Борлиқ узра нур таратган Расулуллоҳ умматимиз…!

24

Бугун Рабиъул аввал ойининг 12 санаси, чоршанба куни. Ушбу сана ислом тарихидаги сана билан солиштирганда душанба кунига тўғри келади. Аллоҳ таолонинг лутфи марҳамати ва розилиги йўлида, Ўзининг ихтиёри, берган илмини қалбимизга ва ундан тилимизга солиб қўйгани қадар меҳрибон ва суюкли, оламларга нур таратган Пайғамбари, Расули Муҳаммад ﷺнинг ибратли ҳаёт йўлларини янада яқинроқ ёдга олиш ва у кишини соғиниб хотирлаш мақсадида қалам ушлашимизни биз – ожиза бир бандасига насиб этди, алҳамдулиллаҳ…

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бутун оламнинг Роббиси бўлган, жамики махлуқоти ичра инсонни мукаррам этиб яратган, инсонлар ичида бизларни, мусулмонлар жумласидан қилган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган ҳорликдан ёрдамчига муҳтож бўлмаган, барча ҳамду сано, қалам билан таълим берган инсонга билмаган нарсаларини ўргатган, бизларни соф ақидага бошлаган ўзининг таъбири билан ишларни тартибга солган, мўътадилликни хулққа чирой этиб берган, инсонни энг гўзал шаклу шамойил билан зийнатлаб, уни зиёдаю нуқсондан асраган Аллоҳ  таолога беадад ҳамду санолар бўлсин! У зот ахлоқни яхшилаш вазифасини бандасининг жидду жаҳдига топширди. Ўзининг тавфиқи билан хос бандаларига ахлоқ тарбияси йўлидаги машаққатларни осон қилган, барча айбу нуқсондан пок бўлган Аллоҳга шукур қилувчиларнинг ҳамди каби ҳамд ва Ўзи сазовор бўлган ҳамд билан Унга сано айтаман.

Бутун инсониятни ҳидоят йўлига, жаҳолатдан маърифатга, зулумдан адолатга, ҳалокатдан нажотга бошлаган ҳидоят элчиси, барча умматларнинг муаллими ва йўл бошчиси, инсонга яхшиликни таълим берган ва Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборган ҳамда инс-у жинни ҳақиқат ва тўғри йўлга бошлаган, бизларга энг мукаммал ақидани баён қилиб берган, Пайғамбарларнинг шарафлиси, Набийларнинг афзали ва яратган халқининг энг хайрлиси, Пайғамбарликни жойига етказган, омонатни адо этган ва умматга насиҳат қилган Аллоҳнинг суюкли бандаси, Пайғамбари ﷺга салом-у саловатлар бўлсин. Ботилдан батамом узилиб, зулматдан нур сари талпинган, ҳар динга заррача гард юқтирмаган ҳамда Муҳаммад ﷺ умматининг афзали бўлган саҳобайи киромларга Аллоҳнинг раҳмати ва мағфирати ёғилсин.

Сўзимиз аввалида Рабиъул аввал ойининг 12 санасига алоҳида урғу бериш билан бошлашимиз бежиз эмас албатта.  Ҳижрий 11-йил, Рабиъул аввал ойининг 12 куни. Душанба.  Ушбу кун ислом тарихида энг қайғули, мусулмон аҳли учун мудҳиш бўлган кун билан хотирланади. У кун ҳеч қачон унутилмас, ислом олами учун катта мусибат эди…  У шундай мусибат эдики, еру осмонни ларзага келтирадиган, жамики махлуқотлар қайғусига сабаб бўладиган кундир.

Расулуллоҳ ﷺ вафот этган кунни эсланг. Бу иш душанба куни тонгда бўлган эди. Ўшанда Расулуллоҳ ﷺнинг саҳобаларидан иборат катта жамоа бомдод намозини ўқишаётган эди. Саййидимиз Абу Бакр имомлик қилардилар.  Расулуллоҳ ﷺ уйлари билан масжид хонақоси ўртасига тўсилган пардани кўтардилар. Расулуллоҳ ﷺ назар солиб ўз саҳобаларини Аллоҳнинг ҳузурида қиблага юзланиб намоз ўқиётганларини кўрдилар. Ҳа, уларни намозга шўнғиб киришганларига гувоҳ бўлдилар. Расулуллоҳ ﷺ уларга шундай назар солдиларки, бу ҳолат у кишидан жон талвасасини, яъни, жон чиқиш машаққатини эсларидан чиқариб юборди.  Ўшанда жон чиқиш вақти бошланган эди. Расулуллоҳ ﷺ кўрган бу манзара у зотни кулиб ажойиб табассум қилишларига сабаб бўлди. Бу ҳолатни кўрган саҳобалар у зотни соғайибдилар, деб ўйлашди ва олдинга ўтишлари учун йўл бериб орқага тисарилдилар.

Шунда у зот ишора қилиб: “Қандай турган бўлсангиз шундай давом этаверинглар”- дедилар.

Маълум бўладики – мусулмон умматларнинг ота-оналари у зотга фидо бўлсин – Расулуллоҳ ﷺнинг табассумлари очиқ ва ёрқин эди. У кишининг кулишлари насиҳат табассуми эди.

Яъни, “Қандай турган бўлсангиз шундай давом этаверинглар. Бу мени Аллоҳнинг ҳузурига кетар чоғимда сизларга ишониб топширган насиҳатимдир. Мен ушбу кўриниш билан Аллоҳ таолонинг ҳузурига жўнаб кетаман ва Аллоҳга: “Мени уларга пайғамбар қилиб юборган бандаларингни Сенга намоз ўқиётган, рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида қолдириб келдим, улар фақат Сенинг ўзингга ибодат қилаяпдилар, мен умримнинг охирги дақиқаларида уларни қиблага юзланиб, Ўзинг мушарраф қилган намозни ўқиётган ҳолларида қолдириб келдим”, деб айтаман” — дедилар.

Мана шу Расулуллоҳ ﷺнинг насиҳатлари эди…  Бизларга Мустафо ﷺ нинг насиҳатлари етарлидир. Баъзида насиҳат вароққа ёзилмаган бўлади. Баъзида насиҳат Расулуллоҳ ﷺнинг оғизларидан сўз бўлиб талаффуз қилинмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин Расулуллоҳ ﷺ уни бизга ёзиб қолдириладиган ва сўз билан айтиладиган насиҳатдан ҳам етарлироқ услуб билан етказдилар.

Пайғамбар ﷺнинг севимли рафиқалари Ойша розияллоҳу анҳо онамиз шундай хотирлаганлар: “У зотнинг бошларини кўксим билан бўйним орасига қўйдим”. Бир қанча вақтдан сўнг ҳузурларига Ойша розияллоҳу анҳонинг акаси Абдурроҳман кирди. Қўлида мисвок бор эди. Пайғамбар ﷺ мисвокка қарадилар. Ойша розияллоҳу анҳо: “Ундан фойдаланмоқчимисиз, эй Расулуллоҳ?” дедилар. Бошлари билан тасдиқ ишорасини қилдилар. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо акаси Абдурроҳманнинг қўлидан мисвокни олдилар, уни оғизларида хўллаб юмшатдилар. Сўнг Расулуллоҳ ﷺнинг тишларини тозалаб қўйдилар. Оғизларига етган энг охирги нарса Ойша розияллоҳу анҳонинг сўлаклари бўлди.

Ойша розияллоҳу анҳо сўзларида давом этдилар: “Душанба куни эди. Ўша куни, зуҳо вақтида Пайғамбар алайҳиссаломнинг тишларини тозалаб бўлганимда у зотнинг олдиларида сув солинган идиш бор эди. Ундан қўлларини ҳўллаб, “Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ Зот йўқ. Албатта, ўлимнинг сакароти бор. Албатта ўлимга жон талвасаси ҳамроҳлик қилади”, деб такрорлаган ҳолда юзларини артар эдилар. Мен Расулуллоҳга қарадим, у зот эса нигоҳларини шифтга, юқорига қаратдилар. Пайғамбар алайҳиссалом бармоқларини тик қилиб: “Аллоҳ неъмат берган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга” деганларини эшитдим. Сўнг: “Рафийқи Аълога, Рафийқи Аълога”, дея бошладилар. Шунда Аллоҳ у зотнинг руҳларини қабз қилди ва қўллари ҳам пастга тушди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин! Бас, (солиҳ) бандаларим (сафи)га қўшилган ва жаннатимга киргин!” (Фажр, 27-30).

Аллоҳга ибодат қилган киши эса, билсинки, Аллоҳ тирикдир ва ўлмайди дедилар. Сўнг Аллоҳнинг каломини тиловат қилдилар: “Муҳаммад пайғамбардир, холос. Ундан олдин ҳам пайғамбарлар ўтган. Мабодо, у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Ортига қайтгани билан ҳеч ким Аллоҳга сира зарар етказа олмас. Аллоҳ шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлагай” (Оли Имрон, 144).

Мазкур оятни одамлар уйларида ва юрган йўлларида ўқир эдилар. Барча мусулмон хонадонларини қайғу босганди. Барчанинг кўзи ёшланган, барчанинг юраги эзилган. Гўёки бутун Мадина қоронғулашгандек эди. Мусулмонлар бошига қандай ҳам оғир мусибат етди…

Мусулмон аҳли Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳақиқатан ҳам вафот этганларига ишонч ҳосил қилишгач, уларнинг хасрату надоматлари ортди. Саҳобалар Расулуллоҳ ﷺнинг ҳаёт йўлларини, уларни залолатдан ҳидоятга олиб чиққанликларини хотирлар эдилар. У зот бу фоний дунёни тарк этдилар. У зот ўз Буюк Раббилари, Рафиқул аълолари билан бирга бўлишни афзал билдилар.

Расулуллоҳ ﷺнинг ҳаёт йўлларини ёритишда фақатгина ўқиганларимиз, сийратлари билан танишган илмимизга таянган ҳолда, Буюк Аллоҳ кифоя қилганига асосланибгина у кишининг чеккан машаққатлари, қийинчиликлари, мушриклар томонидан саҳобийларга етказилган жабру зулумлари, таҳқирланишлар, очлик билан жазоланган мусулмонларнинг азоблари, кофирлардан келган мусибатларга шикоятсиз сабрлари, ҳаттоки ўлим ҳам у зотнинг муборак таналарига чидаб бўлмас даражадаги оғриқларини солгани… Эй воҳ! Қай бирини қаламга олиш мумкин..!?

Расулуллоҳ ﷺнинг гўзал одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамойиллари, шариатларининг ниҳоятда бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлиги зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлари ва барчамиз учун намунали бўлган ҳаётлари ҳақида келтирилган маълумотлар билан танишиб, очиғи жуда ҳам таъсирландим. Баъзи воқейликларни ўқиб, ўзимни кўз ёшлардан тия олмадим.

Энг таъсирлантирган воқейликлардан яна бири, эндигина мусулмонликни қабул қилган саҳобийларга мушриклар томонидан чидаб бўлмас даражадаги азоб-уқубатларни етказилганлигини ўқирканман, уларнинг ўз иймонларига ниҳоятда садоқатлиги, Аллоҳга бўлган муҳаббати ва қурбатини зиёдалигини кўз олдимда гавдалантирар эканман, уларнинг қандайин мусулмон бўлганликларини, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺга ўзларининг чин маънодаги муҳаббатларини исботлай олган, Аллоҳ таолонинг ҳақиқий жаннати бандалари бўлганликлари, исломнинг машаққатли, оғир даврларининг  энг ишончли, мард, бир сўзли, шижоатли, енгилмас, адолатли, омонатдор, вафодор, сабрли қаҳрамонлари бўлганликларини бугунги ислом замонасининг мусулмонман дейдиган умматларига солиштирганда минг афсуски, қалбингда беихтиёр жуда таъсирли қўрқинчли титроқ тураркан. Ўша пайтлардаги мусулмонларнинг иймонлари қанчалик даҳшатли синовлар билан синалганлигини тўғридан – тўғри гувоҳи бўлиб турган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺнинг Аллоҳ таолога шикоятларсиз сабрли бўлишга ва шу билан бир қаторда саҳобаларини гўзал сабрга чорлашлари, гўзал сабрлари эвазига охиратда нажот топишлари, жаннат билан мукофотланишлари тўғрисида Қуръонда келтирилган оятлар билан қалбларини кўтаришлари У кишига бўлган муҳаббатимни янада оширди алҳамдулиллаҳ.

Пайғамбарларнинг энг шарафлиси, Набийларнинг афзали ва яратган халқининг энг хайрлиси, Пайғамбарликни жойига етказган, омонатни адо этган ва умматга насиҳат қилган Аллоҳнинг суюкли бандаси, Пайғамбари,  пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад Мустафо ﷺ сийрат шамойилларига, фазилатларини чин мусулмонлар албатта билишлари лозимдир. У зот қандай инсон бўлганлар биласизми…?

