Тоқатига тоғлар эгар бошини…

22

Авлиёлик – сабрдир,

Сабр нафсга жабрдир.

 

Ҳазрати шайх Сирри Сақоти (қ.с.) сабрдан сўзлаётган эдилар. Чаён ул зотнинг бир неча жойларидан чақди. Шайх чаённи ўлдирмадилар. “нечун ўлдирмадингиз?” – деб сўрашди. “Сабрдан сўзлаб турар эканман, Аллоҳдан уялиб, чаённи ўлдирмадим. Нединким, сабрдан гапира тупиб, сабр қилмаган бўлардим”, деб жавоб қилдилар.

Қудсий ҳадисда: “Эй Одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўтараман”, деб марҳамат қилинган.

Бир кун ҳаммаси яхши бўлади, деймиз… Аслида бугунимиз ҳам энг яхшиси эканлигини билмаймиз.

Бир кун ўша ёр ҳам келар, муаммолар кетар, қарз узилар, уй олинар, ватанга қайтилар, соғайиб кетилар…

Аммо… Аммo, ўша вақтда бугунингиздаги каби ёшроқ бўлмайсиз. Ўша бир куни бугунги иштиёқингиз, шижоатингиз, кучингиз, қувватингиз бўлмаслиги мумкин. Ўша куни бугун хоҳлаётганингизни хоҳламай қолишингиз мумкин…

Шундай инсонлар борки, ўзгалар қалбини жароҳатлаб қўймаслик учун сукут сақлаб, сабр қилиб туради…

Шундай инсонлар борки, ўзлари алам чекиб турган бўлади ва гапирса, алами янада зиёда бўлиб кетади. Шунинг учун улар сукут сақлаб, сабр қилиб туради…

Шундай инсонлар борки, гапи кор қилмаслигини билгани учун сукут сақлаб, сабр қилиб туради…

Шундай инсонлар борки, ғазаб пайтида бирор кимсага қаттиқ гапириб, уни йўқотиб қўймаслик учун ҳам сукут сақлаб, сабр қилиб туради…

Бизлар қандай даражадамиз? Қисқа суҳбатимиз давомида шу тўғрисида манфаатли сўз юритиш ниятимиз бор.

“Дунёда энг яхши лаззат нима?” деган саволга “қаноат лаззатидир”, деб жавоб берадиганлар янглишмайдилар. Чинакамига қаноатли бўлиш худбинликни инкор этади, киши ўзи роҳатда яшаши билан бирга бошқаларнинг ҳам шод яшамоғини истайди ва бу йўлда жон фидо қилмоққа ҳам тайёр бўлади.

Кунлардан бир куни Салмони Форсий (р.а.) уйларига яқин дўстларидан Абу Зарр Ғифорий келдилар. Дастурхон устига бир кўза сув ва бир неча бўлак қотган нон қўйилди. Нонни сувга ботириб еяётган меҳмон “Нон жуда мазали экан-у аммо тузи бир оз камроқ туюлди”, дедилар. Шунда Салмони Форсий меҳмондан узр сўраб, кўзани олдилар-да, бозорга йўналдилар. Бозор яқин бўлгани сабабли кўзани тузга алмаштириб, тезда уйларига қайтдилар. Энди сувга бўктирилган нонни тузга сепиб едилар. Шунда меҳмон: “Аллоҳга шукр, бизни шунчалар қаноатли қилиб яратибди”, дедилар. Бу шукронани эшитиб, мезбон қўшимча қилдилар:

-Тўғри, Аллоҳга шукр қиламиз, лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алишмаган бўлардик.

Қаноатсиз одам ҳеч маҳал ўзини ўзи идора эта олмайди. Қаноат – етишурлик миқдорига ёки хазинада топилганига ризо бўлмоқлик, демак экан, бу эрлар учун ҳам, хотинлар учун ҳам энг гўзал бир сифатдир. Етишур миқдорига ризо бўлмаган кимса ертўла хазинаси бўлса-да, ҳаргиз қаноат қилмас. Шунга кўра, қаноатсизлик – одам боласидаги бир ёмон хасталикдир, дейиш ҳам мумкин. Юқорида айтганимиздек, қаноатсизлик хасталигига мубтало бўлган кимса охиратнинг тўғри йўлидан бир четга чиқиб, кўп вақт адашиб қолади ва турмушнинг турли машаққатларига дучор бўлаверади. Қаноатсиз кишининг талаби кўп ва кўзи очлиги чексиз бўлганидан муродини ҳосил қилиш учун турлича ёлғон сўзлар ила маддоҳлик қилур. Ҳар вақтда ўзидан бечора ҳолли кимсаларни кўриб турадиган ва бу юқори ҳолидан яна бечора ҳолга тушуви мумкин эканини кўнглига келтирадиган одам боласининг борига қаноат этуви шубҳасиздир.

… Бир қаноатсиз сайёд яъни, овчи тулкини кўриб қолди-ю, унинг юнгига ҳаваси келди. Жониворни тутиб, терисини шилиб, қиммат баҳога сотишни орзу қилди ва унинг инини излаб топди. Инга яқин ерда чуқур қазиб, устини хашак билан беркитиб, тепасига бир бўлак гўшт ҳам ташлаб қўйди. Тулки инидан чиқиб гўштни кўрди. Чоҳга яқинлашди-ю, аммо гўштга чанг солишга шошилмади.

Бу гўшт димоғимни хушбўй қилса ҳам, лекин ундан бало иси келиб турибди. Донишмандлар хавф-хатарли ишни қилмайдилар, оқиллар фитнага сабаб бўладиган ишга киришмайдилар. Бу хашак устига бекорга гўшт қўйилмагандир, ҳар ҳолда шу гўштдан умид узганим афзал.

Тулки шу қарорга келиб, чоҳни четлаб ўтиб кетди.

Шамол гўшт исини шу атрофда юрган оч йўлбарс димоғига етказди. Йўлбарс гўштни тездагина, адашмай топди, ўйлаб ҳам ўтирмай хашак устига оёқ қўйди-ю, чоҳга қулади. Сайёд шовқинни эшитиб “чоҳга тулки тушди”, деган гумон билан югуриб келди-ю, пастга қарашга ҳам қаноат қилмай ўзини чуқурга ташлади.

Ким қайси фазилати туфайли омон қолди-ю, ким қайси иллати туфайли ҳалок бўлди?

Хулоса ўзимиздан…

 

Нилуфар Ахатовна

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси