллаб қувватлайди.

 لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ

Батаҳқиқ Аллоҳнинг росулида сизлар учун гўзал намуна бор.

Файзуллаев Солижон

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси талабаси