У зот ﷺ одамларнинг энг саҳийси эдилар. У кишининг саҳийликлари Рамазон ойида кўпроқ бўлар эди. У киши яратилиш ва хулқ жиҳатидан одамларнинг энг гўзали бўлганлар. Кафтлари ҳам уларникидан мулойимроқ, ҳидлари ҳушбўй, дўстликда энг гўзалроғи эдилар. Аллоҳга бўлган қўрқувлари уларникидан энг кучли эди. Ўзи учун ғазаб қилмас ва ўзи учун ўч олмас қачонки, Аллоҳнинг муқаддас нарсалари беҳурмат қилинсагина ғазаб қилар эдилар. Ана шу вақтда токи ҳақиқатни ҳимоя қилгунларича бошқа ҳеч нарса ғазабларини қўзғатмасди. Хулқлари Қуръон эди. Одамларнинг энг камтари эдилар. Аҳли оиласининг ҳожатини чиқарар, ҳаёси энг кучли одамлардан, ҳаттоки бокира қизларнинг ҳаёсиданда кучлироқ эди. Ҳеч қачон таомни айбламас, уни ёқтирсалар ер, бўлмаса тек қолдирар эдилар. Таомни ёнбошлаб ва қайноқ ҳолида емасдилар. Асал ва ҳолвани яхши кўрар, ошқовоқни ва тарра (кабачок)ни ёқтирар эдилар. Бир икки ой ўтса ҳам, пайғамбар хонадонида таом учун олов ёқилмас эди. Ҳадяни ер, садақани емас эдилар. Ковуш махсиларини ва кийимларини ўз қўллари билан тикиб олардилар. Беморлар ҳолидан хабар олар, у кишини чақирган фақир ва ночорларга ҳам жавоб берар эдилар. Тўшаклари теридан бўлган пўстак эди. Молу дунёнинг барча туридан қисилган эдилар. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло у кишига ер хазиналарининг барчасини бериб қўйган бўлсада у киши бош тортиб улар ўрнига охиратни ихтиёр қилган эдилар. Аллоҳни кўп зикр этар ва доимо фикр қилувчи эдилар. Кулишлари табассум эди. Ҳазил мутойиба ҳам қилар, лекин фақат ҳақиқатни айтар эдилар. Дўстлари билан унсу улфат қурар ва барча қавмларнинг улуғларини ҳурмат қилардилар. Уларга ишларини ишониб топширар эдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда собит бўлган, у киши Расулуллоҳ ﷺнинг хизматларини қиларди. У киши айтади: “Расулуллоҳ ﷺнинг қўлларидан мулойимроқ бирор шойи ёки ипак ушламаганман. У кишидан ҳушбўйроқ бирор нарсанинг ҳидини сезмаганман. Расулуллоҳ ﷺга ўн йил хизмат қилган бўлсам, бирор марта менга “уфф” демаганлар ва бирор иш қилсам ҳеч қачон “нега бундай қилдинг”, бирор ишни қилмаган бўлсам, “бундай қилсанг бўлмасмиди?!”- демаганлар. “Аллоҳнинг ҳукми яхши, Аллоҳнинг қазоси яхши”- деган сўзларини кўп айтар эдилар”.

…Биз ана шундай улуғ фазилат эгаси бўлган зотнинг умматларимиз, алҳамдулиллаҳ!

Башарият тарихида ҳеч бир кишининг ҳаёти Муҳаммад ﷺнинг умричалик тўлиқ ўрганилган эмас. Инглиз олими Жон Давенпорт: “Машҳур пайғамбарлар ва фотиҳлар орасида тарихий ҳаёти ҳазрат Муҳаммад тарихидек энг кўп ва ҳамма нуқталаригача батафсил ўрганилган тарихий шахс йўқдир”, деганида чиндан ҳам ҳақ бўлган.

Расулуллоҳ ﷺнинг ҳаётлари, у кишининг одоб-ахлоқлари, юриш-туришлари, хатти-ҳаракатлари синчковлик билан ўрганилганки, шу боис ҳам Расулуллоҳ ﷺнинг биргина амалини кўриб, эшитиб қанчадан-қанча кишилар имон билан неъматланди…

Ушбу мақолани қоғозга туширишдан аввал чин қалбдан фикр ва мулоҳазалар билан узоқ вақтгача қўл уролмадик, чунки у кишининг сийратлари ва шамойиллари битилган китоблар жудаям кўплиги, мусулмон халқимиз у кишининг ҳаёт йўлларини уламоларимиз томонидан ёзилган қўлёзмаларидан ўрганиб чиқишган албатта. Шундай бўлсада, қисқагина ҳажмли, аммо ўқиганда кенг маънони ҳис қиладиган даражада таассуротларни ўз ичига олган, ўқиган инсонни қалбини титратадиган воқейликлардан парчаларини келтириш билан хотирлашга бутун борлиқ узра нур таратган Расулуллоҳ ﷺнинг бир ожиза умматлари сифатида ҳаракат қилдик. У зотни ҳақиқатдан соғинган  ҳолатда ғойибона соғинчларимизни ифодаси ўлароқ, муборак чеҳраларини тушларимда ифодалагани каби кучли соғинч ила…, Ухуд тоғида умматлари билан нур тараётган ҳолатларини яна бир бор кўзимдаги ёшим билан эсга оларканман, тушларимизда меҳмон қилган Раббимга такрор ва такрор меҳмон қилишини чин истак ва хоҳишларимиз билан сўраб, Ўзини бизларга гўзал суратда танитган Аллоҳ таолога Ўзининг билгани қадар ҳамдлар айтиб, зикрларда бардавом бўлган ҳолимизда ёзишга ғайрат берган, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺнинг сийрат ва шамойиллари ифодаланган китобларни муборак Мавлиди шарифнинг шарофати ила бирма-бир вароқлаб, яна бир бор ўрганишга сабабчи қилган оламлар Раббисига Ўзини адади қадар шукроналаримиз бўлсин.

Нилуфар бинту Ахат

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси