Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳазиллари

26

Динимиз исломда ҳар бир нарсанинг ўз чегараси бор. Жумладан мақоламиз мавзуси бўлган ҳазил тўғрисидадир. Бутун оламга намуна бўлган Набий ﷺ бизларга ҳар бир ишни ўзларининг қилган амаллари ила таълим бериб кетганлар. Сарвари олам ҳазил қилар эканлар, ҳақиқатда мавжуд нарсалар ила ҳазил қилганлар. Қуйида У Зотнинг бир нечта ҳазилларидан намуна келтирамиз.

  1. Муҳаммад ﷺнинг саҳройи араблардан бўлган Зоҳир исмли биродарлари бор эди. Зоҳир саҳрода топган нарсасини совға қилиб Набий ﷺга берар, Пайғамбаримиз эса шаҳарда топган нарсаларини у кишига ҳадя қилар эдилар. Ўртада шундай ажойиб улфатчилик мавжуд эди. Бир куни Зоҳир Пайғамбаримизнинг уйларига келиб, аҳли байтдан Набийимиз ﷺни сўради ва Расулуллоҳ йўқлар деган жавобни эшитиб бозорга йўл олди. У кетганидан кейин Набий ﷺ кириб келдилар. У Зотга Зоҳирнинг хабари берилди. Пайғамбаримиз вақтга қарадилар. Намоз вақти эмас. Демак у бозорга кетган дея бозорга йўл олдилар. Қарасалар Зоҳир савдо қиляпти. Секин ортидан бориб, икки қўллари билан уни қучоқлаб кўтардилар. Ҳазилларини давом эттириб: “Қул сотаман, қул сотаман”,-дедилар. Шунда Зоҳир: “Мени қул деяптими? Қўйиб юбор, қўйиб юбор”- деб безовталана бошлади. Зоҳир кимнинг қучоғида турганини билмас эди. Ҳамма югуриб келиб қараб, Расуллулоҳ орқада турганларини кўриб, кулиб юборишди. Зоҳир бу ҳолатдан кимнинг қучоғида турганини билди.  Расулуллоҳнинг қилган ҳазилларидан Зоҳирнинг юзига табассум югурган эди.
  2. Бир аёл Расулуллоҳнинг олдиларига келиб: “Сизни эрим чақиряпти.”- деди. Шунда Саййидимиз унга: У ким? Ҳа, Кўзида оқ бор кишими?”- дедилар. Ҳалиги аёл: “йўқ”,- деди. Пайғамбаримиз ﷺ:” Эрингнинг кўзида оқ бор”- деганларида, аёл: ”Аллоҳга қасамки йўқ”- деди. Шунда У Зот: Ҳамманинг кўзида оқ бор,” -деб жавоб бердилар.
  3. Бир кампир Саййидимизнинг олдиларига келиб: ”Дуо қилинг, Аллоҳ мени жаннатга киргизсин,”- деди. Шунда Пайғамбар ﷺ унга: ”Жаннатга кампирлар кирмайди”- дедилар. ҳалиги кампир хафа бўлиб, қайтиб кетди. Пайғамбаримиз: ”Бориб айтинглар, кампир ҳолида кирмайди”- дедилар. Кампир бу хабарни эшитиб хурсанд бўлиб кетди.

Кўриб турибсизки, Расулуллоҳ ﷺнинг ҳазилларида самимият бор. Эшитган киши ҳафа бўлмайди, аксинча хурсанд бўлади.

Ҳозирги кунга келиб, биз бу самимийлик ва ҳақиқийлик чегарасидан чиқиб кетдик. Қилаётган ҳазилларимиз ҳақиқатдан йироқ. Қолаверса, ҳазилларимизда ёлғон ва фаҳш сўзлар кўпайиб кетган. Гоҳида чегарадан чиқиб кетамизки, ўртада низо келиб чиқади. Халқимизда бир нақл бор: “Ҳазил ҳазил, ҳазилнинг таги зил”.  Шундай экан биз умматга,  Пайғамбар ﷺнинг амалларидан ўрнак олмоғимиз, уларни кунлик дастуримизга киритмоғимиз ва бошқаларни шу ишларга чақирмоғимиз лозим бўлади.

 

Нўмонов Муҳаммадюсуф

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқувчиси